1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Кишининг қалби салоҳиятли бўлса, иши яхши бўлади

19:00 / 21 февраль 806 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ

«Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва: «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», – деб айт» (Исро сураси, 24-оят).

Фарзанд ота-онанинг ҳузурида ўзини қанчалик хокисор тутса, шунчалик яхши. У бутун меҳрини хокисорлик ила ота-онасига пояндоз қилса ҳам оз. Шу билан бирга, доимо уларга Аллоҳ таолодан раҳм-шафқат тилаб, дуо қилиб туриши лозим.

Ота-онани ҳурматлаш, эъзозлаш масаласида ҳеч бир тузум ёки тарбия воситаси Исломга тенг ҳам, яқин ҳам кела олмайди. Ота-онанинг ҳурмати, фарзанд устидаги ҳаққи тўғрисидаги оятлар ва ҳадислар бу борада дунё тарихида мисли кўрилмаган олиймақом нарсалар экани маълум ва машҳурдир. Хусусан, бу оят ва ҳадисларни, илоҳий кўрсатмалар ва исломий ҳикматларни ҳаётга татбиқ қилган мусулмонларнинг ота-оналарига кўрсатган юксак эҳтиромлари ва фидойиликларига тарих шоҳиддир.

Ҳофиз Абу Бакр Баззор Бурайда розияллоҳу анҳудан, у киши ўз оталаридан қилган ривоятда қуйидагилар келтирилади:

«Бир одам зиёратда онасини кўтариб юриб, тавоф қилдираётган экан. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

– Онамнинг ҳаққини адо қилдимми? – деб сўрабди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Йўқ, бир оҳ тортишининг ҳаққини ҳам адо қилганинг йўқ, – деган эканлар».

ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ

«Роббингиз нафсингиздаги нарсани яхши билувчидир. Агар солиҳ бўлсангиз, албатта, У сертавбалар учун сермағфиратдир» (Исро сураси, 25-оят).

Ўтган оятларда зикр қилинган нарсаларнинг ҳаммаси дилга боғлиқ бўлгани учун ҳам ушбу оятда

«Роббингиз нафсингиздаги нарсани яхши билувчидир», – деб, ниятдаги нарсалар ҳам, улардан келиб чиқадиган гап-сўз ва амаллар ҳам – барчаси Аллоҳ таолога қайтишининг хабари берилмоқда. Демак, дилдаги нарсани яхшилаш лозим экан. Дилда нима борлигини Аллоҳ билиб турганидан кейин, сиртда бошқа, ичда бошқа бўлиш фойда бермас экан.

«Агар солиҳ бўлсангиз, албатта, У сертавбалар учун сермағфиратдир».

Кишининг қалби салоҳиятли бўлса, иши яхши бўлаверади. Сертавба кишилар, яъни билмасдан, хато қилиб қўйиб, ўша заҳоти тавбага шошилувчи зотлар учун Аллоҳнинг тавба эшиги очиқ, дарҳол тавбаларини қабул қилади.

Кейинги оятларда ота-оналардан кейин яхшилик қилиш лозим бўлган яна бир неча тоифа кишилар ҳақида сўз кетади:

ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ

«Яқин қариндошга ҳаққини бер! Мискинга ва йўқсил йўлчига ҳам. Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма!» (Исро сураси, 26-оят).

Қуръони Карим ота-онанинг фарзанддаги ҳаққини баён қилибгина қолмай, қариндошларнинг ҳам бир-бирларида ҳақлари борлигини билдирмоқда. Имкони бор, ўзига тўқ кишида ночор, ёрдамга муҳтож қариндошларнинг ҳаққи бор. Бу ҳақ уларга Аллоҳ томонидан берилган. Бой-бадавлат киши ўз қариндошларига ёрдам берганида, миннат ёки фазлини кўрсатиш учун эмас, балки Аллоҳнинг амрини адо этиш, Аллоҳ белгилаган ҳақни бериш учун иш қилган бўлади. Шунингдек, ночор қариндош ўзининг бой-бадавлат қариндошидан бирор нарса олганда, унинг олдида хору зор бўлиб эмас, Аллоҳ унга белгилаган ҳақни олаётганини тушуниб, ўзини эркин тутиб олади. Шунингдек:

«Мискинга ва йўқсил йўлчига ҳам» ҳаққини адо эт.

«Мискин» – ҳаёт ўтказишда моддий жиҳатдан қийналиб қолган камбағал одам.

«Йўқсил йулчи» – ўз юртида бой-бадавлат бўлса ҳам, сафарда турли сабабларга кўра ночор иқтисодий ҳолга тушиб қолган шахс. Мана шу тоифадаги кишиларнинг ҳам бой-бадавлат мусулмоннинг молу мулкида Аллоҳ тайин қилган ҳаққи бор. Қуръони Карим бой-бадавлат кишиларга ота-оналарига, қариндошларига, мискинларга ва кўчада қолганларга қўлларидаги молу мулкдан сарфлашни амр қилиш билан бирга:

«Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма!» – деб амр қилмоқда.

Ислом нуқтаи назарида исрофгарчилик ноҳақ, ҳаром-хариш йўлларга мол-дунё сарфлашдир. Агар инсон бору йўғини ҳақ йўлда сарф қилиб, битирса ҳам, исрофга йўл қўйган ҳисобланмайди. Аммо ноҳақ ишга, ҳаром-харишга арзимаган пул сарфласа ҳам, исрофгарчиликка йўл қўйган бўлади.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Жума сурасида шундай марҳамат қилади Зиммаларига Таврот юклатилган, сўнгра унга амал қилмаганлар устига китоб юкланган эшакка ўхшарлар. давоми...

2742 09:59 / 07.12.2018
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Ва Мусога китобни бердик ва уни .Мендан ўзгани вакил тутманглар, ndash дея Бану Исроилга ҳидоят қилиб давоми...

925 19:00 / 20.12.2023
.Батаҳқиқ, Аллоҳ .Албатта, Аллоҳ камбағал, биз эса боймиз,, деганларнинг гапини эшитди. Айтганларини ва расулларни ноҳақ ўлдирганларини тезда ёзиб давоми...

1855 19:00 / 14.02.2023
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Қачон бир шаҳарни ҳалок этишни ирода қилсак, унинг маишатпарастларини итоатга амр қиламиз, бас, улар давоми...

1110 19:00 / 16 январь