1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Қуръон уларнинг қалбларига етиб бормайди

19:00 / 16 апрель 359 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ

«Ва уни англамасликлари учун қалбларига пардалар ва қулоқларига оғирлик қилиб қўйдик. Қачон Қуръонда Роббингнинг ёлғиз Ўзини зикр қилсанг, улар ортларига ўгирилиб, қочурлар» (Исро сураси, 46-оят).

Яъни, «Охиратга иймон келтирмайдиган ўша мушриклар Қуръонни англамасликлари учун уларнинг қалбларига парда қилдик. Ўша парда туфайли Қуръон уларнинг қалбларига етиб бормайди. Қулоқларини ҳам оғир, эшитмайдиган қилиб қўйганмиз, улар Қуръонни ибрат қулоғи билан эшита олмайдилар».

«Қачон Қуръонда Роббингнинг ёлғиз Ўзини зикр қилсанг, улар ортларига ўгирилиб, қочурлар».

Улар Қуръон эшитиб, тавҳидга юрсалар, мансабларидан, жоҳилий обрў-эътиборларидан айрилиб қолишдан қўрқиб, ортга қараб қочадилар.

ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ

«Биз улар нима сабабдан тинглаётганларини, улар сени тинглаётганларида ўзаро пичирлашаётганларини, золимларнинг «Сизлар сеҳрланган кишига эргашяпсиз, холос», деганларини ҳам яхши билувчимиз» (Исро сураси, 47-оят).

Уларнинг нима учун Қуръон тинглаётганларини яхши биламиз. Улар Қуръондан манфаат олиш, ҳидоят топиш учун эмас, масхара қилиш, айб топиш учун эшитадилар.

«…улар сени тинглаётганларида ўзаро пичирлашаётганларини…» ҳам яхши биламиз.

Пичирлашишлари ҳам яхшилик учун эмас. Улар ёмонлик, куфр, ширк йўлида пичирлашадилар.

«…золимларнинг «Сизлар сеҳрланган кишига эргашяпсиз, холос», деганларини ҳам яхши билувчимиз».

Бу гапларининг ўзиёқ уларнинг Қуръондан таъсирланаётганларини билдириб турибди. Ўша таъсирни сезганларидан, нима дейишларини билмай, уни сеҳрга йўйишмоқда. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашган одамларга: «Сизлар сеҳрланган кишига эргашяпсиз, холос», – дейдилар. Демак, Муҳаммаднинг гапи оддий гап эмас, сеҳрланган одамнинг гапи, шунинг учун одамларга таъсир ўтказмоқда, демоқчи бўладилар.

ﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅ ﰆ ﰇ ﰈ ﰉ ﰊ

«Улар сенга қандай мисоллар келтирганларига назар сол! Бас, адашдилар. Энди йўл топа олмаслар» (Исро сураси, 48-оят).

Эй Пайғамбар, мушрикларнинг сени сеҳрланган кишига мисол қилиб келтиришларига назар сол. Аслида, сен ҳеч сеҳрланган эмассан. Сен Пайғамбарсан. Улар ушбу ишлари билан йўлдан адашдилар. Энди тўғри йўлни топа олмаслар.

ﰋ ﰌ ﰍ ﰎ ﰏ ﰐ ﰑ ﰒ ﰓ ﰔ

«Улар: «Суяк ва титилган тупроқ бўлганимиздан кейин ҳам яна янгидан яратилиб, тирилтириламизми?» – дедилар» (Исро сураси, 49-оят).

Араб мушриклари ғайбнинг баъзи нарсаларига ишонсалар ҳам, ўлиб, чириб, суякка ажраб, тупроққа қўшилгандан кейин қайта тирилишга ҳеч ишонмас эдилар. Улар бундай бўлишини хаёлларига сиғдира олмасдилар. Чунки мушриклар аввал бошда асллари умуман йўқлигини унутиб қўйганлар. Уларни йўқдан бор қилган Аллоҳга бор нарсаларни қайта тирилтириш жуда ҳам осонлигини улар тушуниб етмас эдилар. Уларнинг қайта тирилишни инкор қилиб айтган бу гапларига қарши нима дейишни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳнинг Ўзи ўргатмоқда:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ

«Сен: «Тош ёки темир бўлиб олинглар» (Исро сураси, 50-оят).

ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝﭞ ﭟ ﭠ ﭡﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ

«Ёки кўнгилларингизда катта кўринган бошқа бирон махлуқ (бўлиб олинглар)», – деб айт. Бас, улар: «Бизни ким қайтарур?» – дерлар. Сен: «Сизларни биринчи марта йўқдан бор қилган Зот», – дегин. Сенга бошларини қимирлатурлар ва: «У қачон?» – дерлар. Сен: «Шояд, яқинда бўлса», – дегин» (Исро сураси, 51-оят).

Мушриклар: «Гўштимиз чириб, ўзимиз суяк ва тупроққа ажрасак, қандай қилиб қайта тириламиз?» демоқдалар. Инсоннинг суяги ва титилиб, тупроққа айланган гўштидан қайта одам ясаш ҳеч гап эмас. Ҳатто агар қўлингиздан келса:

«Тош ёки темир бўлиб олинглар. Ёки кўнгилларингизда катта кўринган бошқа бирон махлуқ (бўлиб олинглар)», – деб айт».

Ҳа, эй Пайғамбар, уларга шуни айт, улар ўлганларидан кейин ҳатто тош бўлиб олсалар ҳам, албатта қайта тирилтириладилар. Темир бўлиб олсалар ҳам, албатта қайта тирилтириладилар. Ўз фикрларича катта кўринган, инсон ўлганидан кейин фалон нарсага айланса, қайта тирилмаса керак, деб ўйлаган нарсага айланиб олсалар ҳам, албатта қайта тирилтириладилар.

«…улар: «Бизни ким қайтарур?» – дерлар».

Улар ўзларича, биз ўлсак, бизни қайта тирилтирадиган зот йўқ, деб юрибдилар. Чунки улар Аллоҳни унутиб қўйганлар. Ўзларини йўқдан бор қилган Зотни эсдан чиқарганлар. Сен уларнинг бу саволларига жавобан:

«Сизларни биринчи марта йўқдан бор қилган Зот», – дегин».

Ҳа, сизларни биринчи марта яратган, дунёга келтириб, инсон қилган Зот ўлганингиздан кейин, суяк ва титилган тупроққа айланганингиздан сўнг яна қайта тирилтиради. Ўликни қайта тирилтириш аввалда йўқдан бор қилган Зот учун ҳеч нарса эмас.

Лекин улар бундан кейин ҳам ҳақиқатни англаб етмайдилар. Охиратда қайта тирилишга иймон келтириш ўрнига:

«Сенга бошларини қимирлатурлар».

Истеҳзо ва кибр ила бошларини сарак-сарак қилурлар ва:

«У қачон?» – дерлар».

Ўша қайта тирилиш қачон бўлади? – деб кесатиб, яна гумроҳлик қиладилар. Уларнинг қотиб қолган миялари бундай нарсалар фақат Аллоҳга хос иш эканини англаб етишга қодир эмас. Улар ҳамма нарса ўзларининг ҳавойи нафсларига тўғри келишини хоҳлайдилар. Қайта тирилиш қачон бўлишини уларга сен айтиб беришинг керак эмиш. Ҳолбуки, бу сенинг ишинг эмас. Шунинг учун уларга ўзларига мос муомала қилиб:

«Шояд, яқинда бўлса», – дегин».

Албатта, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу иш қачон бўлишини аниқ билмайдилар. Аммо бўлиши шубҳасизлигини жуда яхши биладилар. Кофирлар ишонмай турган қайта тирилиш улар учун жуда яқин бўлиши мумкин.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Тавба сурасида шундай марҳамат қилади Аллоҳ мунофиқларга, мунофиқаларга ва кофирларга жаҳаннам оташини унда мангу қолувчилар қилиб ваъда давоми...

3278 15:06 / 21.11.2018
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Бақара Ичган қасамларингиз сабабли яхшилик қилиш, тақво қилиш ва одамлар орасини ислоҳ этишингизга давоми...

2173 11:06 / 30.01.2020
Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади .Садақаларни ошкор қилсангиз, бу қандай ҳам яхши Агар уларни махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу давоми...

2750 11:11 / 23.10.2018
Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади .Қачон унга .Аллоҳдан қўрққин,, ndash дейилса, кибру ҳавоси уни гуноҳга етаклар. Жаҳаннам унга етарлидир. У давоми...

5021 14:59 / 13.02.2019