1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат

Бошини имомдан аввал кўтарувчилар

19:00 / 12.12.2021 1532 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَمَا يَخْشَى الَّذِي يرَفَعُ رَأْسَهُ قَبْلَ الْإِمَامِ أَنْ يُحَوِّلَ اللهُ رَأْسَهُ رَأْسَ حِمَارٍ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бошини имомдан олдин кўтарувчи одам Аллоҳ ундай бошни эшакнинг бошига айлантириб қўйишидан қўрқмайдими?» дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу иқтидо қилувчининг намоз амалларини, жумладан, бошни саждадан кўтаришни ҳам имомдан олдин қилиши ҳаром эканлигига далолатдир. Ҳадисдаги таҳдид имомдан олдин бош кўтарадиган муқтадийга нисбатан айтилган бўлиб, улар имомга иқтидо қилиш одобига амал қилмай, фаҳмсизликдан «эшакмия» бўлиб қолишдан қўрқишлари лозимлиги таъкидланмоқда.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: صَلَّى بِنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ذَاتَ يَوْمٍ، فَلَمَّا قَضَى الصَّلَاةَ أَقْبَلَ عَلَيْنَا بِوَجْهِهِ فَقَالَ: أَيُّهَا النَّاسُ، إِنِّي إِمَامُكُمْ فَلَا تَسْبِقُونِي بِالرُّكُوعِ وَلَا بِالسُّجُودِ وَلَا بِالْقِيَامِ وَلَا بِالاِنْصِرَافِ، فَإِنِّي أَرَاكُمْ أَمَامِي وَمِنْ خَلْفِي. ثُمَّ قَالَ: وَالَّذِي نَفْسُ مُحَمَّدٍ بِيَدِهِ لَوْ رَأَيْتُمْ مَا رَأَيْتُ لَضَحِكْتُمْ قَلِيلًا وَلَبَكَيْتُمْ كَثِيرًا، قَالُوا: وَمَا رَأَيْتَ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: رَأَيْتُ الْجَنَّةَ وَالنَّارَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни бизга намозга ўтдилар. Намозни адо этиб бўлганларидан кейин бизга юзларини буриб:

«Эй одамлар, албатта, мен сизнинг имомингизман. Мендан олдин рукуъ ҳам, сажда ҳам, қиём ҳам, чиқиш ҳам қилманг. Бас, албатта, мен сизларни олдимдан ҳам, ортимдан ҳам кўрурман», дедилар. Сўнгра: «Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ҳаққи қасамки, агар мен кўрган нарсани кўрсангиз, оз кулиб, кўп йиғлар эдингиз», дедилар. «Нимани кўрдингиз, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди.

«Жаннатни ва дўзахни кўрдим», дедилар».

Икки Шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Намоздаги амалларни, айниқса рукуъ, сажда, ўриндан туриш ва салом бериб, намоздан чиқиш амалларини имомдан олдин бажариб бўлмаслиги.

Ким имомдан олдин такбири таҳрима айтса ёки салом берса, намози намоз бўлмайди.

Бошқа амалларни имомдан олдин қилган одам эса гуноҳкор бўлади, намозларининг савоби кетади, аммо намози ботил бўлмайди.

2. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан ҳам, ортларидан ҳам баробар кўришлари. Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос хусусиятлардандир.

3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жаннат ва дўзахни кўрганликлари.

Демак, жаннат билан дўзах ҳозир ҳам бор. Уларнинг борлигига иймон келтирган, дўзахдаги азобларни, жаннатдаги лаззатларни кўз олдига келтириб яшаган одам оз кулиб, кўп йиғлайди. Ҳаёти давомида жаннатга олиб борувчи ишларни кўпроқ қилишга, дўзахга олиб борувчи ишлардан узоқда бўлишга ҳаракат қилади.

Шу жиҳатдан ҳадиси шарифга тўлиқ амал қилмоқ керак. Хусусан, имомга иқтидо қилиб намоз ўқиган пайтимизда намознинг амалларини ундан олдин қилмасликка, ҳамма ҳаркатни имомдан кейин қилишга муваффақ бўлмоғимиз лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч киши бўлсак, биримизнинг олдинга ўтишини амр давоми...

2987 19:00 / 05.12.2021
Ажойиб давра бўлган эдида, ўшанда. Нега ажойиб бўлмасин Ахир, улар орасида Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бор эдиларку Саҳобалар у зотнинг юзларига давоми...

2257 14:00 / 09 январь
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз кечаси таҳажжудга турса, намозини енгилгина икки давоми...

791 11:18 / 27 январь
. . . .Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешинни беш ракат ўқидилир. Бас, у зотга.Намозда давоми...

2482 14:00 / 21.02.2021