1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Иймонсизда виждон бўлиши мумкин эмас

09:44 / 15 январь 1554 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳнинг фаришталарига бўлган иймон ҳам катта ҳикматларга эга. Фаришталарга иймон ҳар бир шахс, жамият ва барча инсоният учун кони фойдадир. Аллоҳнинг инсон кўзига кўринмайдиган, чарчамайдиган, ғафлатда қолмайдиган, гуноҳ қилмайдиган, ўзларига берилган амрни сўзсиз бажарадиган ва яна бир қанча олий сифатларга эга ҳамда «фаришталар» деб номланган аскарлари борлигига иймон келтириш қачон ва кимга зарар келтирибди?


Мўмин-мусулмон инсон ўзига икки фаришта бириктирилганига, агар ўзи тўғри юриб, тўғри турса, ўша икки фаришта Аллоҳнинг изни ила уни муҳофаза қилишига ишонади. Яна у ўша фаришталарнинг бири яхши амалларни, иккинчиси ёмон амалларни, заррача бўлса ҳам, номаи аъмолига ёзиб бораётганига, қиёмат куни шу битиклар асосида ҳисоб-китоб бўлишига иймон келтиради. Бу эса ҳар бир инсонни доимо яхшилик қилиб, ёмонликдан қочишга ундовчи жуда кучли омилдир. Ушбу омил ҳар бир инсон, жамият ва барча инсоният учун ўта зарурдир.


Фаришталарга иймон бўлмаган жамиятда эса одамлар кўнглига келган ёмонликни хоҳлаган вақтда, хоҳлаган жойда қиладиган бўлди. Иймонсиз жамият мафкурачилари тўқиб чиқарган «виждон азоби» каби қуруқ ҳиссиётлар фойда бермайди. Негаки иймонсизда виждон бўлиши умуман мумкин эмас.


Иймонсизлик натижасида инсон табиати ҳам бузилади: баъзи инсонлар ўзларига бўлган ишончни йўқотиб, қўрқоқ, шахсиятсиз бўлиб қолишади, бошқалари эса ҳар қандай ёмонликдан тап тортмайдиган нобакор махлуққа айланишади.


Шунингдек, фаришталарга нисбатан иймони бузуқ бўлган юртлар ва халқларда ҳам турли муаммолар келиб чиқади. Уларнинг баъзилари фаришталарни Аллоҳга шерик қилсалар, бошқалари дев, пари ва ўзга хурофий нарсаларга аралаштириб юборишади. Оқибатда турли зарарли урф-одатлар ва тасарруфотлар келиб чиқади. Демак, биз мусулмонлар, бошқа нарсалардаги каби, фаришталар ҳақида ҳам энг тўғри иймонга эга эканимиз билан фахрланишимиз ва ундан фойдаланишимиз лозим.

Илоҳий китобларга иймон
Аллоҳнинг китобларига иймон келтириш ҳам улкан ҳикматларга молик иш. Бу Аллоҳ таоло вақти-вақти билан бандаларига Ўз китоблари, яъни кўрсатмалари тўпламини нозил қилиб, уларни икки дунё саодатига эриштирадиган йўлга ҳидоят қилиб турганига; бу Аллоҳ ҳар замонни ўзига яраша китоб билан таъминлаб, аста-секин инсониятни ­тайёрлаб боргани ва вояга етказганига; бу инсоният ўз камолига етганида, Аллоҳ унга баркамол Китобни – қиёматгача мўъжиза бўлиб қолувчи Қуръони Каримни нозил қилганига; бу инсоният бундан буён фақат Қуръонга амал қилгандагина мақсадига эришиши мумкинлигига иймон келтиришдир. Бу эса инсоннинг саодатли ҳаёт соҳиби бўлиши учун энг муҳим омиллардан биридир.


Аллоҳнинг китобларига иймон келтирмайдиганлар эса ушбу эзгуликларнинг барчасига, инсоннинг асли бир эканига, Аллоҳ инсонни улуғлаб, унга Ўз таълимотларини берганига, бошқа махлуқотлардан устун эканини исбот қилганига куфр келтирувчилардир. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг китобларига ёки уларнинг баъзисига иймон келтирмаганлардан фақат ёмонлик чиқади, холос.

Пайғамбарларга иймон
Аллоҳнинг пайғамбарларига иймон келтириш ҳам ғоятда пурҳикмат ишдир. Аллоҳ таоло инсонлар ичидан Ўзига пайғамбар танлаб олишининг ўзи инсоният учун улкан шарафдир. Одам Атодан бошлаб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган пайғамбарлар силсиласи эса инсониятнинг шараф силсиласидир. Пайғамбар алайҳиссаломлар инсоният учун шону шараф, фахр бўлган, Роббул оламийннинг кўрсатмаларини одамларга етказиб берган шахслардир. Уларнинг ҳаммалари ягона Аллоҳнинг бандалари, ягона Аллоҳнинг пайғамбарларидир. Улар ўзаро биродарлар бўлиб, бир-бирларини тўлдириб, бир-бирларини тасдиқлаб келганлар. Улар орқали инсониятнинг асли бир экани, ягона Аллоҳга сиғингани, бир динга амал қилгани тушунилади. Шунинг учун ҳам Исломда уларнинг орасини фарқламай, ҳаммаларига бирдек иймон келтириш фарздир. Пайғамбар алайҳиссаломлардан бирорталарини инкор қилган кимса гўёки ҳамма пайғамбарларни инкор қилгандек кофир бўлади.


Пайғамбар алайҳиссаломларнинг ҳар бирлари яхшилик, фазилат бобида инсоният учун ўрнак ва намуна, ҳар бирлари ҳидоят маёғидир. Уларнинг охиргиси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматгача барчага ўрнакдирлар. Инсоният бугунги кунда пайғамбарлардан ўрнак олишга ўта муҳтож ҳолга келган. Бунинг учун уларнинг эҳтиромини ўрнига қўйиш, уларга Ислом кўрсатганидек иймон келтириш лозим, чунки Исломдан бошқа дин ва мафкураларда бу хусусият йўқ.


Иймонсизлар инсоният тарихининг гултожи бўлмиш Пайғамбарлар алайҳиссаломларни ҳийлагар, ёлғончи, бузуқ, каззоблар деб эълон қилишди ва бу билан инсоният қадрини яна бир карра ерга уришди. Улар турли нобакорларни пайғамбарлардан устун қўйиб, афзал кўрсатишга уринишди. Аммо вақти-соати келиб, улар сиғиниб юрган шахслар шайтондан баттар, тубан махлуқлар экани маълум бўлди.


Исломдан бошқа айрим динларда пайғамбарлар алайҳиссаломларнинг баъзиларини ўз қизи билан зино қилганликда айблаб, баъзиларини умуман тан олишмайди. Бошқа бир динда эса ғулувга кетиб, улар илоҳийлаштириб юборилади – Пайғамбарлар алайҳиссаломларни «Худонинг ўғли» ёки «Худо» деб эътиқод қилинади. Бунга ўхшаш хатолар тўлиб ётибди. Демак, бу масалада ҳамма нарса ўз ўрнига тушиши учун ҳам Ислом керак.


«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.
 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ҳижратдан аввалги 34 йил зулқаъда ойи милодий 590 йилЎша пайтларда Зубайд қабиласидан бир киши сотиш учун Маккага нарса олиб келди. Унинг нарсасини Қурайшнинг давоми...

2236 12:45 / 02.10.2019
1. Муовия ибн Абу Суфён. Ҳижрий 41 йилдан 60 йилгача.2. Язид ибни Муовия. Ҳижрий 60 йилдан 64 йилгача.3. Муовия ибн Язид. Ҳижрий 64 йилда бир неча ой 40 кун халифалик қилган.4. давоми...

2686 09:00 / 05.08.2021
Исломга биринчи бўлиб Хадийжа онамиз кирдилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари бўлишлари билан бирга, Аллоҳ таолога ва Пайғамбар давоми...

2274 10:30 / 11.12.2019
Исломнинг ривожланиб бораётганидан жазавага тушган мушриклар ҳимоясиз, заифҳол мусулмонларни диндан қайтариш мақсадида уларни турли азобларга дучор қила давоми...

2101 15:20 / 12.01.2020
Аудиолар

120730 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42295 14:35 / 11.08.2021