1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Муқаллид иймони ҳақидаги баҳслар

17:24 / 27.03.2017 2800 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кимгадир бирор нарсани тақиш ёки нимагадир бирор нарсани осиб қўйишга нисбатан араб тилида “қоллада” феъли ишлатилади. Шу маънода муқаллид (тақлид қилувчи) тақлид қилинганнинг сўзини гўё ўзининг бўйнига тақиб олаётгандек бўлгани учун унга муқаллид дейилади. Ақоид уламолари тақлид қилишга шундай таъриф берганлар: 

“Маъсум зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзганинг сўзини далилсиз қабул қилиб олиш тақлид, дейилади”. 

Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ақидада, амалда ва умуман барча ишларда эргашиш тақлид бўлмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига далил сўралмайди, балки у зотнинг сўзлари, қилган ишлари ва “тақрир” (бирор ишни қарор топтириш)лари мусулмон киши қабул қилиши шарт бўлган далил ҳужжат ҳисобланади. Зеро, у зотга итоат қилиш Аллоҳга итоат қилиш бўлади.

Демак, умрида Ислом ҳақида умуман эшитмаган кимсанинг олдида Аллоҳ таолога иймон келтириш лозимлиги айтилиб, шаҳодат калимаси ўргатилса, у ҳам айтувчига тақлид қилиб мазкур калимани қайтарса, шу айтганларининг ўзи билан мўмин ҳисобланадими ёки ҳисобланмайдими? Мана шу масала уламолар ўртасида ихтилоф қилинган. 

Уламолар муқаллид деганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа кишининг сўзини далилсиз қабул қилувчи киши тушунилишига иттифоқ қилганлар. Аммо далилсиз қабул қилувчи деганда ким тушунилиши тўғрисида икки хил қараш айтилган:

1. Одамлардан узоқ олис тоғ чўққиларида яшовчи билан одамлар орасида яшовчи орасида фарқ йўқ, барча инсонлар муқаллид бўлишлари мумкин;

2. Одамлардан узоқ олис тоғ чўққиларида яшовчи  иймону Ислом ҳақида умуман эшитмаган кишигина муқаллид бўлади. Одамлар орасида яшовчилар эса барчалари фикр юритувчи ва далил изловчи кишилар бўлади.   

Мана шу иккинчи қараш Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳаби ҳисобланади. 

Муқаллидларни ҳам уламолар икки қисмга ажратганлар:

1. Ўзганинг сўзини қабул қилиб, бу сўзда қатъи турувчи. Яъни унга бу гапни айтган киши ўша гапидан қайтса ҳам, қайтмасдан тура оладиган киши; 

2.   Ўзганинг сўзини қабул қилган, аммо бу сўзда қатъи жазм қилмаган киши. Яъни унга бу гапни айтган киши ўша гапидан қайтса, бу ҳам, албатта, қайтадиган киши.  

Муқаллиднинг иймони эътиборли экани ҳақидаги баҳс биринчи қисмга тегишлидир. Иккинчи қисмнинг эса иймони эътиборли эмаслиги билиттифоқдир. Чунки шак ва тараддуд асло иймон ҳисобланмайди.      

Муқаллиднинг иймонини эътиборсиз ҳисоблайдиганлар қуйидаги маънодаги сўзларни айтадилар: Диннинг асосида тақлид қилиш жоиз бўлмайди. Чунки бизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишга буюрилганмиз, у зот эса диннинг асосини билишга буюрилганлар:

“Бас, (эй Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг” .   

Ҳар бир мўмин банда диннинг асоси бўлган эътиқод масалаларини билиши лозим. Эътиқод масалаларида ихтилоф кам бўлгани эътиборидан уларнинг асосийларини билиб олиш қийин ҳам эмас. Қолаверса, ҳар бир соғлом табиатли кишининг табиий сезгисида ҳам бу нарса мавжуд. Бунга қуйидаги ривоят далил бўла олади: “Бир аъробий кишидан Аллоҳ таолонинг борлигига далил сўралди. Шунда у: “Бир дона қил катта туяга далолат қилади, қайси бир тезак эшакларга далолат қилади, қадамларнинг излари ўша ердан ўтган кимсага далолат қилади, шундай экан, юлдузларга тўла осмон, далаю яйловларга тўла ер, тўлқинланиб турувчи денгизлар барча нарсаларни Билгувчи, ҳамма нарсага қодир Зотга далолат қилмайдими”, – дея жавоб берди” .  

Муқаллид иймонининг эътибори йўқ дейдиганлар ушбу каби далилларни келтиришиб, модомики, тақлид қилувчи Аллоҳни танимас экан, У ҳақида тафаккур қилмас экан, иймони эътиборли ҳисобланмайди, дейдилар. 

Муқаллиднинг иймони эътиборлидир, дейдиганлар кўплаб ҳам ақлий, ҳам нақлий далилларни келтирганлар.   Хулосалари шуки, иймон бу мутлақо “рост деб билиш”, “тасдиқ қилиш” каби маъноларни англатади, шу маънода бировга бир хабар берилса-ю, у ўша хабарни қабул қилса, шу хабар тўғрисида унинг мутлақо билими бўлмаса-да, “рост деб билди”, “тасдиқлади” дейилади-ку. Ана шу маънода бир кишига иймонни юзага чиқарувчи калима айтилган пайтда уни тасдиқласа, у мўмин бандага айланади ва Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига ваъда қилган нарсаларига ҳақдор бўлиб қолади. Яъни билиш билан тасдиқлаш бошқа-бошқа нарсалардир. Масалан, аҳли китоблар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни,  аслида, ўз болаларидан ҳам кўра яхшироқ таниганлари, аммо у зотни тасдиқламаганлари Қуръони каримда баён қилинган:

“Биз китоб берган ўша (золим кимса)лар уни (Муҳаммадни) худди ўз 

фарзандларини танигандек танийдилар”  .   

 Шу маънода биров шаҳодат калимасини айтса, агар олам ва унинг Буюк Яратувчиси тўғрисида мутлақо тафаккур қилиб кўрмаган бўлса-да, унинг иймони эътиборли ҳисобланади. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғиз шаҳодат калимасини айтган аъробийларни ҳам мўминликка ҳукм қилганлар. Бу эса уларнинг иймонлари зоҳиран эътиборга олинишига ва қалбларининг қандай экани Аллоҳга ҳавола қилинишига далолат қилади.   

 Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин! 


Абдулқодир Абдур Раҳим


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуни Мисрга волий қилиб жўнатаётганларида у кишидан Агар ўғри олдингга келса, уни нима қиласанrdquo деб давоми...

3534 16:41 / 27.03.2017
Муоз ибн Анас алЖуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар Ким янги кийим кийганда Алҳамдулиллаҳиллазий давоми...

2359 10:19 / 27.03.2017
Бугунги кунда инсонни ақлини оладиган, унинг хотирасини заифлаштирадиган, турли касалликлар асаб касаллиги, ошқозон, ўпка касаллиги, нафас йўлини сиқувчи, фикр ва давоми...

4848 19:51 / 22.04.2017
Бошқа ҳеч бир пайғамбарга берилмаган беш хислат фақат Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога соллаллоҳу алайҳи ва саллам берилган ва бу ҳол у Зоти муборакнинг давоми...

4917 09:35 / 22.03.2017