1445 йил 13 зулқаъда | 2024 йил 21 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Ғусл, хушбуйлик, кафанлик, жаноза ва дафнга оид ҳаражатлар кимнинг зиммасида бўлади?

11:00 / 07.06.2023 1155 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳусайн ибн Ваҳваҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Толҳа ибн Баро бемор бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўргани келдилар. У зот: «Мен Толҳада ўлим бўлишидан бошқасини кўрмаяпман. У вафот этса, менга хабар беринглар. У(нинг ғусл ва кафанланиши)ни тезлаштиринглар. Чунки бирон-бир мусулмоннинг жасади аҳли орасида (узоқ) қолиб кетмаслиги керак», дедилар».
Абу Довуд ривоят килган.


Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сизлардан бирортангиз вафот этса, уни ушлаб турманг. Уни тезроқ қабрига элтинг. (Унинг қабри олдида) бош тарафида Фотиҳа ва оёклари тарафида Бақаранинг охири ўқилсин», деганларини эшитдим».
Байҳақий ривоят қилган.


Ғусл, хушбуйлик, кафанлик, жаноза ва дафнга оид ҳаражатлар кимнинг зиммасида бўлади? Бунинг тафсилоти қуйида келади:
1. Агар маййит ўзидан буларнинг барчасига етадиган мол қолдирган бўлса, харажатлар маййитнинг ўша молидан қилинади. Лекин бошқа бир шахс бу харажатларни ўзи хоҳлаб, ўзининг ёнидан адо қилса, бунда ҳам бирор танглик йўқ. Бу шахс хоҳ маййитнинг меросхўри бўлсин, хоҳ бегона бўлсин, фарқи йўқ. Албатта, бу ишни зиммасига олган киши ақл-ҳуши жойида ва балоғатга етган бўлиши лозимдир.


2. Маййит умуман мол қолдирмаган бўлса, унинг ғусли, кафанлаш, дафн учун харажатлари маййит тириклигида нафақаси унга вожиб бўлган шахснинг (ота-онаси, ўғли, хотини ёки эри, синглиси ёки акаси каби яқинлари) зиммасига вожиб бўлади. Агар маййитнинг тириклигидаги нафақаси шаръан бир кишидан ортиқ шахслар (меросхўр ва бошқалар)га умумий тарзда вожиб бўлган бўлса, унинг ғусл ва кафанланиш харажатлари ҳам уларга умумий тарзда вожиб бўлади. Яъни, ўша ворислардан уларнинг меросдаги ҳиссаларига мос равишда йиғиб олинади. Агар бу маййит қолдириб кетган молдан бирон кишига кўпроқ мерос тегса, ундан кафан ва дафн харажати учун кўпроқ, кам мерос теккан кишидан эса камроқ хақ олинади.


3. Маййит агар турмуш қурган аёл бўлса, хоҳ у мол қолдирган бўлсин, хоҳ қолдирмаган бўлсин, унинг ғусли ва кафанланиши учун кетадиган харажат эрининг зиммасида бўлади.


4. Агар маййит умуман мол қолдирмаган, нафақаси унга вожиб бўладиган кишиси ҳам йўқ бўлса, унинг дафн харажатлари давлат хазинасидан адо қилинади.


Агар давлат ҳам бу вазифани адо қилмаса, бу маййитнинг хабари етган мусулмонларнинг барчаси фарзи кифоя ўлароқ, ўртада пул тўплаб адо қилишлари лозим бўлади. Агар хабар топганлардан бирортаси бу ишни қилмаса, барчалари гуноҳкор бўлишади.


5. Агар бирор киши маййитнинг меросхўрлари йўқлигида, уларнинг ёки ҳукуматнинг рухсатисиз, кейинчалик меросхўрлардан қайтариб оламан, деган ниятда ўз ёнидан харажат қилган бўлса, меросхўрлар ўз хоҳиши билан беришса яхши, акс ҳолда улардан мажбурлаб олмайди. Чунки бу у кишининг ўз ихтиёри билан қилган эҳсони эди, меросхўр унга масъул эмас.


6. Юқорида зикр қилинган маййит учун керакли нарсалар шариатга мувофиқларидир. Улардан ташқари, шариатдан бехабар кишилар ўзлари тарафидан урф-одат қилиб олган нарсаларнинг харажати маййитнинг меросидан олинмайди. Мабодо олиб қўйилган бўлса, олувчи жавобгар бўлади.


Хусусан, меросхўрлар ичида балоғатга етмаган болалар бўлса.


Масала: Шу ўринда бир масалани ёдга олиб ўтишимиз керак. Бирон киши маййитнинг жанозаси учун ўз молидан харажат қилса-да, бу харажатини закот деб ният қилса, маййит фақир бўлган тақдирда ҳам, закот берувчининг закоти адо бўлмайди. Чунки бу суратда закотнинг адо бўлиши учун талаб этиладиган шарт - мулк қилиб бериш ҳолати йўқ. Мабодо бирор фақирга закотини мулк қилиб берса-ю, фақир уни маййитнинг кафани ва бошқа харажатларига сарфласа, бу жоиз. Бундай вазиятда закот берувчидан закот адо бўлади, олувчига кафанлаш, ғусл, жанозанинг савоби тегади. (54,55,56,57-бет.)


«Сўнги сафар» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитанинг 2022 йил 26 сентябрдаги 03-07/7324-рақамли хулосаси асосида чоп этилди.   

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қашшоқлик ҳақида гап кетганда, кўпчиликнинг кўз олдига инсонларнинг моддий томондан оқсаши келади. Аммо қашшоқлик фақат моддият билан ўлчанмайди. Унинг шундай давоми...

937 16:29 / 02 май
Қариялар кўп ривоятларни айтиб туришади. Улар санад ва матн жиҳатидан саҳиҳ бўлмасада, аммо маънан дурустдир.Мана ўша ривоятлардан бири.Сулаймон давоми...

4098 14:00 / 03.11.2021
Аллоҳ таолодан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга келган ваҳийнинг уч тури ndash ҳадис, ҳадиси қудсий ва Қуръон орасидаги фарқни тушуниб етиш ниҳоятда аҳамиятли давоми...

1860 09:00 / 19.08.2023
Аллоҳ таолонинг .Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва солиҳ амалларни қилувчи мўминларга улуғ ажр бор эканининг хушхабарини берур, Исро сураси, 9оят давоми...

1902 11:02 / 30.11.2023
Аудиолар

121712 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43155 14:35 / 11.08.2021