1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Ҳазрат Абдусаттор махдум

14:00 / 22.03.2022 1749 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

20 асрда яшаб, фолият юритган Наманганлик машҳур уламо Мулла Абдусаттор махдум 1891 йили Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси (ҳозирги Янгиобод маҳалласида) Абдураҳмон махдум хонадонларида дунёга келди.

Отаси Абдураҳмон махдум ва бобоси Абдулқаюм махдумлар ўз замонасининг ўқимишли кишиларидан бўлиб, шариат аҳкомларини маҳкам тутган хонадон соҳибларидан эдилар. Отаси Абдураҳмон махдум машҳур хофизи Қуръон ва мударрис бўлган.

Падари бузруквори Абдураҳмон махдум ва волидаи меҳрибони Бўта муаллим ойим, фарзандлари Абдусатторни тили чиқа бошлаши биланоқ, «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» калимасини ўргата бошлайдилар. Натижада Абдусаттор махдум оила муҳитида исломий тарбия олиб, улғаяди. Ота-онаси Абдусатторни эркалатиб «қорихон» дея чақиришарди. Шу тариқа Абдусаттор махдум илк сабоғини ота-онасидан олади. Сўнгра ўша даврнинг пешқадам уламоларидан Икромхон тўра (ваф. 1926) ва у кишининг укаси Собитхон тўра (1866-1928) ибн Файзихон тўралардан таълим олади. У устозларидан Қуръон, тафсир, фиқҳ, ақоид ва ҳадис ҳамда бошқа илмларни пухта ўрганиб камол топади.

«Абдусаттор махдум Абдураҳмон қори ўғиллари шаҳримиздаги аҳли илм уламоларнинг олди эдилар. Бирон бир жойга борсак Қуръони Каримни тафсир қилиб, оятларни шарҳлаб, маъноларини айтиб берар эдилар. Абдусаттор махдум домла новчагина, қадди-қоматлари келишган, юзлари юмалоқ, салобатли ва кўркам инсон бўлганлар. Гаплари ҳеч кимга ботмас, кўпчиликни ҳурмат-иззатидаги олим ва фозил киши эдилар»[1].

 

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси Муфтий Зиёвиддин ибн эшон Бобохон ҳазратлари Наманганга келсалар, биринчи бўлиб ҳазрат Абдусаттор махдум домлани зиёрат қилиб, дуоларини олиб, кейин бошқа ишга ўтар эканлар.

Шаҳримиздаги кўплаб аҳли уламолар ва ҳофизи Қуръонлар бу кишининг даргоҳлари (қорихоналари)дан сабоқ олиш бахтига муяссар бўлишган. Шулардан баъзиларини санаб ўтамиз:

Ҳафизхон тўра (1910-2006) домла, Шамсиддин қори (1914-1998) домла, укалари Абдуқаҳҳор (1894-1980) махдум ҳамда Абдубанно (1897-1975) махдумлар, Муҳсинжон тўра (1927-2021) домла, Ҳорунхон домла ва бошқалар.

Ҳорунхон домла хотирлаб айтади: «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъаткор Камолиддин Раҳимов (1943-2015)нинг 70 ёшга тўлгани муносабати билан 2013 йил ёзилган дастурхонда, Ҳорунхон домламиз бир қизиқ воқеани айтиб бердилар:

«Адашмасам тахминан, 1972 йиллар Камолиддин биродаримизнинг қўшнилари бўлмиш Абдусаттор махдум домланинг хонадонларида хатна тўйи бўлаётган эди. Бир пайт Камолиддин биродаримизнинг оталари Қаюмжон қори домла менга Ҳорунхон, Абдусаттор домладан рухсат олиб берсангиз. ўғлим йиғилганларга Машраб ғазалларидан хиргойи қилиб, Абдусаттор махдум домланинг назарларига тушиб, дуоларини олиб қолса дегандим, дедилар. Ҳорунхон домла майли деб, рухсат олиб бердилар. Бир вақт Камолиддин Машраб ғазалларини куйга солиб айтиб бера бошлади. Ғазални тамомлагандан сўнг ҳазрат Абдусаттор махдум Камолиддинга ташаккур билдириб, ҳаққига дуо қилдилар. Ушбу назар ва дуо сабаб, Камолиддин биродаримиз эл-юрт ардоғидаги машҳур санъаткор бўлдилар, — деган эдилар».

Усмонхон Исроил қори ўғиллари хотираларидан:

«Ҳазрат Абдусаттор махдум домла зукко, ўткир зеҳнли, хотиралари кучли инсон бўлиб, дилингизда нималар кечаётганини сезиб олардилар. Бирон савол сўрасангиз ҳозиржавоблик билан жавоб берардилар».


Манбаларда келтирилишича, академик, машҳур табиб Муҳиддин Умаров (1947-2011) шундай деганлар: «Жалолободлик устозим машҳур Абдулҳаким табиб билан Абдусаттор махдум домлалар ўрталарида яқин алоқа борлигини бир воқеа сабаб билганман. Мен бу икки улуғ зотларнинг авлиёлик файзлари ҳамда кашфу кароматларидан насибадор бўлганман. Қолаверса, Абдусаттор махдум домла 20 аср ўрталарида Наманганда фатво бериш, чигал диний масалаларни ҳал этиш, никоҳ, талоқ ва мерос тақсимлаш каби масалаларда ягона олим ва фозил инсон бўлганлар, дея келтирилган»[2].

 

Ҳазрат Абдусаттор маҳдум домла 1975 йил, 28 январь куни, 84 ёшларида оламдан ўтдилар. Жанозаларини Исмоил махдум домла ўқиб бердилар.

Абдусаттор махдум домлани шаҳарнинг катта қабристони «Мангулик» мозорига дафн қилинди.

Абдусаттор махдумнинг оилалари ва фарзандлари тўғрисида тўхталиб ўтмоқчимиз. Махдум домла икки аёл билан турмуш қурганлар. Аввалги аёли Марямхон ойим (ваф. 1960) бўлиб, ундан 3 нафар қиз ва 1 нафар ўғил фарзандлари бор.

Ўғиллари Абдулҳафиз махдум (1932-2012), Муҳаббатхон ойим (1937-2002), Нуриддин (ваф.1983) ота қизи билан турмуш қурганлар.

Уларни 4 нафар ўғил, 3 нафар қиз фарзандлари бор.

Фарзандлари Абдулҳай (1958), Анасхон (1964), Носиржон (1970), Неъматжон (1975)лар.


Абдусаттор махдумнинг кейинги  аёли Маҳбубахон ойим (1919-2008) Икромхон тўра қизи бўлиб, бу аёлдан фарзанд кўрмаганлар[3]. 

 

Ҳозирги кунда Абдусаттор махдумнинг абиралари Тоҳохон (1980) Абдулҳай ўғли аҳли илм, аҳли Қуръон бўлиб, халқнинг яхши-ёмон кунларида хизмат қилиб келмоқда. Аллоҳ таоло ўтганларимизни ўзи раҳматига олсин.

Акрам Шарипов, мустақил тадқиқотчи. 

Тошкент вилояти, Чиноз тумани, Олмазор қўрғони. 


 
 


[1] Ҳ. Сиддиқов. Яхшилар гулзори. — Ф.; Фарғона, 2007. Б. 26.

[2] А.Жабборов. Азизлар изидан порлаган чироқ. — Ф.; Фарғона, 2007. Б. 39-43.

[3] Ушбу маълумотлар Абдусаттор махдум авлодларининг шахсий архивидан олинди.


 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
У кишининг тўлиқ исмлари Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Абул Барокат Ҳофизиддин ан Насафийдир. У киши замонасининг етук олимларидан бўлиб, фиқҳ, усулул фиқҳ, давоми...

4526 22:20 / 27.04.2017
Шайх Абул Фазл Мансур ибн Наср ибн Абдураҳим ибн Матта Самарқандий Коғазий. Самарқанддаги санад соҳибларидан. Мансурий қоғози олий навли шу кишининг номларига давоми...

1120 13:30 / 20.06.2021
Оламга тақдим этилган илк жўғрофий харита мусулмон географ олими ва тарихчиси Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Идрис томонидан чизилган. .Шарифи Идрисий, давоми...

1437 10:50 / 14.08.2023
Мисрлик аллома Шайх Муҳаммад Жамолиддин Ҳошим ҳафизаҳуллоҳ шайх Алий Солиҳ ҳақида шундай дейди .Шайх Алий Солиҳ алАзҳарнинг қадимий манҳажи бўича таълим олган. У давоми...

897 15:22 / 15.11.2022
Аудиолар

120556 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7051 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42160 14:35 / 11.08.2021