1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳикматлар

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва новвой

05:00 / 11.03.2017 3659 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал сафарларидан бирида қоронғу тушгач, бир қишлоқда тўхтадилар. Тунаш учун масжиддан бошқа жой топа олмагач, у ерга кириб энди ётмоқчи бўлганларида, ўша атрофда айланиб юрган бир соқчи у кишини кўриб қолди ва масжиддан чиқариб юбормоқчи бўлди. Имом Аҳмад соқчига ҳар қанча тушунтирсалар ҳам, у тушунишни истамади. Охири Имом Аҳмад соқчига: “Ҳеч бўлмаса масжид остонасида ётай!” дедилар. Соқчи барибир у кишини масжидда қолишларига рухсат бермади. 

Имом Аҳмад жуда виқорли киши эдилар. У кишини кўрган одамни ҳайбатлари босар эди. Ўша маҳаллада нон сотиб юрадиган бир новвой у зотни узоқдан кўриб қолди. Қараса, ҳалиги соқчи имомни масжиддан судраб олиб чиқяпти. Дарҳол Имомнинг олдиларига бориб, ўз уйида тунашларини илтимос қилди. Имом Аҳмад новвой билан бирга унинг уйига кетдилар. Мезбон у кишини чиройли иззат-икром билан меҳмон қилди. 

Кейин новвой хамир қориш учун бир четга борди. У ҳар гал хамирни муштлаётганда истиғфор айтар, нонни зувала қилишда ҳам, уни тандирга ёпишда ва ундан узиб олишда ҳам истиғфорни тўхтатмас эди. Бу ҳолни кузатиб ўтирган Имом Аҳмад орадан узоқ вақт ўтгач, новвойдан кўп истиғфор айтишининг сабабини сўрадилар. Новвой ҳар бир ишда истиғфор айтишга одатланиб қолганини айтди. 

“Истиғфорнинг фойдасини кўрдингми?” деб сўрадилар Имом Аҳмад. 

Новвой: “Ҳа, Аллоҳга қасамки, нима деб дуо қилсам, барчаси ижобат бўлди. Фақат биргина дуойим ижобат бўлмади” деб жавоб берди. 

“Нима экан ўша дуойинг?” деб сўрадилар Имом. 

“Имом Аҳмад ибн Ҳанбални кўриш” деб жавоб берди новвой. 

Шунда Имом Аҳмад: “Мен Аҳмад ибн Ҳанбалман. Демак, Аллоҳ таоло сенинг дуойингни ижобат қилиши ва орзуйингни рўёбга чиқариши учун соқчи мени масжиддан судраб-судраб чиқарган экан-да!” дедилар. 


Нозимжон Ҳошимжон



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир инсоннинг ҳаётида шундай бир вазият содир бўладики, ундан кейин ҳаёт аввалги ҳолатига қайтмайди

2713 08:30 / 01.04.2018
Бир ҳаким зотдан .Қандай одамларни қадрлайсиз, деб сўрашди. У шундай деди .Ахлоқи олижаноб, суҳбати ғанимат, нияти соғлом, ажралиш кулфат бўлган одамларни. Бундай давоми...

1885 08:54 / 04.01.2019
Роббим Гуноҳларим қалбимни эзса, унинг кечирилишини мен учун осон қилиб, қалбимни шод айла

2782 08:00 / 06.02.2018
Қуръондан шуни таълим олдимки, ҳаёт ақллилар унда муваффақият топиб, тақводорлар ундан маҳрум бўлиб қоладиган аниқ арифметик ҳисоб китоблар амалиёти эмас давоми...

3703 16:39 / 07.08.2021