1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Ислом умматининг ҳолати гоҳ яхши...

16:17 / 29 март 1098 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ حُذَيْفَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّاسُ يَسْأَلُونَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ الْخَيْرِ وَكُنْتُ أَسْأَلُهُ عَنِ الشَّرِّ مَخَافَةَ أَنْ يُدْرِكَنِي فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ إِنَّا كُنَّا فِي جَاهِلِيَّةٍ وَشَرٍّ فَجَاءَنَا اللهُ بِهَذَا الْخَيْرِ فَهَلْ بَعْدَ هَذَا الْخَيْرِ مِنْ شَرٍّ؟ قَالَ: «نَعَمْ»، قُلْتُ: وَهَلْ بَعْدَ ذَلِكَ الشَّرِّ مِنْ خَيْرٍ؟ قَالَ: «نَعَمْ، وَفِيهِ دَخَنٌ»، قُلْتُ: وَمَا دَخَنُهُ؟ قَالَ: «قَوْمٌ يَهْدُونَ بِغَيْرِ هَدْيِي تَعْرِفُ مِنْهُمْ وَتُنْكِرُ»، قُلْتُ: فَهَلْ بَعْدَ ذَلِكَ الْخَيْرِ مِنْ شَرٍّ؟ قَالَ: «نَعَمْ، دُعَاةٌ عَلَى أَبْوَابِ جَهَنَّمَ مَنْ أَجَابَهُمْ إِلَيْهَا قَذَفُوهُ فِيهَا»، قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ صِفْهُمْ لَنَا، قَالَ: «هُمْ مِنْ جِلْدَتِنَا وَيَتَكَلَّمُونَ بِأَلْسِنَتِنَا»، قُلْتُ: فَمَا تَأْمُرُنِي إِنْ أَدْرَكَنِي ذَلِكَ؟ قَالَ: «تَلْزَمُ جَمَاعَةَ الْمُسْلِمِينَ وَإِمَامَهُمْ»، قُلْتُ: فَإِنْ لَمْ تَكُنْ لَهُمْ جَمَاعَةٌ وَلَا إِمَامٌ؟ قَالَ: «فَاعْتَزِلْ تِلْكَ الْفِرَقَ كُلَّهَا وَلَوْ أَنْ تَعَضَّ بِأَصْلِ شَجَرَةٍ، حَتَّى يُدْرِكَكَ الْمَوْتُ وَأَنْتَ عَلَى ذَلِكَ». رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Одамлар Расулуллоҳ алайҳиссаломдан яхшилик ҳақида сўрашар эди, мен эса ўзимга етиб қолмасин деб қўрқиб, ёмонлик ҳақида сўрар эдим. У зотга «Эй Аллоҳнинг Расули, биз жоҳилиятда, ёмонликда эдик. Аллоҳ бизга ушбу яхшиликни келтирди. Ушбу яхшиликдан кейин ёмонлик бўладими?» дедим. «Ҳа», дедилар. «Ўша ёмонликдан кейин яна яхшилик бўладими?» дедим. «Ҳа. Унинг тутуни ҳам бўлади», дедилар. «Унинг тутуни нима?» дедим. «Ҳидоятсиз йўл бошлайдиган қавмдир. Уларнинг баъзи нарсаларини ёқтирасан, баъзи нарсаларини инкор қиласан», дедилар. «Ўша яхшиликдан кейин ёмонлик бўладими?» дедим. «Ҳа. Жаҳаннам эшигида турган даъватчилар. Ким уларга ижобат қилса, унинг ичига отишади», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, уларни бизга сифатлаб беринг», дедим. «Улар ўзимизнинг қавмдан. Ўзимизнинг тилимизда гапиради», дедилар. «Ўша нарса менга етса, нима қилайин?» дедим. «Мусулмонлар жамоасини ва уларнинг имомини лозим тутасан», дедилар. «Уларнинг жамоати ҳам, имоми ҳам бўлмаса-чи?» дедим. «Дарахтнинг томирини тишлаб бўлса ҳам, ўша фирқаларнинг барчасидан четда бўл. Сенга ўлим келганда ҳам ўша ҳолатда бўлишга ҳаракат қил», дедилар».

Учовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Демак, Ислом умматининг ҳоли гоҳ яхши, гоҳ ёмон бўлиб туриши бор нарса экан. Бу умматнинг ичида фитна чиқиб туриши ҳам бор гап. Бундай пайтларда мусулмонлар жамоаси ва уларнинг имоми бор бўлса, ўшалар билан бирга бўлиш керак. Агар жамоа ҳам, имом ҳам бўлмаса, фирқаларнинг барчасидан четда бўлиб, уларнинг бирортасига ҳам қўшилмаслик лозим.

عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ لَنَا: «إِنَّكُمْ سَتَرَوْنَ بَعْدِي أَثَرَةً وَأُمُورًا تُنْكِرُونَهَا» قَالُوا: فَمَا تَأْمُرُنَا يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: «أَدُّوا إِلَيْهِمْ حَقَّهُمْ وَسَلُوا اللهَ حَقَّكُمْ».

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий алайҳиссалом бизга: «Мендан кейин кўп мункар ишларни кўрасизлар», дедилар. «Ўшанда биз нима қилайлик, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишган эди, «Уларнинг ҳақларини адо этинглар, ўз ҳаққингизни эса Аллоҳдан сўранглар», дедилар».

Шарҳ: Фитна чиқиш хавфи борлиги учун ҳақни бошлиқдан, раҳбардан эмас, Аллоҳ таолодан сўрайдиган вақтлар ҳам бўлар экан.

قَالَ الزُّبَيْرُ بْنِ عَدِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ: شَكَوْنَا إِلَي أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ مَا نَلْقَى مِنَ الْحَجَّاجِ فَقَالَ: اصْبِرُوا فَإِنَّهُ لَا يَأْتِي عَلَيْكُمْ زَمَانٌ إِلَّا الَّذِي بَعْدَهُ شَرٌّ مِنْهُ حَتَّى تَلْقَوْا رَبَّكُمْ، سَمِعْتُهُ مِنْ نَبِيِّكُمْ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُمَا الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Зубайр ибн Адий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Анас ибн Моликка Ҳажжождан шикоят қилдик. У шундай деди: «Сабр қилинглар. Бир замон келса, кейингиси ундан ҳам ёмон бўлади. Роббимизга етишгунимизча шундай давом этади. Мен буни Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман».

Иккисини Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.

Ушбу ривоятда исми зикр қилинган Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий умавий халифаларнинг амирларидан бири бўлиб, ўзининг золимлиги билан танилгани учун «Ҳажжож золим» деган ном олган.

Бу ерда айтилган замоннинг ёмонлиги – унинг аҳлининг ёмонлигидир, чунки замоннинг ўзи ёмон бўлмайди.

عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «تَدُورُ رَحَى الْإِسْلَامِ لِخَمْسٍ وَثَلَاثِينَ أَوْ سِتٍّ وَثَلَاثِينَ أَوْ سَبْعٍ وَثَلَاثِينَ فَإِنْ يَهْلَكُوا فَسَبِيلُ مَنْ هَلَكَ وَإِنْ يَقُمْ لَهُمْ دِينُهُمْ يَقُمْ لَهُمْ سَبْعِينَ عَامًا»، قُلْتُ: أَمِمَّا بَقِيَ أَوْ مِمَّا مَضَى؟ قَالَ: «مِمَّا مَضَى».

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом тегирмони ўттиз беш, ўттиз олти ёки ўттиз етти йил айланади. Агар ҳалок бўлсалар, ўтганларнинг йўли. Агар дин қоим бўладиган бўлса, етмиш йил қоим бўлади», дедилар. «Қолганиданми ёки ўтганиданми?» деган эдим, «Ўтганидан», дедилар».

Шарҳ: Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадис уламоларнинг кўпгина тортишувларига сабаб бўлиб, уларнинг ҳар хил шарҳларига сазовор бўлган.

Аввал ҳадиснинг зоҳирий маъносини ўрганиб олайлик, кейин шарҳ ва таъвилларга ўтамиз.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу муборак ҳадиси шарифларида Исломнинг тегирмони ўттиз беш билан ўттиз етти йил атрофида айланишини таъкидламоқдалар. Афтидан, тегирмоннинг айланиши деган жумла ўша вақтда барчага тушунарли бўлган бўлса керак, чунки ровий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳам унинг нималиги ҳақида сўрамаганлар, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам бу маънони шарҳ қилиб бермаганлар. У киши кейинги маъно ҳақида савол берганлар, яъни «Қолганиданми ёки ўтганиданми?» деганлар, яъни «Бу ҳадисда зикр қилинган муддатлар бу гап айтилганидан кейин қолган муддатдан бошлаб ҳисобланадими ёки ўтган муддатлар ҳам қўшиладими?» деган маънода савол беряптилар. Жавобда эса ўтган муддат ҳам ҳисобга олиниши баён қилинган.

Шу билан ҳадиснинг зоҳирий маъноси ҳақидаги қисқача шарҳ охирига етди, деб ҳисоблайлик-да, бу ҳақда уламоларимиз олиб борган тадқиқотлардан бир оз фойда олайлик.

Бу ишда катта китобларимиздан бири, Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ларига ёзилган машҳур шарҳларидан бири бўлмиш «Фатҳул Борий» ҳамда Имом Абу Довуднинг «Сунан»ларига ёзилган шарҳларнинг энг афзалларидан бўлмиш «Авнул-маъбуд» асарларида зикр қилинган баҳслардан ёрдам оламиз. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, бу ҳадиснинг шарҳи ҳақида мазкур китобларда келтирилган фикрларни ўта қисқа тарзда, ўз ибораларимиз билан ифода қилишга ҳаракат қиламиз.

Аввало уламолар «Ислом тегирмони» ва «дин» жумлалари ҳақида турлича фикр билдирганлар.

Хаттобий ва Бағавий «Тегирмон деганда уруш, дин деганда эса мамлакат, салтанат, давлат маънолари кўзда тутилган», деганлар. Улар ўзларининг бу фикрларига араб тилида «тегирмон айланиши» деган ибора одатда урушга нисбатан ишлатилишини далил қиладилар.

Шунга биноан, ушбу ҳадиси шарифда Ислом давлатидаги ички урушларнинг муддати ва салтанатнинг бардавомлиги ҳақида сўз кетганлиги маълум бўлади.

Бошқа уламолар «Ислом тегирмони» ва «дин» деганда уруш ва салтанат назарда тутилмаганини таъкидлайдилар. Уларнинг айтишича, араб тилида «тегирмон айланиши» уруш ҳақида сўз боргандагина аввалги уламолар айтган маънони англатади, агар гап уруш ҳақида кетмаётган бўлса, бир ишнинг асл ҳолида, мустақим тарзда бўлишини билдиради. Шунингдек, бу ҳолатда «дин» сўзи ҳам салтанат, давлат маъносини эмас, ўзининг асл маъносини англатар экан. Шунинг учун бу уламолар «Ушбу ҳадиси шарифда Ислом дини асл ҳолида, ўзгармасдан, нуқсонга учрамасдан ўттиз беш ёки ўттиз олти ёхуд ўттиз етти йил давом этиши ҳақида сўз кетмоқда», деганлар.

Демак, бу муддат Ислом ишининг нубувват асосидаги ҳолида давом этган даврини билдирар экан. Дарҳақиқат, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан бошлаб, рошид халифаларнинг даврлари тугагунча шунча вақт ўтган.

«Агар ҳалок бўлсалар, ўтганларнинг йўли. Агар дин қоим бўладиган бўлса, етмиш йил қоим бўлади».

Бу жумланинг маъноси шундай: мусулмонлар Исломнинг асл ҳолида ўтадиган мазкур муддат ичида ўзларидан ўтган айбу нуқсонлар сабабидан ҳалокатга учрасалар, бошқа ўтган умматлар ҳалок бўлгани каби ҳалок бўлиб кетаверадилар. Агар ҳалокатга элтувчи ишларни қилмасалар, динлари етмиш йил қоим бўлади, деган гап ҳам бўлмайди, яъни ҳалокатга элтувчи ишлар бўлмагани учун уларнинг дини етмиш йилдан кейин ҳам давом этаверади, бошқа ҳадиси шарифларда келганидек, Қиёмат қойим бўлгунича бардавом бўлади.

«Фитналар ва Қиёмат аломатлари» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Асарда келишича, бир киши Ийсо алайҳиссаломга деди Менга насиҳат қилсангизИйсо алайҳиссалом дедилар Ейдиган нонинг қаердан келаётганига қараЯъни, ҳалол меҳнат давоми...

1795 16:16 / 15 февраль
Мусулмонларда барча илмлар қатори, нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш бўйича ҳам асосий ва биринчи манба Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

3389 10:00 / 05.06.2021
Бир киши Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг олдига келиб иймон ҳақида сўради. Абу Зарр розияллоҳу анҳу унга қуйидаги оятни ўқиди.Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб давоми...

1896 11:00 / 10.12.2023
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розиёллоҳу анҳуни Яманга юбораётиб шундай дедилар .Сен аҳли китобнинг олдига бораяпсан. Аввал уларни Аллоҳнинг давоми...

2515 09:00 / 27.02.2023