1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Аллоҳ бизни ташлаб қўймайди...

17:00 / 17.06.2022 2463 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Собиқ ҳиндуий, брахман Муҳаммад Умар Раонинг ҳидоят қиссаси

Мусулмонларга нисбатан бўлган кучли адовати сабаб, Муҳаммад Қуръони Каримни Исломни рад этиш мақсадида ўргана бошлайди. Бу ўрганишлари ҳосиласида у билган дунёси ёлғон ва ҳаёлотлигини, ҳақиқат асли тамоман ўзгача кўринишда эканини англайди.

«Менга Яратганнинг фазли марҳамати насиб этиб Ёлғиз Аллоҳни таниганимдан бахтиёрман. Менинг исмим Муҳаммад Умар Рао, Ҳиндистонликман. 6 йил аввал Исломни қабул қилдим. Ўша вақтда ёшим 18да эди. Бугун сизлар билан ҳидоятга қандай келганим ҳақида ўз фикрларимни бўлишмоқчи эдим. Балким, ушбу ҳаётий ҳикоя мусулмон бўлмаганларга ҳам фойдаси тегар. Мен ўзимнинг ҳидоятим тарихини икки дўстим билан баҳам кўрдим. Алҳамдулиллаҳ, улар менинг қарорим тўғри эканига ишонч ҳосил қилишди ҳамда Қуръони Каримни ўқий бошлашди ва Исломни қабул қилишди.

Мен брахманлар оиласида туғилганман. Ўртаҳол даражада яшаганмиз. Онам ўқитувчи, отам бўлса муҳандис-технолог бўлиб ишларди. Диний таълимни она томондан тоғамдан олганман. У менга ҳиндуий динини ўқитган ва ёшлигимдан Исломга нисбатан адоват, душманлик руҳида ўстирган. Оилам ва бизнинг диний қарашларимиз ҳамиша мусулмонларга қарши руҳда бўлгани сабаб ушбу тушунчалар қалбимда чуқур ва мустаҳкам ўрнашиб олганди. 

Мен бир неча йил давомида RSS-каналга ёрдам берганман. Мусулмонлардан шу даражада нафратланардимки, барча «мусулмон ташвиқоти»га қарши ишловчи жамоат ташкилотларида иштирок этишни истардим. Интернет тармоғида маълумотлар билан ишлаш имкониятларига эга бўлганимиз боис, мусулмон дастурларида азон умуман эшитилмаслиги учун мусиқаларни қўшиб юборар, баланд овозда қўйиб ҳалақит қилардик. Кундузи шаҳарда юрганимда ибодатхонларимизга кириб, диний расм-русумларни тўлиқ адо этишга интилардим. Бор кучим билан ҳаракат қилганим, динимга содиқлигим учун оиламда мени яхши кўриб, қадрлашарди.

Бир куни ёзда онам менга савдо билан шуғулланувчи мусулмонларнинг бир ширкатидан иш топиб берди. Табиийки, мен дарров рад қилдим, ахир болалагимдан бери мусулмонлардан нафратланар эдим-да. Онам мажбурламай, ўз ҳолимга қўйди. Бир неча йил номусулмон ширкатда кам маошли ишда ишладим. Оилам кам бўлсада, пул ишлаб, фойдам тегаётгани учун хурсанд эдилар. Тез орада мен у ердан иш ёқмагани учун кетдим ва бошқа иш излай бошладим. Менинг онам ва икки опам мусулмон бошлиқ қўл остидаги ширкатда ишлашарди. Улар ўз ишларидан мамнун эдидар.

Мен бўлсам, қайтанга у инсонни ёмон кўрардим. Сабаби, оиламдагилар мен умуман қабул қилмайдиган одамни ҳурматлашар, мақташар эди. Шунингдек, оиламга тузукроқ молиявий ёрдамим тегмаётгани ҳақидаги воқелик ҳам мени ерга урарди, асабимни бузарди. Ноилож қолиб, қалбим билан норози бўлган ҳолда у инсоннинг ширкатига ишга кирдим. Унинг дўконида ишлай бошлаганимда, мени баттар жиғимга тегиб, ғашим кела бошлаган нарса кўплаб ўша ерда ишлайдиган номусулмон ходимлар бирин-кетин Исломни қабул қилишмоқда эди. Шунда бу «валийнеъмат» одамга бир «дарс» бериб қўяман ва менинг диним энг тўғри дин эканини исботлаб қўяман дея, ўзимга бир чақириқ ташладим!

Айнан мана шу сабаб йўлимнинг бошланиши бўлди. Исломни ўрганишга соғлом фикр ва ҳидоят ато этгани учун Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Ўша пайтдан бошлаб менинг мақсадим Исломни ўрганиш, тадқиқ қилиш эди. Мен у ҳақда кўпроқ билиш мақсадида Абдулла Юсуф Алининг инглиз тилида таржимаси бўлган Қуръони Каримнинг маънолари таржимаси нусхасини ўқий бошладим.

Бу талабалик ҳаётимни ўзгартириб юборди. Авваллари доимий қўрқув ва шубҳалар ичра яшардим ва ниҳоят тушунганим шу бўлдики, қилиб юрган ишларимнинг бари бекорчи вақт ўтказиш экан ва дин деб эътиқод қилганим бўлса, ўйлаб топилган афсоналар ва тўқилган ёлғон эртаклар экан...

Менда жуда кўплаб саволлар ҳамда иккиланишлар пайдо бўлди... Мен қаерга боришим ва нима қилишим керак? Менинг вазифам, бурчим нимадан иборат? Нега ҳидоят кўрсатмаси, Рисолат барчамизга етиб бормайди, англаб етмаймиз? Яна бундан бошқа кўплаб саволлар юзага келарди ва менинг талабалик ҳаётим Ҳақни излаш томонга қараб бурилди.

Мен ота-онам ва атрофимдагилардан ҳар нарсага қодир Худонинг бу тасвирлари қаердан пайдо бўлган ва уни ким кўрганини тушунтириб беришларини сўрадим. Лекин ҳеч ким бунга жавоб беролмади ва уларни ҳаммалари Худони ҳеч ким кўрмаган дейишарди. Бу албатта ҳақ. Чунки Қуръони Каримнинг бир неча ўринларида бу ҳақда зикр этилганини ўқидим. Бора-бора айрим афсонавий ривоятлар мени ишончимни йўқотди. Рам, Сита, Ганеш ва Чамундесвари ва бошқа қаҳрамонлар ҳақидаги афсона ва ривоятлар мен учун ўз маъносини йўқотди. Мен бошқа уларни илоҳлар, худолар сифатида тасаввур қилолмасдим.

Ота-онамга қараб, турли бут ва илоҳларга сиғинишни Веда (ҳиндуийликдаги санскрит тилида ёзилган энг қадимий муқаддас китоботлар тўплами. Тарж.) ман қилса, нега биз уларга сиғинамиз десам, онам мени уришиб бердилар ва биз шундай қилишимиз керак, чунки бизнинг аждодларимиз шундай таълим беришган ва бундай нотўғри саволлар бермаслигим кераклигини айтди. 

Эртаси куни мен Қуръондаги ушбу оятни ўқиб қолдим: «Уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашингиз», дейилса, улар: «Йўк, биз оталаримизни нимада топсак, шунга эргашамиз», дейдилар. Оталари ҳеч нарсага ақли етмаган ва ҳидоят топмаган бўлсалар ҳам-а?!» (Бақара сураси, 170-оят).

Ва яна бир оят ўқидим. Унда: «Улар бир уммат эди, ўтиб кетдилар. Уларга ўзлари касб қилганлари бўлади. Сизларга ўзингиз касб қилганингиз бўлади. Уларнинг қилган амалларидан сиз сўралмайсиз», (Бақара сураси, 134-оят), дейилган эди.

Бу оятларни ўқиганимда, саволларимга айнан жавоб олганимдан карахт ҳолга тушиб қолдим. Ушбу оят менинг онги шууримни ўзгартириб юборди. Мен аста-секин бутларга ибодат қилишни ва пужу – (ҳиндуийликда ибодат маросими) ни тарк эта бошладим. Чунки билишимча, булар ширк эди. Ширк амали эса кечирилмайдиган ягона гуноҳ экан. Мен барчадан яширин Ислом таълимотини ўргана бошладим. Бақара сурасидан ўқиб билганларимдан бири шу бўлдики, киши агар Исломни бутун қалби билан қабул қилмаса, бу мунофиқлик ва иккиюзламачилик ҳисобланар экан.

Яна шуни билдимки, Қуръонда мени ақлимни банд қилган барча саволларнинг жавоби бор эди. Ушбу оят бунга ёрқин далил бўлди: «Бугунги кунда Мен сизнинг динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим». (Моида сураси, 3-оят).

Аллоҳнинг марҳамати ила, оилам билан Ислом ҳақида билганларимни баҳам кўра бошладим. Мен талаба эдим ва техника фанлари бакалаври дипломини олиш арафасида эдим. Бу вақтда мен Исломим ҳақида очиқчасига гапира бошлагандим. Лекин охирги курсда мени ўқишдан «йиқитишди» ва менда оиламни қолдириб бошқа ерга кўчиб ўтишдан ўзга танлов қолмади.

Менинг синглим ҳам ўша ондаёқ Исломни қабул қилди ва мен билан кўчиб кетишга қарор қилди. Биз доимий моддий таъминотсиз ва ишсиз бир йилдан ортиқ вақт мобайнида уйимиздан олисда яшадик. Ўша оғир ва синовли кунларимизда иймонимизга содиқ қолишга мадад берган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!

«Одамлар »иймон келтирдик« дейишлари ила имтиҳон қилинмай, тарк этилишларини ўйладиларми?» (Анкабут сураси, 2- оят).

Бизнинг ҳаёт йўлларимизда Аллоҳ ҳамма вақт янги имкониятлар эшигини очади. Мен аввалги ишимдан бўшашимга тўғри келди. Чунки у ерда беш маҳал намозимни ўқишга шароит йўқ эди. Мен механика саноати соҳасида ишлардим ва ишим сменали бўлгани учун айрим намозларни ўтказиб юборишга мажбур бўлардим. Бу соҳада бир йилдан ортиқроқ ишлаб, ишдан бўшадим. Кейин бўлса ўзимга мос, ибодатларимни адо этишга қулай иш тополмай бирмунча вақт ишсиз юрдим.

Аллоҳнинг мадади ила йилига 2 минг рупий маош бериладиган ўқитувчилик ишини топдим. Аста-секин ундан ҳам яхшироқ вазифага ўтдим. Ҳар нарсага қодир Аллоҳ ўзининг марҳамати билан бизни асло муҳтожликда ташлаб қўймайди».

 

Таржима ва таҳрир: Бобур Аҳмад.

17.06.2022

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Устозларни ҳурмат қилиш диннинг шиорларидан биридири. Зеро олимларни эъзозлаш ва ҳурмат қилиш динимиз кўрсатмаси ҳисобланади. . ,. .Анас розияллоҳу давоми...

4570 05:00 / 03.03.2017
Ҳар бир банда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан яна бири мунофиқликдир.Араб тилида мунофиқликни англатувчи сўзларнинг ўзаги бўлмиш .нифоқ, сўзи ичи давоми...

10337 23:55 / 13.05.2017
Ўзининг каломи шарифида Эй иймон келтирганлар Албатта, хамр, қимор, бутлар ва фол очадиган чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, давоми...

3716 05:00 / 02.03.2017
Ватан ҳар бир инсон учун энг қадрли ва энг суюкли бўлган даргоҳдир. Комил инсон ўзи учун қадрли ва суюкли бўлган, унинг бағрида киндик қони тўкилиб туғилган, у давоми...

4202 05:00 / 04.03.2017