1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Мулла Аҳмадхон қори (1914-1995)

17:00 / 14.04.2022 1725 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мулла Аҳмадхон қори 1914 йили Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси (ҳозирги Нодира кўчаси)да зиёли оилада таваллуд топди. Қиблагоҳи мулла Бобохон (ваф.1947) қори, бобоси эса ҳазрат мулла Иномиддин бўлганлар. Бу икки зот халқнинг ҳурмат эътиборини қозонган, аҳли илм ва аҳли тақво кишилар бўлишган. Ҳазрат мулла Бобохон қори Петербургга пахта экспорт қилган ўз даврининг моҳир дипломат савдогари, шунингдек, устоз Абдулғофур қори домланинг биринчи пешқадам шогирдларидан бўлган.

Мулла Аҳмадхон дастлабки диний сабоқни оила муҳитида ота-онасидан олади. Сўнгра ўша даврнинг машҳур мударриси ва Қуръон ҳофизи Абдулғофур махдум ва у кишининг ўғли Ҳомидхон махдум домлалардан Қуръони Каримдан таълим олиб, 11 ёшида Қуръон ҳофизи бўлиб етишади ва хатми Қуръонга имомликка ўта бошлайди.

Тахминан, 1928-1930 йилларда шўролар томонидан қаттиқ таъқиб остига олинган мулла Бобохон қори оиласи, мол-мулкларини ташлаб, она юрти Намангандан Қошғарга кўчиб кетишга мажбур бўлади. Натижада, Шўролар мулла Бобохон қорининг мол-мулкини талон-тарож қилиб, оиласи ўтирган ҳовлини ҳам мусодара қилади.

Афсуски, қатағон даври Аҳмадхон қорини ҳам четлаб ўтмади. Бешафқат давр синовларини бошидан кечирди. 1937 йили совет ҳукумати Аҳмадхон қори домлани ҳибсга олиб, Москванинг бир чекка қишлоғига сургун қилади. Аввалига, шўролар Аҳмадхон қорини Москва канали қурилишига сафарбар қилади. Кейинчалик  эса Иккинчи Жаҳон уруши бошланиб, фронтга жўнатади. Урушда Аҳмадхон қори домланинг ўнг кўзларига ўқ тегиб, бир умрга ожиз бўлиб қоладилар. Шунда ҳам советлар Аҳмадхон қоридан фойдаланишдан тўхтамай ишчи батальон «Рабочий батальон»га олади. 1945 йили сабр косаси тўлган Аҳмадхон қори 3 сутка поездда йўл юриб, Тошкенга қочиб келади. Ўшанда то етиб келгунча «солату тунажжийно»ни ўқиб келган экан. Аллоҳнинг ҳифзи ҳимояси ва марҳамати бўлиб, йўлда бирон киши Аҳмадхон қорини тўхтатмаган экан.

Маълумотларга кўра, Мулла Аҳмадхон қори домла Тошкентга келиб, чегачилик (синган чинни ва сопол идишлари таъмирлайдиган қадоқчи) уста бўлиб кун кўрган. Ўша пайтлари Аҳмадхон қори Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон назарларига тушади. Натижада, у зотнинг кўмаклари билан 1959 йилгача Ангрен, Оҳангарон, Хўжанд, Жамбул шаҳарларида масжидларда имом бўлиб ишлаб, халққа зиё улашадилар.

Аҳмадхон қори бир вақтнинг ўзида Тошкентда икки кишидан илм ўрганган эканлар. Улардан бири Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратлари ва татар (нўғай) миллатига мансуб Ҳасан ҳазрат деган зотлардан таълим олган эканлар. Нўғай домладан таълим олганлиги сабаб аҳли уламолар ҳазиллашиб «абзе» деб ҳам чақиришар экан. Ана шу вақтларда Аҳмадхон қори домла араб, форс, рус ва татар тилларини, сарф ва наҳвни устозларидан пухта ўрганиб, олим бўлиб етишади.

1959 йили онаси мулла Отабой қизи Махмудахон ойим (1886-1972) ўғли Аҳмадхон қори домлани Наманганга чақиртириб олади. Шу йили мулла Нуриддин пешқадам номи билан машҳур бўлган кишининг қизлари Оминахон (1931-2015) пошша билан турмуш қуриб, уч нафар ўғил фарзанд кўришади.

Улар Орифжон (1962-1963), Абдуллоҳ (Абдулбоқи 1964) ва Муҳаммад Солиҳ (1967-2014) лар.

Аҳмадхон қори 1960 йилларда халқ орасида «араб қори», «кўзойнак қори» деган номлар билан машҳур бўлади.

Бир куни Косонсойдан бир вакил келиб, таълим бергани одам сўрайди. Шунда Кароматхон эшон бошчиликларидаги бир гуруҳ шаҳар олимлари Аҳмадхон қори домла ҳузурларига келиб, «сиздан бошқа инсон Косонсойга боришига кўзимиз етмади. Шу сабаб, бу масъулиятли ишни сизга лозим топдик», дейишади. Аҳмадхон қори ўрниларидан туриб розиликларини изҳор этадилар. Шундан сўнг нақд 32 йил давомида Косонсойлик юзлаб кишиларга ҳарф ўргатиб, илм-маърифатли қиладилар.

Аҳмадхон қори 1967 йил Туркистонга эшон Абдулвоҳид ҳазратларини зиёрат қилгани бориб, у зотга байъат қилади. Кейинчалик эса пиру муршиддан шариат асослари ва тариқат одобларини ўрганиб, илму ирфонда камол топади. Кейинчалик пиру муршиди унга тариқатда халифа бўлиш ҳуқуқини берувчи иршоднома (йўл, йўриқнома диплом) битиб беради. Ҳозирги кунда мазкур иршод авлодлари хонадонида сақлаб келинмоқда.

Шаҳримизнинг кўплаб аҳли уламолари бу зотдан таълим олиб, шогирд бўлиш бахтига муяссар бўлишган. Шулардан баъзиларини санаб ўтсак:

Яҳёхон тўра, Мўйдинхон домла, Абдулатифхон домла (Хашак маҳалла), Омилхон қори бувалар (Бой кўча) ва халифа Муйдинхон домла (Косонсойлик) ва бошқалар.

Аҳмадхон қори домланинг ўғиллари Адулбоқи ака оталарини шундай хотирлайдилар: «Отам раҳматли халқ орасида обрў-эътиборли киши бўлсалар ҳам, ўзлари камтар, самимий ва ҳалим киши бўлганлар. Фақирона ҳаёт кечириб, умрлари давомида нураб тушиб кетган эски кулбада яшаб ўтдилар. Отам молу-дунёга ҳирс қўймаган, доимо илм талабидаги инсон эдилар. Уларни қизиқ одатлари бор эди. Ҳар йили эрта баҳор катта эҳсон қилиб, йил давомида тўплаган маблағ ва барча назрларини ҳатто, уйдаги идиш-товоқларни ҳам камбағал бева-бечораларга тарқатиб юборар эдилар.

Аҳмадхон қори домла 1995 йил 15 апрел куни вафот этдилар. У киши шаҳарнинг катта қабристони «Мангулик» мазорига дафн қилинади.

Аллоҳ ўтганларимизни Ўзи раҳматига олсин.[1]

 

Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов

 
 
 


[1] Ушбу маълумотлар мулла Аҳмаджон қори авлодларининг шахсий архивидан олинди.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Агар ҳақ сўзни айтолмасанг, ботилга қарсак чалма Агар сенга ҳасад қилувчини тополмасанг, билки, сен муваффақиятсиз инсон экансан. Аллоҳга, бирор нарса бериши учун давоми...

2725 18:30 / 27.05.2021
ndash Муҳтарам муфтий ҳазратлари Турғунлик йилларининг жамиятимизга етказган иқтисодий ва маънавий зарарлари тобора кўпроқ ойдинлашмоқда. Бу зарарларнинг давоми...

508 17:25 / 26 апрель
ndash Ислом ақидасига кўра меҳршафқат йиллар ва замонлар ўтиши билан кўпаядими ёки камаядими Масалан, меҳршафқат, мурувват туйғуси 40 50 йиллардан кейин қай аҳволга давоми...

365 13:12 / 27 апрель
mdash Ҳазрат, бугун Исломий уйғониш тўғрисида гапириш мумкинмиmdash Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Албатта. Фақат умумжамият диний уйғониши замирида. Менимча диний давоми...

1016 09:11 / 30 март
Аудиолар

120550 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7050 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42156 14:35 / 11.08.2021