1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Қалблар табобати

10:00 / 05.06.2021 3390 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмонларда барча илмлар қатори, нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш бўйича ҳам асосий ва биринчи манба Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи киромлари нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллашга салмоқли ҳисса қўшганлар.

Сўнгра амал қилиш, уларни ҳаётга татбиқ этиш ва амалий равишда қалб, нафс ва руҳни поклаш, тарбиялаш ва хулқлантириш ишларини тасаввуф машойихлари бўлган катта уламолар амалга оширганлар.

Бу иш «Тиббул қулуб» – «қалблар табобати» деб номланган. Бу номнинг ўзига хос шарҳи ва ҳикмати бор.

Тиб илми икки қисмга бўлинади. Бадан ва қалб табобати.

Бадан табобати инсоннинг бадани соғ ёки хаста бўлиши жиҳатидан унинг соғлиғини сақлаш ва беморлигини кетказиш учун ўрганилади.

Қалб табобатида инсон қалбининг ҳолатлари унинг тузалиши, бузилиши ва хаста бўлиши жиҳатидан ўрганилади.

Қалб инсон баданидаги бош аъзодир. Агар у соғлом бўлса, бошқа аъзолар ҳам соғ бўлади. Агар у бузуқ бўлса, бошқа аъзолар ҳам бузилади.

عَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «أَلَا وَإِنَّ فِي الْجَسَدِ مُضْغَةً، إِذَا صَلَحَتْ صَلَحَ الْجَسَدُ كُلُّهُ، وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الْجَسَدُ كُلُّهُ، أَلَا وَهِيَ الْقَلْبُ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Огоҳ бўлингким, албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлингким, ўша қалбдир», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Ушбу жумлаларда қалбнинг инсон ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти баён қилинмоқда.

«Қалб» луғатда бир нарсани ағдаришни англатади. У бир хил турмай, у ёқ-бу ёққа ағдарилиб тургани учун ҳам «қалб» деб аталган.

Ислом тушунчаси бўйича қалб икки хил: зоҳирий ва ботиний бўлади.

Зоҳирийси кўкракнинг чап томонида жойлашган конус шаклидаги гўшт парчасидир. Ботинийси эса нуроний, латиф, билувчи, инсонни инсон қилувчи нарсадир.

Зоҳирий қалб инсоннинг зоҳирида – жисмида жон вазифасини ўтайди. Ботиний қалб эса инсоннинг ақлий, руҳий-маънавий ҳаётида жон вазифасини ўтайди.

Бу ерда ботиний қалб кўзда тутилади. Жисм соғлом бўлиши, баъзан бемор бўлиши ва вақти келиб ўлиши табиий бўлганидек, қалб ҳам соғлом бўлиши, бемор бўлиши ва ўлиши табиийдир. Шунинг учун ҳам қалбга алоҳида эътиборли бўлиш зарур. Албатта, қалб табобати бадан табобатидан кўра анча аҳамиятлироқ эканини таъкидлашга ҳожат ҳам қолмаган бўлса керак.

Қалб табобати илми Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари асосида юзага келган, ривожланган ва ўз самарасини бериб келмоқда.

Аллоҳ таоло Юнус сурасида марҳамат қилади:

ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ

«Эй одамлар! Батаҳқиқ, сизга Роббингиздан мавъиза, кўкслардаги нарсага шифо, мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди» (57-оят).

Яъни Қуръон қалбингиздаги руҳий, маънавий дардларингизнинг барчасига шифо бўлиб келди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалб табибларининг имоми бўлганлар ва бу ишда ҳаммага намуна кўрсатганлар. Ул зотнинг ҳадисларида бу масалалар ажойиб услуб ила баён қилинган.

Мусулмон уламолар оят ва ҳадислардан қалб табобати борасида самарали даво йўлларини топганлар. Тасаввуф уламолари бу ишда барчага устоз бўлганлар. Улар ихлос билан қалб табобати борасида нодир китоблар таълиф қилганлар.

Мутахассис уламоларнинг таъкидлашларича, қуйидаги китоблар бу соҳанинг энг яхши ва самарали китобларидир:

1. «Қуутул қулуб фий муомалатил маҳбуб ва васфи торийқил мурийди ила мақомит-тавҳийд».

Бу китобнинг қисқача номи «Қуутул қулуб» бўлиб, унинг муаллифи Шайхул Ислом Абу Толиб Муҳаммад ибн Абул Ҳасан Али ибн Аббос Маккийдир. Бу китоб катта шуҳрат қозонган бўлиб, у ҳақда Ҳожи Халифа «Кашфуз-зунун»да шундай деган: «Бунга ўхшаш дақиқ китоб тасниф қилинмаган».

2. «Манозилус Соирийн».

Бу китобнинг муаллифи Шайхул Ислом Абу Исмоил Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Ҳаравийдир.

3. «Иҳёу улумид-дин».

Бу китобнинг муаллифи дунёга донг таратган олим Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Тусий Абу Ҳомид Ғаззолийдир. У киши Тус вилоятининг (ҳозирги Машҳад) Тобарон номли шаҳрида ҳижрий 450-санада таваллуд топганлар. Замонасининг кўзга кўринган уламоларидан таҳсил олган Ғаззолий ёшлик чоғиданоқ чуқур илми ила танилган. У киши ҳақли равишда «Ҳужжатул Ислом» – «Ислом ҳужжати» унвонига мушарраф бўлган.

Имом Ғаззолий кўпгина илмлар қатори, ақийда, илми калом, фалсафа каби илмларда ҳам аллома бўлган. Илми калом, фалсафа, ботиния, тасаввуф каби мавзуларда кўпгина китоблар ёзган. Шунингдек, ғарб файласуфлари имом Ғаззолийдан таъсирланганларини ҳамма яхши билади.

Имом Ғаззолий ҳижрий 505-сананинг ўн тўртинчи жумадул охирида Тобаронда вафот этган.

Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумуд-дийн» китоби алоҳида эътибор қозонган асардир. Бу китобни ҳамма олим ва толиби илмлар ўқиган ва ўқимоқдалар.

Имом Ғаззолий «Иҳёу улумуд-дийн» китобини ёзишда ўзидан олдин ўтган уламоларнинг китобларидан, хусусан, Абу Толиб Маккийнинг «Қуутул қулуб» ва Ҳорис ибн Асад Муҳосибийнинг «Ар-Риоя» китобларидан фойдаланганини мутахассислар алоҳида таъкидлайдилар.

Бу ҳақда имом Ғаззолийнинг ўзи «Мифтаҳу дарис-саода» номли китобида: «Сўнгра уларнинг тасаввуфий илмларини Абу Толиб Маккийнинг «Қуутул қулуб» ва Ҳорис ал-Маҳосибийнинг китобларини ўқиш ила ҳосил қилишни бошладим», дейди.

Имом Ғаззолийнинг илм бобидаги энг заиф томони ҳадис илмида эканини барча зикр қилади. У кишининг ўзи ҳам бу нуқсонни англаб, умрининг охирида илми ҳадисни эгаллашга ҳаракат қилган.

Ҳадис олимларидан имом Бухорий ва имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларини ўқиб бўлганидан кейин вафот этган.

Ул зотнинг «Иҳёу улумуд-дийн» асари катта шов-шувларга ва тортишувларга сабаб бўлган. Бу китобнинг ишқибозлари кўп бўлиши билан бирга, танқидчилари ҳам оз бўлмаган. Танқидчилар асосан китобга киритилган мавзуъ (сохта) ҳадислар ва баъзи ҳикояларга эътироз билдирганлар.

Мисол учун, машҳур танқидчилардан бири Ибн Жавзий қуйидагиларни ёзади: «Билки, «Иҳё» китобида фақат уламоларгина биладиган офатлар бордир. Ақаллиси ботил (мавзуъ) ҳадислардир. Уларни бошқалардан кўчирган, ўзи тўқимаган. Мавзуъ ҳадис ила савобли иш қилиб бўлмайди. Сохта гап ила ғурурга кетиб бўлмайди».

Ким нима деса десин, аммо имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумуд-дийн» китоби тенги йўқ асардир. У кишидан кейин келганлар бу китобдан унумли фойдаланганлар ва фойдаланмоқдалар.

Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумуд-дийн» асаридан фойдаланиб китоб ёзган замондош уламоларимиздан Саъид Ҳавво раҳматуллоҳи алайҳи «Иҳё»нинг мақтовида жумладан қуйидагиларни ёзади:

«Иҳё» китобига кўпчилик боғланган ва у Исломда таълифда ўхшаши йўқ китобдир. Менимча, «Иҳё»да имом Ғаззолийдан бошқаларга насиб қилмаган маънолар бор. Унда яна баъзи маънолар бўлиб, улар гўзал тарзда ёзилган ва кўпгина уламолар у кишига бунда шерик бўлганлар. «Иҳё»да яна бир хил маънолар борки, улар ихтилофларга сабаб бўлган.

Керак жойини мутахассислар тадқиқ қилишлари учун ва бошқалар билан шерик бўлган гапларини ҳам тарк этиб, «Иҳё»нинг ўзига хос қисмини оладиган бўлсак, ўша нарсалар имом Ғаззолий давридаги мушкулотларнинг давоси эканини кўрамиз.

Худди ўша даволар бугунги кунимиздаги дардлардан холи бўлишда ҳам хизмат қилишида шубҳа йўқдир. Асримиз дардларининг энг кўзга кўринганлари руҳий бўшлиқ ва шаҳватларнинг ғолиб бўлишидир».

Ўзимиздан қўшимча қилиб айтишимиз лозимки, юқоридаги сатрда айтиб ўтилган «руҳий бўшлиқ» биздаги руҳий бўшлиқ тушунчасига мутлақо тўғри келмайди.

Бизда «руҳий бўшлик» деганда ақийдасизлик, руҳий-маънавий ҳаётдан бегоналик, ажнабий тилдаги «идеология»сизлик англанади.

Баъзилар «Совет тузуми қулаб, руҳий бўшлиқ вужудга келди», «У бўлди, бу бўлди», дейишга одатланишган. Ҳолбуки, совет тузумининг ўзи руҳий бўшлиқдан иборат эди. Аллоҳни, динни, ақийдани ва руҳий тарбияни инкор қилувчи тузумда руҳий бўшлиқдан бошқа нима ҳам бўлиши мумкин?! Лекин мазкур тузумнинг идеология деб аталган ўз сафсатаси бор эди.

Саъид Ҳавво айтиб ўтган «руҳий бўшлиқ» тамоман бошқа нарса. У киши ҳозирги кундаги мусулмонларнинг ҳолатини ўзига хос тушунча асосида сифатламоқда. Унда одамлар исломий ақийдаларни яхши биладилар, Аллоҳ таоло ва У Зот яратган барча нарсаларга мустаҳкам эътиқодлари бор, уларнинг одоб-ахлоқ, ибодатлари ва руҳий тушунчалари ҳам мўмин-мусулмонлар каби. Аммо буларнинг ҳаммасида юзакилик бор. Ҳақиқий руҳий тарбия ўз аксини топмаган.

Охирги асрда кўплаб исломий илмлар ва тушунчалар одамларга замон талаби асосида осон ва енгил услубда тақдим этилди. Олий мақомдаги иборалар, тушунчалар ва таърифлар оммабоп равишда қайта таҳрир қилинди.

Замонамиз уламолари тарафидан янги тафсирлар, ҳадис шарҳлари, сийрат китоблари, фиқҳий асарлар ва бошқа соҳаларга оид турли-туман қўлланмалар нашр этилди. Мусулмонлар улардан унумли фойдаланмоқдалар. Мазкур фойданинг самараси ҳам кўзга кўринмоқда. Мусулмон оламида «Исломга қайтиш», «исломий уйғониш» каби истилоҳлар пайдо бўлди. Турли илмий ва ижтимоий ҳаракатлар юзага келди. Аммо уларнинг кўпчилиги кўзланган мақсадга эриша олмагани ҳам маълум.

Мазкур нуқсоннинг асосий сабабларидан бири сифатида айнан нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллашнинг етишмаслиги зикр қилинмоқда. Шунинг учун ҳозирда бу масалага катта эътибор берилмоқда.

«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Таҳоратли ҳолда ётган банданинг ҳақига фаришталар дуо қилади. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Ким давоми...

1924 14:00 / 27.08.2022
Подшоҳ кечқурун қаҳратон совуқда қасрга қайтди. Эшик олдида юпқа кийим кийган кекса қўриқчини кўриб қолди. Подшоҳ унга яқинлашиб сўради .Совуқ давоми...

4620 14:00 / 03.08.2022
1. Илмда ndash Буйруқлар ва қайтариқларни ворид бўлган хабарлар ва масдарларидан ўрганган ҳолда тушуниб фаҳмлаган киши фақиҳдир.2. Тазкияда ndash Ҳаракатлари мустаҳкам давоми...

2073 16:00 / 23.07.2021
.Роббингиз Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман деди, Ғофир сураси, 60оятБаъзилар .Одамлар Аллоҳдан сўрайдилар, аммо Аллоҳ ҳеч нарса бермаслиги ёки сўрамаган давоми...

2856 11:30 / 25.03.2022