1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

«Зулхаласа» ибодатхонасининг бузилиши

12:00 / 16.11.2021 1655 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Макка фатҳ этилгач, Аллоҳнинг дини ҳамма томонга тарқала бошлади. Кишилар Ислом таълимоти остида ҳаёт кечиришни афзал кўра бошладилар. Мадинадаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ Ислом давлати Қуръони Карим таълимотларини ҳаётга татбиқ қилиб, икки дунё саодатига қандай қилиб эришиш мумкинлигини ҳаммага амалда кўрсата бошладилар. Кун сайин, соат са­йин Исломнинг тарафдорлари, мусулмонлар сони кўпайиб борар эди.

Албатта, бу ҳолат Қурайшни тинч қўймас, мушрикларнинг жизғанаги чиқиб, нима қилиб бўлса ҳам, мусулмонларга зиён етказишга ҳаракат қилишар эди.

Бану Бакр билан Хузоъа қабилалари ўртасида қадимдан адоват бор эди. Исломдан олдин улар бир-бирлари билан урушиб юришар эди. Ислом келгандан кейин бу адоват тўхтаган эди. Ҳудайбия сул­ҳи тузилганидан кейин ушбу икки қабила бир-бирига қарши бўлган икки томонга иттифоқдош бўлиб, уларнинг душманликлари яна янгиланди.

Бану Бакр қабиласи пайтдан фойдаланиб, Хузоъа қабиласидаги эски ўчини олмоқчи бўлди. Хузоъаликлар ўз қудуқларида машғул бўлиб турганларида Бану Бакр одамлари уларга тўсатдан ҳужум қилиб, йигирмадан ортиқ кишини ўлдиришди. Тўс-тўполон бўлиб, орада уруш чиқди. Қурайш ўз иттифоқдоши Бану Бакрга қурол етказиб берди. Қурайшнинг кўзга кўринган одамлари кечаси билдирмай бориб, урушда шахсан иштирок ҳам этишди.

Мазкур ҳодисалардан кейин Хузоъа қабиласининг одамларидан Амр ибн Солим Хузоъий қирқ отлиқ билан Мадинаи мунавварага қараб йўл олди. У тўғри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, тик турган ҳолда байт ўқиди. Унда у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзлари билан Хузоъа ўртасида иттифоқдошлик шартномаси борлигини эслатиб, ёрдам сўради. Қурайш у зот билан тузилган сулҳни бузганини, қудуқнинг ёнига келиб, рукуъ ва саждада турган кишиларни ўлдирганини айтди. У зот: «Сенга ёрдам берилади, эй Амр ибн Солим!» дедилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Амр ибн Солимга ёрдам берилиши ҳақида гапирган бўлсалар ҳам, ҳақиқатни аниқлаш учун гапнинг рост ёки ёлғонлигини текшириб кўрдилар ва саҳобаларга: «Сизларнинг ҳузурингизга Абу Суфён келиб, аҳдни мустаҳкамлашни ва унинг муддатини чўзишни сўрайдиганга ўхшайди», дедилар. Шундай бўлди ҳам. Қурайш ўз қилмишига надомат қилди. Ўзининг эсипастларидан баъзиларининг қилган аҳмоқлигидан афсусланди. Улар Абу Суфённи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига аҳдни мустаҳкамлаш ва унинг муддатини чўзишни сўраш учун юборишди.

Ҳижрий саккизинчи йил Рамазон ойининг 10-куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинадан чиқиб, Макка томон йўл олдилар. У зотнинг лашкарлари ўн минг кишидан иборат эди.

У зот юриб бориб, Марруз-заҳрон номли жойга тушдилар. Қурайш қабиласи бўлаётган ишлардан бехабар эди. Аллоҳ таоло бу ҳақда мушрикларнинг кўзларини кўр, қулоқларини кар қилиб қўйган эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг лашкарларини бошлаб Макка томон юрмоқчи бўлганларида Аббос розияллоҳу анҳуга: «Абу Суфённи водийнинг тор жойида ушлаб тур. У Аллоҳнинг аскарларини бир кўриб қўйсин!» дедилар.

Аббос розияллоҳу анҳу Абу Суфённи етаклаб бориб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган жойда тўхтатиб турдилар. Ўн минг кишилик музаффар Ислом лашкари Макка томон денгиздек мавжланиб келиб, ҳар бир қабила ўз байроғи остида ўта бошлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага унинг юқори тарафидан – Кадо тепалигидан кирдилар. Холид ибн Валидга ўз одамлари билан Макканинг паст тарафидан – Кудодан киришни топширдилар. Мусулмонлар ҳеч қандай қаршиликсиз Маккага кириб бордилар.

Ўша кунлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрикларнинг Лот, Манот ва Уззо каби бутларига сарийяларни (жангчи гуруҳларни) юбориб, уларнинг ҳаммасини буздириб юбордилар. Макка кўчаларида жарчи юриб: «Ким Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирган бўлса, уйида ҳеч бир бутни қўймай синдирсин!» деб жар солди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам турли қабилаларга ҳам сарийя юбориб, бутларини буздириб ташладилар. Жумладан, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Жарир ибн Абдуллоҳ ибн Жобир розияллоҳу анҳуни мушрикларнинг «Зулхаласа» номли ибодатхонасини бузишга юбордилар. У киши Бану аҳмаслик юз эллик отлиқ билан бориб, уни бузиб ташлади. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб хабарни етказди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг ва Бану аҳмасликларнинг ҳақларига дуо қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада ўн тўққиз кун турдилар.

«Ислом тарихи» биринчи китоби асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
У кишининг тўлиқ исмлари Умар ибн Хаттоб ибн Нуфайл ибн Абдулъуззо ибн Риёҳ ибн Абдуллоҳ ибн Қурт ибн Разоҳ ибн Адий ибн Каъб ибн Луай Қураший Адавийдир. У киши давоми...

1213 17:00 / 15 апрель
10бобФақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтадилар Музаккирда бўлиши шарт энг биринчи хислат солиҳликдир, чунки солиҳ бўлмаса, ақлли кишилар ундан қочиб, давоми...

1142 19:30 / 15.09.2020
Капрал Ҳасан Туркиянинг Игдир вилоятидаги Усмонлилар армиясининг салмоқли пулемётлар жамоаси таркибида бўлган. У вафот этгунига қадар Қуддусни 65 йил қўриқлаган давоми...

1883 09:07 / 16.11.2023
.Зотур риқоъ, сўзи луғатда .ямоқли, деган маънони билдиради. Айрим тарихчиларнинг фикрича, бу ғазот иштирокчилари оёқларига латталарни боғлаб олганлари учун давоми...

2013 11:03 / 29.08.2021
Аудиолар

120727 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42293 14:35 / 11.08.2021