1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Бемористон васфи

16:45 / 31.12.2023 2053 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Милодий 1121-1269 йиллар орасида Шимолий Африка, Андалус ва Ғарбий Саҳро давлатларига ҳоким бўлган Муваҳҳидлар Давлатининг асосчиси Абдул Муъмин пойтахт Марокаш шаҳрида дунёда ўхшаши бўлмаган муҳташам бир касалхона бунёд қилди. Бунинг учун шаҳар марказининг энг гўзал жойидан кенг бир майдон танлади. Касалхона қурилиши учун мамлакатдаги энг зўр меъмор ва қурувчиларни жалб этди ва касалхонани энг гўзал шаклда қуришни буюрди. 


Уста ва меъморлар касалхонани ҳар томонлама мукаммал, бағоят кўркам ва улуғвор кўринишда қад ростлаши учун бор маҳоратларини ишга солдилар. Уни инсонни ўзига ром этувчи нақшинкор безаклар билан зийнатладилар. Турфа-хил гўзал ранглар ила жило бердилар. 


Халифа касалхона ҳовлисига мевали ва манзарали дарахтлар, муаттар ифорли гулу райҳонлар экишни буюрди. Касалхона биноси хасталиклар турига қараб, турли бино ва хоналардан иборат эди. Ҳар бир бино атрофидан ариқларда зилол сувлар оқиб турадиган қилинди. Бемористон ҳовлисининг турли бурчагига тўртта улкан ҳовуз иншо этилди. Уларнинг энг каттасининг ўртасида оқ мармардан ясалган улкан фаввора бор эди. Ҳовузлар атрофига ипак, ҳарир, жун ва нафис матолардан тикилган юмшоқ ўриндиқлар, оромкурсилар ўрнатилди. 


Халифа Абдул Мўъмин касалхона харажатлари учун давлат хазинасидан кунига жуда катта миқдорда маблағ жорий қилиб қўйди. Мазкур маблағдан касаллар учун таомлар ҳозирланар, дори-дармонлар олинар ва табибларга маош бериларди. Касалхона ичида турли-хил шифобахш гиёҳлардан ичимликлар, ширин шароблар тайёрлаб беморларга хизмат кўрсатадиган дорихоналар ёхуд замонавий ибора билан айтганда фитобарлар ишга туширилди. Шунингдек, мазкур маблағдан беморлар учун қиш ва ёз мавсумларига мос бўлган либослар тикилар, чойшаблар ва кўрпалар алмаштириларди. 


Баъзи уйсиз касаллар умри давомида бемористонда қолиши мумкин эди. Ҳар куни уларга уч маҳал овқат, ётоқ ва хизмат кўрсатиларди. Ва ўз хоҳиши билан бемористонни тарк этмагунича ёхуд вафот этмагунича меҳр билан парвариш қилинарди. Агар бемор фақир бўлса, касалхонадан тузалиб чиқаётганда кейинги ҳаётини йўлга қўйиб олгунча эҳтиёжларини қоплашга кифоя қиладиган миқдорда моддий ёрдам кўрсатиларди. 


Подшоҳ қасридан ҳам ҳашаматлироқ бўлган бу касалхона фақат бойлар учун хосланмаган эди. Балки, бой бўлсин, камбағал бўлсин, ерлик ёки мусофир бўлсин, ўзини ёмон ҳис қилса, ушбу касалхонага келтирилар ва бепул муолажа қилинарди. Халифа Абдул Мўмин жума кунлари намоздан сўнг, маркабига миниб касалхонага келар, беморларни зиёрат қилар ва улардан ҳол сўрарди.


["ал-Муғраб": 190-бет; Али Тантовий. "Фусул фи-с-сақофати ва-л-адаб": 60-бет;]


Алишер Султонходжаев

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 сентябрдаги 03-07/7119-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Онамни йўқотгач, қалб шодлигидан маҳрум бўлганман. Фурсат қўлдан кетмай туриб, оналарингиз билан яшаш бахтидан баҳраманд бўлинг...Ҳаётимнинг дастлабки даврида давоми...

1791 11:00 / 09.01.2022
.Бирр, сўзи луғатда яхшиликнинг барча турларини ўз ичига олган.Уламо аҳли .бирр,нинг таърифида турли ибораларни айтганлар. Биз ана шулардан жамловчироқ бир давоми...

4803 19:32 / 10.09.2017
Замахшарий ҳақида Ибн алҚифтий қуйидагича ёзган .Замахшарий илм уладаб, грамматика ва луғат бобида ўзгаларга мисол бўладиган аллома эди. У ўз ҳаёти давомида давоми...

718 15:45 / 15 апрель
ndash Аллоҳ ва Унинг Расули буюрган фарзвожиб амалларни бажариш.ndash Шубҳалардан четланиш, ҳаром ишларни тарк қилиб, улардан узоқлашиш.ndash Суннатларга амал қилиш, давоми...

2262 16:16 / 23.01.2022