1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Мўмин киши биродарининг кўзгусидир

10:00 / 16.11.2021 1684 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Мўмин киши биродарининг кўзгусидир. Унда бир айбни кўрса, тўғрилайди».

Шарҳ: Мўмин-мусулмонлар бир-бирларига кўзгу вазифасини ўташлари, бир-бирларининг айблари, камчилик ва хатоларини тўғрилашга ҳаракат қилишлари керак. Бу ниҳоятда яхши иш бўлиб, мўминлар бир-бирларига айбларини холисона билдириб, уларни бағрикенглик билан, хурсандчилик билан йўқотиб боришлари, халқ олдида кулги бўлмасликлари лозим экан.

Буни бугунги кунда «ўз-ўзини танқид қилиш» деб атайдилар. Одатда, инсон ўзининг айбини ўзи кўриши жуда қийин. Аммо четдан қараб, бошқанинг айбини кўриш жуда осон.

Ана шу айбни душман кўриб, қувонганидан ва гап-сўз қилганидан кўра, дўст кўриб, гап-сўзга айлантирмасдан, тезда тўғрилаш пайидан бўлгани афзал.

Мўминлар биродардирлар. Уларнинг биттасидаги айб бошқаларига ҳам айб бўлади. Шунинг учун биродарининг айбини тўғрилаган мўмин ўзининг айбини тўғрилагандек бўлади. 

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин киши биродарининг кўзгусидир. Мўмин мўминнинг биродаридир. Унинг йўқотганини тўлдиради, айбини эса беркитиб боради», дедилар».

Шарҳ: Биродарлар бир-бирларига кўзгу вазифасини ўтаб, бир-бирларининг айбларини беркитиб боришлари, йўқотиб боришлари керак экан.

Мўмин мўминнинг айбини кўра туриб, уни тузатмаса, бошқаларнинг олдида масхара бўлиши, кулгига қолиши мумкин. Шунингдек, бир мўмин иккинчи мўминга айбини айтиб, уни тузатишни таклиф қилса, айбдор мўмин аччиқланмаслиги, ғазабланмаслиги, балки ўша биродарига ташаккур айтиб, айбини дарҳол тўғрилашга киришиши лозим бўлади.

Муставроддан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Ким бир мусулмон устидан таом еган бўлса, Аллоҳ унга жаҳаннамдан ўша таом мислида таом едиради.

Ким бир мусулмон устидан либос кийса, Аллоҳ азза ва жалла унга жаҳаннамнинг либосидан кийдиради.

Ким бир мусулмонга нисбатан риё ва шуҳратпарастлик мақомида турса, Аллоҳ қиёмат куни унга нисбатан риё ва шуҳратпарастлик мақомида туради».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифни бошқача сўзлар билан қуйидагича ифодалашимиз мумкин:

Ким бир мусулмон бандани сотиб, мусулмоннинг зарарига иш қилиб, ўша ишининг мукофотига таом еган бўлса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қиёмат куни унга жаҳаннамдан ўша таом миқдорида таом едиради.

Бир одам мусулмон одамнинг зарарига ишлаб, гапини сотиб, пойлоқчилик ёки шунга ўхшаш ишларни қилиб, либос олиб кийса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қиёмат куни унга жаҳаннамнинг либосидан кийдиради.

Ким бир мўминга риёкорлик ва шуҳратпарастлик мақомида турса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қиёмат куни уни мана шу нарсалар билан жазолайди.

Демак, мўмин-мусулмонлар зинҳор-базинҳор бу дунёнинг матоҳи учун, либос учун, таом учун бир-бирларининг зарарларига иш қилмасликлари лозим. Мусулмонга зарар етказиб топилган таом, либос ёки шуҳрат ҳамда шунга ўхшаш нарсаларнинг барчаси қиёмат куни бало-офат, азоб-уқубат бўлиб қайтади.

Шунингдек, ҳеч ким мўмин-мусулмонга нисбатан риё ва шуҳратпарастлик мақомида турмаслиги керак.

«Одоблар хазинаси» китоби асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Барза Асламийдан ривоят қилинади.Эй Аллоҳнинг Расули Мени жаннатга киритадиган амалга йўллаб қўйинг,, дедим..Одамларнинг йўлидаги озор берувчи нарсани олиб давоми...

1737 16:00 / 24.07.2021
Бизнинг динимизда фақат мусулмон кексаларни эъзозлаш билан чегараланиб қолинмаган. Бу иш кенг миқёсда бўлиб, мусулмонлар билан бир диёрда яшаб турган давоми...

3090 11:30 / 02.07.2022
Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини Ислом таълимотлари барча соҳада мукаммал ва гўзал тарзда тақдим этилгандир. Бу нарса кексаларни эъзозлаш бобида ҳам яққол давоми...

1706 18:36 / 26.03.2020
Анас ибн Моликдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан аралашиб юрар эдилар. Ҳатто бир куни укамга .Эй Абу Умайр, нима бўлди нуғайр, давоми...

1275 16:17 / 19.12.2022