1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Намозга оҳиста юриб бориш керак

05:00 / 09.01.2017 3504 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 


«Биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқиётган эдик. У зот бирдан одамларнинг тапир-тупирини эшитиб қолдилар ва намозни ўқиб бўлиб:
«Сизга нима бўлди?» дедилар.
«Намозга шошилдик», дейишди.
«Ундоқ қилманглар. Қачон намозга келсангиз, ўзингизга оҳисталикни лозим тутинглар. Етганингизни ўқиб, ўтганини тўлатиб ўқинглар», дедилар
».

Учовлари ривоят қилишган.


Шарҳ: Намоз Аллоҳ таоло билан мулоқот, муножот экани ҳаммага маълум. Жамоат намозига келаётган одам уйидан масжидга қараб биринчи қадамни босишидан намозда турган ҳисобланади. 

Демак, у намоз одобини сақлаши керак. Шошилиб, апил-тапил, номуносиб ҳаракатлар қилиш намоз одобларига тўғри келмайди. Асли ундоқ одам оҳисталик билан шошилмай, ўзини виқор ила тутиб ҳаракат қилмоғи лозим. Намозни етган жойидан жамоат билан ўқийди. Ўтган жойини эса ўзи ўқиб, тугаллаб олади.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Имом ўз қавмининг нима қилаётганини намозда ҳам мулоҳаза қилиб турмоғи кераклиги.

2. Қавм томонидан бирор нарса содир бўлганда сизга нима бўлди, деб сўраш кераклиги.

3. Қавм ҳам нима бўлганини очиқ айтиши лозимлиги.

4. Жамоат намозига оҳисталик билан келиш лозимлиги.

5. Намозни етган жойидан жамоат билан ўқиб, қолганини ўзи тамомлаш.


Бошқа бир ривоятда: 

«Қачон иқоматни эшитсангиз, ўзингизга оҳисталик ва виқорни лозим тутган ҳолингизда намозга боринг. Шошилманг. Бас, намозни етган жойингиздан ўқинг, ўтган жойини ўзингиз тамомланг», дейилган.
Яна бир ривоятда:
«Қачон намозга саф тортилса, бирортангиз унга югургилаб бормасин. Лекин ўзига оҳисталик ва виқорни лозим тутган ҳолида юриб борсин. Намозни етган жойидан ўқи. Сендан ўтганини қазо қил
», дейилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятларда биринчи ривоятдаги маъно бироз кенгроқ қилиб таъкидланмоқда. 

Ундаги оҳисталик шошмасдан ҳаракат қилмоқни ва беҳуда ҳаракат қилмасликни билдиради. Виқор эса кўринишдаги ҳолат бўлиб, иккала маъно бир-бирини тўлдириб келмоқда.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон намозга иқомат айтилса, мени кўрмагунингизча турманглар», дедилар
». 

Икки шайх ривоят қилишган. Термизий: 

«Мен чиққанимни кўрмагунингизча»ни зиёда қилган.

Шарҳ: Одатда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам иқомат айтилгач, ҳужраи саодатдан тўғри меҳробга қараб чиқар эдилар.

Бу ҳадисда баён қилинишича, қавм иқомат айтила бошлаши билан дарҳол намозга турмай имомга қараши лозим. Чунки иқомат айтилиши билан сафга турилса-ю, имом келмаса, жамоат кутиб қолади. 

Мазҳаб имомлари айнан қайси вақтда туриш афзал эканлиги ҳақида бироз фарқли фикрлар айтганлар. ҳаммаси ҳам бир-бирига жуда яқин. 

Абу ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи «ҳайя алал фалаҳ» айтилганда сафга туриш бошланади, деганлар. Фиқҳ китобларимизда бу масала батафсил баён қилинган.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Биз бетаҳоратлик деб таржима қилган ибора араб тилида .ҳадас, дейилади. Ҳадас сўзи бўлмаган нарсани тезтез янгиланиб пайдо бўлиб туришига айтилади. Одам таҳорат давоми...

4677 05:00 / 04.01.2017
Бир кекса аёлдан фарзандларининг салоҳияти, уларнинг муваффақиятлари ва отаоналарига кучли эҳтироми сабабини сўрашганда, шундай жавоб берган экан .Аллоҳнинг давоми...

5067 11:00 / 14.01.2023
Шарҳ .Таяммум, сўзи луғатда .қасд қилиш, маъносини билдиради.Шариатда эса .Аллоҳга қурбат ниятида покловчи тупроқ моддасини махсус сифат ила икки қўл ҳамда юзга давоми...

8709 05:00 / 04.01.2017
Бир йигит айтади .Отам олти ёш бўлганимда вафод этдилар. Отам раҳматлини масжидга бўлган меҳрлари ўзгача эди. Масжидни қуришни, таъмирлашни ва у ерда намоз ўқишни давоми...

3198 16:00 / 17.10.2021