1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Етимнинг молига токи у вояга етгунича, яқинлашманглар

19:00 / 19 март 490 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘﯙ ﯚ ﯛﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ

«Етимнинг молига токи у вояга етгунича, яқинлашманглар. Яхшилик ила бўлса, мустасно. Аҳдга вафо қилинглар. Албатта, аҳд сўралажак нарсадир» (Исро сураси, 34-оят).

Исломда ҳар бир кишининг жони каби, моли ҳам бедахлдир. Етимлар ҳаққига хиёнат қилиш ҳоллари ҳаётда тез-тез учраб тургани учун ҳам, оятда уларнинг молига ёмон ният билан яқинлашишдан қайтарилмоқда.

«Етимнинг молига токи у вояга етгунича, яқинлашманглар».

Кишиларнинг молига ёмон ният ила умуман яқинлашиб бўлмайди. Етимнинг молига эса у балоғатга етгунича, мутлақо яқинлашиш мумкин эмас. Чунки бу вақтда ёш етим бола ўзини ҳам, молини ҳам ҳимоя қила олмайди. Шунинг учун уларнинг ўзларини ҳам, молларини ҳам шариат алоҳида эътибор билан муҳофаза этади.

«Яхшилик ила бўлса, мустасно» дегани етимнинг молини яхши ният билан кўпайтирса ёки ҳомий у молни етимнинг ўзига сарфласа ёхуд ҳомий ўзи сарфлаб, кейин жойига қайтариб қўйса, шу мақсадда яқинлашса бўлади, деганидир. Бу ишларда Ислом жамияти масъулдир.

«Аҳдга вафо қилинглар. Албатта, аҳд сўралажак нарсдир».

Ислом дини Аҳдга вафо қилишга қанчалик катта аҳамият беришини ўтган сура ва ояти карималарда кўриб ўтганмиз. Аҳдга вафо қилиш якка шахслар ва жамоалар орасидаги ўзаро ишонч, ўзаро тушуниш ва ҳамкорликнинг асосидир. Исломда якка шахслар, жамоалар, халқлар ва давлатлар орасида аҳдга вафо қилишга алоҳида эътибор берилади. Аҳдга вафоли бўлишда инсоният тарихида ҳеч ким мусулмонларга тенг келган эмас.

Аҳдга вафо қилишга даъватдан сўнг, кейинги оятда ўлчаш ва тортишни тўлиқ қилиш масаласига ўтилади:

ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ

«Ўлчаган чоғингизда тўлиқ ўлчанг ва тўғри тарози ила тортинг. Ана ўша яхшидир ва оқибати гўзалдир» (Исро сураси, 35-оят).

Олди-берди чоғида ўлчашни тўғри олиб бориш, бирор нарсани тортиб беришда адолат тарозиси ила тортиш аҳдга вафо қилишнинг кенг тарқалган кўринишларидан биридир. Кишилар ўртасидаги таомилда доимо мавжуд омилдир. Тўғри ўлчаб, тўғри тортиш омонатдир; қалб поклигининг аломатидир; ўзаро ишончга боғлиқ нарсадир; хайр-барака омилидир.

Бу соҳада ҳам ҳеч ким мусулмонларга тенг келган эмас. Чунки бу ишларни Қуръони Карим ва ҳадиси шариф шунчалик кўп тарғиб қилганки, мусулмонлар уни эътиқодларининг бир қисмига айлантириб олганлар. Кейинги асрларда кўпгина юртларда Исломнинг кенг тарқалишига айнан мусулмон савдогарларнинг тўлиқ ўлчовлари, тўғри тортишлари, бировнинг ҳаққига хиёнат этмасликлари, омонат ила муомала қилишлари сабаб бўлган. Умрида бундай гўзал ахлоқни, омонатли, ҳалол-пок кишиларни кўрмаган турли халқлар вакиллари мусулмон савдогарлардан ушбу адолатли муомалаларни кўриб, бу гўзал шарофатларнинг манбаи бўлган Ислом динига гуруҳ-гуруҳ бўлиб кира бошлаганлар.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Каҳф сурасида шундай марҳамат қилади .У .Бу Роббим тарафидан раҳматдир. Агар Роббимнинг ваъдаси келса, буни ер баробар қилур. Роббимнинг ваъдаси давоми...

2789 13:21 / 08.12.2018
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Китобда Бану Исроилга .Ер юзида икки марта бузғунчилик қилурсизлар ва катта даражада баланд давоми...

1350 19:00 / 17.10.2023
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Албатта, ана ўша ndash шайтон ўз дўстларидан қўрқитур. Бас, агар мўмин бўлсангиз, улардан қўрқманглар, давоми...

2288 19:00 / 03.08.2022
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Садақалар Аллоҳнинг йўлида тутилган, ер юзида кезишга қодир бўлмаган, билмаган киши иффатлари давоми...

2534 19:36 / 06.09.2020