1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Ичингизда Аллоҳнинг расули бор

17:20 / 27.03.2017 2407 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Ҳужурот сурасида шундай марҳамат қилади:

«Билингларки, ичингизда Аллоҳнинг Расули бордир» (7­оят).

Ушбу ояти карима одатда саҳобалар жамоасига хитоб ўлароқ тушунилади. Ҳа, бу оятда аввало Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик пайтлари, саҳобалар орасида юрган даврлари назарда тутилган. Шу билан бирга, маънавий жиҳатдан бу хитоб то қиёматга қадар ўз маъносини йўқотмайди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жисман орамизда бўлмасалар­да, маънан биз билан биргалар. «Қандай қилиб?» дейсизми? У зот келтирган рисолатлари билан орамизда яшамоқдалар. Зеро, у зотнинг пайғамбарликлари жисмларида эмас, келтирган рисолатларида ўз ифодасини топган. Бу рисолатнинг қиёматга қадар барҳаётлиги эса Роббулоламин тарафидан кафолатлангандир. 

Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида шундай марҳамат қилади:

«Албатта, Зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Ўзимиз муҳофаза қиламиз» (9­оят).

Кўпчилик оятдаги «зикр»ни Қуръони Карим деб тафсир қилади. Бу ҳам тўғри, албатта. Аммо бу ерда «Қуръон» дейилмай, «зикр» (эслатма) сўзи қўлланишида янада кенгроқ маъно бор. Муфассир уламоларимиз айтадиларки, ушбу оятда «зикр» сўзи Қуръонни ҳам, Суннатни ҳам ўз ичига олади. Қуръоннинг сақланиши лафз ва маъноси билан, Суннатнинг муҳофазаси эса унинг маъно­мазмуни сақланишида ифода топади. Зеро, Суннат ҳам маъноси жиҳатидан ваҳийдир, у ҳам эслатмадир, Исломнинг бир қисмидир, бинобарин, диннинг барҳаётлиги учун унинг ҳам муҳофазаси лозимдир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз васияталарида: «Сизларга икки нарсани қолдириб кетмоқдаман. Модомики уларни маҳкам тутар экансиз, ҳаргиз адашмассиз. Булар – Қуръон ва менинг Суннатимдир», деб, ушбу икки илоҳий манбани биргаликда келтирганлар. 

Мазкур илоҳий кафолат воқеликда ўз тасдиғини топди. Қуръони Каримнинг ҳар бир сўзи мутавотир даражада нақл қилиниб, бугунгача ҳеч бир ўзгаришсиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларида қандай тиловат қилинган бўлса, худди шундай янграмоқда. Суннат ҳам мазмунан софлигича сақланиб келмоқда. Бунинг учун Аллоҳ Ўзи сайлаган бандаларини ўша илоҳий ироданинг ижроси учун камарбаста қилиб қўйди. Уламоларимиз, қориларимиз, муҳаддисларимиз бу икки манбани кўз қорачиғидек асраб-авайлаб, бизгача соф ҳолида етиб келишида беминнат ва бемисл хизмат қилиб келдилар ва келмоқдалар. Қуръон ҳам, Суннат ҳам ўша саодат асридагидек, саҳобаларнинг таъбири билан айтганда, «янги узилган мевадек тароватли» ҳолида қўлимизда турибди. Бунга шак­шубҳа йўқ. Бу ҳам бўлса, Ислом умматининг бахти ва фахридир, шу билан бирга, бу улкан масъулият ҳамдир. 

Аллоҳ Қуръон ва Суннатнинг муҳофазасини таъминлаш билан аввало Ислом уммати зиммасида, қолаверса, бутун инсоният узра ҳужжат қоим қилишни ирода этади. Ушбу ўзгармас илоҳий Калом – Қуръони Каримнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чин пайғамбар эканини тасдиқловчи мўъжиза қилиб берилиши ҳам ушбу ҳужжатни қувватловчи омил ҳисобланади. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маънан барҳаётликларини таъминлайди. Ушбу илоҳий манбаларнинг бошқа тилларга ҳам таржима қилиниши эса бу илоҳий рисолатнинг оламийлигини рўёбга чиқаришга хизмат қилади. Шу эътибордан бугунги кунда юртимизда диний манбаларни таржима ва шарҳ қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар катта аҳамиятга эгадир.

Бугунги воқеликка назар солинса, Қуръон ва ҳадисни таржима қилиш диний зарурат, ҳаётий эҳтиёж экани ҳар бир оқил учун кундек равшан бўлади. Айримлар ўйлагандек, Қуръон ва ҳадислар таржима қилиб бўлмайдиган, ноаниқ матнлар эмас, чунки Қуръон ҳам, Суннат ҳам инсонлар тушуна оладиган тилда ворид бўлган. Шунинг учун Аллоҳ таоло бир қанча оятларда Қуръонни «Китабун мубийн» – «Равшан, очиқ­ойдин китоб» деб таърифлайди. Уни одамлар тушунмайдиган тилсим қилиб нозил қилиш эса мантиқсиз иш бўлур эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ҳам сермазмун бўлиш билан бирга, содда, халқчил, деҳқон ҳам, чўпон ҳам, олим ҳам тушуна оладиган тилда эди. Бу икки манбадан шаръий ҳукм олишда ижтиҳод даражасидаги тахассус талаб этилиши эса бошқа масала. Шу билан бирга, бу муаммо ҳам таржима ва тафсир қилишда буюк мужтаҳидларимиз берган хулосаларни баён қилиш билан ҳал бўлади. Бошқа гапларга ҳожат йўқ. Ҳозирда хусусан бизда нашр этилаётган диний адабиётларда мазкур талаб жуда яхши йўлга қўйилгани қувонарли ҳолдир.

Таржима ўзи нима? Таржима – бир тилдаги маънони бошқа тилда ифодалашдир. Қуръони Карим оятларининг маъносини ҳамда ҳадисларни таржима қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидан бошланган. Оят­ҳадисларнинг биринчи таржимонлари саҳобалар бўлишган. Ислом динининг бутун инсониятга тегишлилиги шуни тақозо қилган. Бугунги кунда бу эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам ёрқинроқ намоён бўлмоқда. Бунга фаразий мисол ҳам келтириш мумкин.

Тасаввур қилинг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлар. Муборак масжидларида одамларни қабул қилмоқдалар. Атроф­жавонибдан мўмин­мусулмонлар у зотни зиёрат қилиб, суҳбатларидан баҳраманд бўлишмоқда. Сиз нима қиласиз? «Яхши, у зотга мендан ҳам салом айтиб қўйинглар», деб ўтираверасизми ёки ҳузурларига ошиқасизми? Ҳа, у зот томон интиқасиз, чунки қалбида у зот алайҳиссаломга заррача муҳаббати бор одам шундай қилиши аниқ. Сиз ҳам иймонингиз ва муҳаббатингиз тақозоси билан Мадина шаҳрига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириб бордингиз. У зотнинг муборак тилларида янграётган Қуръон оятлари ва сермазмун ҳадислари қулоғингизча чалиниб турибди. Аммо оятлар ҳам, ҳадислар ҳам араб тилида экан, сиз эса ҳеч нимани тушунмаяпсиз. Уларда икки дунё саодатини кафолатловчи маънолар мужассамлигини билиб турибсиз, аммо тушуна олмаяпсиз. Бунинг устига, айтилаётган сўзлар илоҳий йўл-йўриқлар, кўрсатмалар бўлиб, сизга ҳам тегишли экани таъкидланмоқда. Нима қиласиз? Индамай ўтириб­ўтириб, қайтаверасизми ёки айтилаётган гапларнинг маъносини тушунтириб берадиган киши излайсизми? Ҳа, ўлманг... Дарров ўнга­чапга қараб, ўзингизга ёрдам берадиган одам қидирасиз, чунки Аллоҳнинг Расули сизга сўзламоқдалар. Қарасангиз, ёнингизда Қуръон ва Суннат тилини тушунадиган бир ўзбек қардошингиз ўтирибди. У бу ерда янграётган илоҳий ўгитларни тушунмоқда. Сиз шунда нима қиласиз? Гунг бўлиб ўтираверасизми ёки ундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима деяётганларини айтиб беришини илтимос қиласизми? Ҳа, беихтиёр сиз шу илтимосни қилишингиз аниқ. Шунда у сизга у зот алайҳиссаломнинг гапларини баҳолиқудрат таржима қилиб, изоҳлаб беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини тушуниб, қалбингиз илоҳий нурга тўлади, динингизни анча­мунча англаб оласиз. Кўзда ёш билан Аллоҳга ҳамдлар айтасиз ва бояги қардошингизга ташаккурлар изҳор этасиз. Бугунги кунда Қуръон ва ҳадисни таржима қилиш ҳам худди шунинг ўзгинасидир. 

Уламолар имом Термизийнинг «Сунан»лари ҳақида: «Кимнинг уйида шу китоб бўлса, у уйда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзлаб тургандекдир», дейишади. Аслида бу гапни барча саҳиҳ ҳадис тўпламлари ва уларнинг таржималари ҳақида ҳам айтиш мумкин.

Китоб  расталарида ҳадис асарларини кўрганда беэътибор бўлманг! Чунки у ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзламоқдалар! Уйингиздаги китоб жавонда, мисол учун, «Ҳадис ва Ҳаёт», «Олтин силсила», «Риёзус­солиҳин» китоблари турибди. Уларнинг олдидан бепарво ўтиб кетаверманг, уларни қўлга олиб, ўқишга ҳаракат қилинг, чунки у ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзламоқдалар! Масжидга кирсангиз, ҳадис асарлари териб қўйилибди, фурсатни ғанимат билинг: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларига ошиқинг! Кимдир ҳадис китобларидан сўзлаётган бўлса, дарҳол қулоқ тутиб, уни дилдан тингланг! Чунки унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари янграмоқда! Бу китоблар аслида имом Бухорий, имом Муслим ёки бошқа уламоларнинг ижоди эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асарларидир, илоҳий йўриқлардир. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу асарлари билан орамизда барҳаётдирлар.

Бир ҳадиси шарифда «Ким Робби билан сўзлашишни истаса, Қуръон ўқисин!» дейилади (Дайламий ривояти). Дарҳақиқат, бирор асарни ўқиган киши унинг муаллифи билан гаплашгандек бўлади. Шунга кўра айтиш мумкинки, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сўзлашишни истайсизми? Марҳмат, ҳадис ўқинг!» 

Саҳобларга ҳавас қиламиз, «Қандай бахтли инсонлар­а! Аллоҳ суйган одамлар экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида бўлишган», деймиз. Тўғри, саҳобалик улуғ мақом, энди саҳоба бўлишнинг иложи йўқ, аммо сизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлиш имконияти бор. «Қандай қилиб?» дейсизми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўқиб. Ҳа, у зотнинг ҳадисларини ўқиган киши у зот билан суҳбатлашган бўлади. 

Ҳар куни ошна­оғайнилар, ҳамкасблар билан учрашиб, улар билан гаплашасиз. Яна кимларнингдир суҳбатига интиласиз. Ака­ука, қариндош­уруғ, қўни­қўшни, меҳмон­измонлар билан гурунглашасиз. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларига бир дам қулоқ тутишга вақт топа олмайсиз: кунлар, ойлар ўтади, китоб токчасидаги ҳадис китобларингизнинг қати бузилмайди. 

Бугунги кунда жаҳон халқлари қатори бизда ҳам диний­маърифий адабиётга қизиқиш ортган. Диний адабиётларни нашр қилишга бўлган эътибор ва имкониятлар шарофатидан муқаддас динимизнинг асл манбаларини, улуғ аждодларимизнинг улкан маънавий меросини ўрганишга муяссар бўлиб турибмиз. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, халқимизнинг китоб токчалари аста­секин ана шундай дурдона асарлар билан тўлиб бормоқда. Уйларни китоблар билан безаш анча оммалашиб қолди. Бироқ, кўпинча асарлар шу безаклигича қолиб кетаётгани кузатилмоқда. Бир­биридан қимматли, гўзал китобларни териб, тахлаб қўйяпмиз, ҳар гал уларга кўзимиз тушганда кўзларимиз қувнаб, бир «семириб» оламиз, аммо асл мақсадга – уларни ўқиб, фарзандларга ўргатишга келганда оқсаб қолаётгандекмиз. 

Собиқ иттифоқ пайтида саноқлигина, асосан, аҳли илм хонадонлардагина диний адабиётлар топиларди, шунда ҳам, уларнинг сони нари борса беш­олтита бўларди. Улар ҳам кўпинча енгил рисола ёки қиссалардан иборат бўларди. Ўшани ҳам боболармиз, момоларимиз кўз қорачиғидек авайлаб, духоба жилдларда асраб, бировнинг қўлига бермай, ўзи ўқиб, фарзандларига ўқитар эди. Халқимиз диний илмга зор, ташна бўлиб, ўзини ҳар қаёққа уришга мажбур бўлиб қолган эди. Юртимиз мустақилликка эришгач, бу борада яқин тарихимизда кузатилмаган ажойиб ишлар амалга оширилмоқда. Бу жуда ҳам улкан неъмат, унинг шукрини қилиш, қадрига етиш лозим. Бу эса улардан унумли фойдаланиш билан тугал рўёбга чиқади. 

Саҳобаи киромлар ва салафи солиҳларимизнинг улуғлиги, саодати шунда эдики, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган бирор сўз ё амалга бефарқ бўлмаганлар, ҳар бирини бемисл қунт билан ўрганиб борганлар. Умар розияллоҳу анҳу оят­ҳадисларни бехабар ўтказиб юбормайин деб, бир ансорий қўшиниси билан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлишга бир кундан навбат қилиб олган эди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу каби айрим саҳобалар қорни тўяр-тўймас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига шошарди. Уқба ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан биргина шаръий ҳукмни аниқлаш учун Маккадан Мадинага сафар қилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан чиққан ҳар бир сўз яшин тезлигида Мадинадаги ҳар бир мусулмон хонадонига кириб борар ва шу ондан ўз таъсирини кўрсатар эди. Саҳобалар ўз ҳаётларидаги ҳар бир каттаю­кичик масалада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан маслаҳат сўрар, аввал шу ишнинг шаръий ҳукмини аниқлаб олиб, кейин шунга кўра ҳаракатга тушишар эди. Зеро, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир сўзлари илоҳий ваҳий билан йўғрилганини, у зотнинг оғизларидан чиқаётган ҳар бир ҳадис самовий асосга эга эканини чуқур англаган, бу ҳақиқатни чин юракдан туйган эдилар. Улар «Билингларки, ичингизда Аллоҳнинг Расули бордир» деган илоҳий хитобни уйғоқ қалб билан қабул қилган, бутун вужудлари билан ҳис этган эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин ҳам саҳобаи киромларнинг ҳадис ўрганишга бўлган иштиёқлари сусайгани йўқ. Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу, Жобир розияллоҳу анҳу каби зотлар Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан биргина ҳадисни ўрганиш учун Мадинадан Мисрга келишар эди. Бу анъана кейинги мусулмон авлодларида ҳам намунали даражада давом этди.

Шуъба раҳматуллоҳи алайҳи бир куни Куфада ҳадис айта туриб, ўзидан ҳадис ўрганаётган кишига: «Мен буни сенга шундоққина айтиб бермоқдаман. Аммо одамлар бундан оз нарса учун ҳам Мадинага сафар қилишар эди», деган эди. Саъид ибн Мусайяб ҳам: «Мен бир ҳадис учун бир неча кеча­кундузлик масофага сафар қилар эдим», деган эди. 

Имом Бухорий, имом Муслим, имом Термизий каби муҳаддисларимиз бутун умрларини ҳадис жамлашга ва уларни саралашга бағишладилар. Уларнинг меҳнатлари, илмий ҳаракатларининг самараси ўлароқ бизлар орадан салкам бир ярим минг йил ўтишига қарамай, ҳадиси шарифларни асл ҳолида ўрганишга муваффақ бўлиб турибмиз. Гўё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимизда барҳаётдирлар. Буларнинг барчаси, юқорида таъкидланганидек, илоҳий неъмат ва Аллоҳнинг устимиздаги ҳужжатидир. 

Ҳадисларни ўрганиш ҳар бир мусулмонга фарз бўлиш билан бирга, кўплаб манфаатлар гаровидир. Ҳадис ўрганган киши жумладан қуйидаги ютуқларга эга бўлади:

1.    Юқорида айтилганидек, бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан суҳбатлашгандек бўлади. 

2.    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замоналарига, асри саодатга сайр қилади. У зот алайҳиссалом ва саҳобалар билан яқиндан танишади. 

3.    Иймони зиёда бўлиб, мустаҳкамланади, Аллоҳ ва Расулига муҳаббати ортади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари, таълимотларини ўрганган сари ҳар қандай инсофли ва ақлли одам у зотга иймон келтиришга мажбур бўлади, буюкликлари олдида тиз чўкади ва у зотни севиб қолади.

4.    Ислом динининг тараққиёт босқичларини, биринчи мусулмон авлоднинг ҳаётини ўрганади. Исломнинг асл суратини кўз ўнгида гавдалантира олади.

5.    Фиқҳий ҳукм ва хилофларни осон англайдиган бўлади ҳамда фиқҳий мазҳабларнинг заруратини чуқарроқ англаб етади. Баъзи кишилар ҳадисларни ўрганиш бемазҳабликни келтириб чиқаради, деб ўйлаб қолган. Бунга ҳадисни суиистеъмол қилганлар ҳам сабаб бўлган. Аслида эса ҳадисларни тўғри равишда ўрганиш мазҳабнинг аҳамиятини теран англашга ёрдам беради ва мазҳабдаги фатволарнинг асл чашмасини топиб, шу асосда амал қилишга йўллаш орқали ўзгача руҳий ҳаловат, иймоний қувват бахш этади. 

Шу ўринда бир гапни таъкидлаш жоиз. Ҳадислар ичида оддий ўқувчи шаръий ҳукм олиши эҳтимоли бор бўлган ҳадислар жуда ҳам кам. Улардан фиқҳий мазҳаблар турлича қабул қилганлари унданда кам, саноқлигина. Аксар ҳадислар эса барча мужтаҳидлар бир хил тушунган, ақида, ахлоқ ва бошқа мавзуларда бўлиб, фиқҳий мазҳабларнинг уларга деярли алоқаси йўқ. Энди бояги саноқлигина ҳадисларни рўкач қилиб, ҳадисни фиқҳга қарама­қарши қўйиш эса жуда ҳам оғир хатодир. Бу аслида оддий ҳақиқат. Зеро, буюк мужтаҳидлар даврларида ҳам, кейинги асрларда ҳам ҳадис билан фиқҳ илми ёнма­ён олиб борилган ва ҳозир ҳам кўп жойларда шундай. Мана шу энг тўғри йўл. Зотан, ҳадисларсиз Исломни тасаввур қилиб бўлмайди, фиқҳсиз эса айрим ҳадисларни тўғри, атрофлича тушуниш имкони йўқ.

6.    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлаш услубларини, лаҳжаларини, тутумларини билиш орқали у зотга ёлғондан нисбат берилган сўз ва хабарларни осон ажратадиган бўлади. 

Киши бировнинг гапини тинглаган сари, уни таниган сари у ҳақдаги тасаввури бойиб, керакли хулосаларни чиқариб боради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганган сари у зотни яхшироқ таниб борилади, у зотнинг сўзлаш услублари ва тасарруфлари ҳам таниш бўлиб қолади, натижада кишида мавзуъ – тўқима ҳадисларни фарқлаш, соф Исломни англаш малакаси ортиб боради.

Ҳадис илми тарихини ўрганар эканмиз, асрлар оша гуллаб­яшнаб келган бу илм сўнги асрларда бутун Ислом оламида турғун бўлиб қолиб, таназзулга юз тутганига гувоҳ бўламиз. Айни шу даврлардан бошлаб мусулмонлар ҳар тарафлама таназзулга кетганлар. Охир оқибат деярли барча Ислом юртлари бошқаларнинг мустамлакасига айланди. Бу тарихий ҳақиқат, тан олишга мажбурмиз. Ўтган асрнинг ўрталарига келибгина ҳадис илми қайта жонланди ва мусулон умматининг яна тараққиёт сари юксалишида асосий ўринни эгаллаб келмоқда.

Қуръон ва Суннатни ўрганиш, уларнинг илмий таржималарини ўқиш Исломни ўрганишдир, динни тўғри англаш гаровидир. Бу икки илоҳий манба Ислом динининг асл сарчашмаларидир, улардан бебаҳралик соф исломий билимдан маҳрумликдир.

Хулоса қилиб айтганда, ҳадисларни ўрганиш илм­маърифатни оширади, дунёқарашни кенгайтиради. Диний маърифат зиёда бўлган сари турли ихтилофлар, келишмовчиликлар барҳам топиб бораверади, тушунмовчиликлар бартараф бўлади. Шунинг учун ҳам улуғ уламоларимиз, муҳаддис имомларимиз ҳадисларни жамлашга, уларни чуқур ўрганиб, бошқаларга ҳам ўргатишга, келгуси авлодларга соф ҳолида етказишга катта аҳамият берганлар. Шунинг учун ҳам улар бутун умрларини шу хизматга бағишлаб, юрт кезиб, денгиз ошиб, илоҳий армуғон бўлмиш ҳадисларни жамлаб, саралаб, бутун Ислом уммати учун тайёр қўлланма қилиб қолдириб кетганлар. Уларнинг ана шундай бемисл меҳнатлари эвазига вужудга келган бу нодир асарларни ўрганмаслик уларнинг хизматларини писанда қилмаслик ҳам бўлади. Улар ҳамма ишни қойиллатиб охирига етказиб қўйишган. Биздан талаб қилинадиган нарса – ўша асарларни қунт билан ўрганиб, уларга ихлос билан амал қилиб боришдир. Аллоҳ таолодан бу йўлда бизга Ўзи мададкор бўлишини сўраймиз.


Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

01.02.2016


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
жумҳур кўпчилик уламолар наздида1 Мустақил мужтаҳидrdquo . Бу мужтаҳидда ижтиҳод шартлари мукаммал бўлиб, ўзи учун мустақил равишда усулул фиқҳ фиқҳий қоидаларни давоми...

3239 10:15 / 24.03.2017
...Бу соҳада Расулуллоҳ с.а.в. энг яхши эргашилувчи намунадирлар. У зот бошларига учоқ чавақ ташлаб юборилди, оёқлари қонатилди, юзлари ёриб юборилди, дараларига давоми...

4627 09:11 / 17.03.2017
Илоҳи, қаламимға ҳамдинг рақамиға машғуллук берВа рақамимға халойиқ кўнглиға мақбуллуқ бер.Алишер НавоийИнсонга сўз неъматини иноят этган, Ўзининг Сўзи ила давоми...

2638 21:31 / 21.04.2017
Мотуридия мазҳабининг шаклланиб ривожланишида ҳам, тараққий этишида ҳам Мовароуннаҳр уламоларининг хусусан Ўзбекистон олимларининг алоҳида ўринлари борлиги давоми...

3026 21:10 / 21.04.2017