1445 йил 9 зулқаъда | 2024 йил 17 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳасаддан сақланайлик!

13:30 / 02.05.2019 2989 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳасад динимизда қаттиқ қораланган иллатлардан биридир. 

Ҳасад – бировдаги неъматнинг ундан кетиб, ўзига келишини хоҳлашдир. Бу неъмат хоҳ дунёвий бўлсин, хоҳ диний бўлсин, фарқи йўқ. Бошқача қилиб айтганда, ҳасад бировнинг ютуғини, муваффақиятини кўролмаслик, ичиқораликдир. Ҳасад динни бузадиган, мўминга азият берадиган салбий иллатдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда ҳасадгўйларни ёмонлаб шундай деган: “Ёки (улар) Аллоҳ Ўз фазлидан берган неъматлари учун одамларга ҳасад қилишадими?” (Нисо, 54). 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бир ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилганлар: “Ҳасаддан сақланинглар! Чунки, олов ўтинни еганидек, ҳасад ҳам яхшиликларни еб битиради”. 

Ҳасад шу қадар ёмон иллат бўлганидан Аллоҳ таоло ундан паноҳ тилашга буюриб шундай деган: “(Эй, Муҳаммад!) Айтинг: “Паноҳ тилаб илтижо қилурман тонг Парвардигорига, яратган нарсалари ёвузлигидан, зулматга чўмган тун ёвузлигидан, тугунчаларга дам солувчи аёллар ёвузлигидан ҳамда ҳасадчининг ҳасади ёвузлигидан” (Фалақ сураси). 

Ҳасад Аллоҳ таолонинг берган тақсимотига рози бўлмаслик аломатидир. Чунки, ҳасадгўй “Оҳ, қанийди фалончининг молу давлати, обрў иззати унда эмас, менда бўлганда, роҳат-фароғатда яшар эдим” қабилидаги хомхаёлларни қилади. Албатта, бу каби сўзлар Аллоҳнинг берган ризқига қаноатсизлик белгиси ҳисобланади. Ҳолбуки, Аллоҳ бир неъматни бировга бекордан-бекорга бермайди. Бунинг сир ва ҳикмати Ўзигагина аёндир. 

Банда ҳасад қилгани билан ўша неъматни йўқ ҳам, ёрдам қилгани билан бор ҳам қила олмайди. Шунинг учун ҳам ҳасадгўй доимо умидсизлик ва ҳасрат доғида эзилиб юради. Қанча мол-дунёга эга бўлмасин, қалбидаги ҳасад иллати борлиги учун ўша молидан фойдаланиб, роҳат фароғатда яшай олмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин одам ҳавас қилади, мунофиқ одам эса ҳасад қилади” деганлар. 

Ҳазрати Али розиялоҳу анҳу шундай деганлар: “Ҳасад ҳасадгўйнинг адоватидан, кибр ва бадбахтлигидан келиб чиқадиган ёмон иллатдир. Шунинг учун ҳасад қилувчи доимо руҳий азобда яшайди. Бир кишининг муваффақиятини кўргани ҳамон ҳасад оловида ёнади. Ҳасадгўйга бундан ҳам қаттиқ жазо бўладими?!” 

Биз юқорида айтдикки, агар бировдаги неъмат ундан кетиб, ўзига келишини истаса, бу ҳасад бўлади. Ушбу ҳасад ҳар қандай ҳолатда ҳам қаттиқ қораланган, қайтарилган иллат, уни қилиш эса оғир гуноҳдир. 

Агар бировдаги неъмат ундан кетишини истамай, ўзида ҳам ўшандай неъмат бўлишини хоҳлаш ҳавас дейилади. Бу нарсадан эса қайтарилмаган, аксинча, мақталган. 

Албатта, ҳасад ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Унинг ўзига хос сабаблари бўлади. Ўша сабабларга қуйидагиларни киритишимиз мумкин: 

-    Адоват; 

-    Кибр; 

-    Ужб; 

-    Мансабпарастлик; 

-    Нафснинг нопоклиги; 

-    Бахиллик; 

-    Ғийбат; 

-    Бўҳтон. 

Баъзи донишмандлар айтишган: “Ҳасадгўй ҳеч қачон мақталмайди, балки, фақат ёмонланади, пасткаш деб билинади, фаришталар томонидан уларга фақат лаънат ва ғазаб бўлади, ёлғиз ўзи ўтирганда доим безовта ва ғамгин бўлади, бошига қийинчилик тушганда уни қаттиқ қўрқув қамраб олади, дўзахда эса даҳшатли азоблар, қайноқ ҳарорат ва ёнишга мубтало бўлади”. 

Азизлар, келинглар, ҳасадгўйларнинг ҳасадларига сабрли бўлайлик! Чунки, бизнинг сабримизнинг ўзи ҳам уларни жуда қийин аҳволга тушишларига етиб ортади. Олов ўзига агар ёндирадиган бирор нарса тополмаса, ўзини ўзи ёндиради. Тилларимизни сақлайлик, ҳасадгўйларга ҳеч нарса демайлик! Чунки, ҳамма бало тилдан бошланади.  

Аллоҳ таоло барчамизни ҳасад иллатидан ва ҳасадгўйларнинг ёмонлигидан асрасин. Омин! 

Таржимон
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг бошига Ибн Мулжим томонидан қилич билан зарба берилди. Али розияллоҳу анҳу ҳушларига келгач .Мени урган одамни нима давоми...

3361 07:40 / 04.04.2019
Одамлар бир уммат эдилар. Бас, Аллоҳ хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб набийларни юборди ва уларга одамлар ўртасида улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳукм давоми...

4368 20:00 / 30.05.2019
Олимлар ҳар бир инсонда бошқаларда учрамайдиган овоз бўлишини айтадилар. Шу боис ҳам махфий сўз ўрнига овоздан фойдаланиш мумкин. Ҳар бир инсоннинг овози ўзига давоми...

1372 17:00 / 26.11.2020
Бир одамга катта мерос қолганди. Бироқ .осон келган, осон кетар,, деганларидек, тадбир билан сарфламади, қисқа пайтда бутун бошли меросни тугатди. Қўлида нима бўлса, давоми...

3407 08:00 / 13.01.2019
Аудиолар

121492 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42985 14:35 / 11.08.2021