1445 йил 9 зулқаъда | 2024 йил 17 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Йўл четида ўтирганда нима қилиш лозим?

09:00 / 26.08.2021 1697 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Йўл четида улфатлар, қўшнилар, танишлар билан гаплашиб ўтирганларни кўп кўрганмиз. Ўзимиз ҳам баъзан шундай вазиятга тушиб қолганмиз.

Писта чақиб, сув ичиб, сигарет чекиб гаплашиб ўтиришади. Улар кетишаётганда ўзларидан писта пўчоғи, баклашка, сигарет қолдиғи, тупук билан булғанган ҳудуд қолдиришади.

Агар улар бировнинг уйи олдида, девори ёнида шу ишни қилган бўлсалар, мусулмоннинг остонасини булғаб, унинг қалбига озор берган бўлишади.

Баъзан машинаси борлар машиналарини йўл ўртасига яқин жойга тўхтатиб олиб гаплашаётганини кўриб қоламиз. Бирортаси «Машинани четга олиб, бошқаларга халақит бермайлик» демайди.

Йўл катта бувимиздан мерос қолмаганини, жамоат мулки эканини ҳис қилишимиз лозим.

Йўл четида туришимиз шу қадар муҳим экан, унда мана бу ҳадисга амал қилишимиз шарт.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўлларда ўтиришдан сақланинглар!» дедилар.

Шунда «Бизнинг йўлда ўтиришдан бошқа иложимиз йўқ, чунки гаплашадиган мажлисларимиз йўлларда бўлади», дейишди.

У зот: «Агар йўлда ўтиришдан бошқага кўнмасангиз, у ҳолда йўлнинг ҳақини адо этинглар», дедилар.

Улар: «Йўлнинг ҳақи нима?» деб сўрашди.

У зот: «Йўлнинг ҳақи кўзни тийиш, озор етказишдан тийилиш, саломга алик олиш, маъруф ишларга буюриш ва мункар ишлардан қайтариш», дедилар».

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.

Йўл четида ўтирган одам ҳадисдаги ҳукмларга амал қилиши лозим.

Бир гуруҳ эркаклар йўл четида гаплашиб ўтиришибди, йўлдан аёл киши ўтяпти ёки бирор эркак аёли билан ўтмоқда. Шунда улар аёлга назар солмай, кўзни тийишлари керак. Номаҳрамга шаҳват назари билан боқиш ҳаром амал.

Баъзан йўлда бораётган киши гаплашиб ўтирган йигитларнинг ёнидан ўтаётганда, йигитлар қаҳ-қаҳа отиб кулишади. Эҳтимол, улар ўзаро суҳбатдаги латифа учун кулишгандир, аммо ўтаётган киши «Менинг устимдан кулишяптими» деган хаёлда ноқулай аҳволга тушади. Шунинг учун бундай қилиқлардан сақланиб, ўтаётганларга озор бермаслик лозим.

Гаплашиб ўтирганлар ёнидан ўтаётган киши салом берганда ўтирганлардан бири алик олиши керак. Саломни эшитиб ҳам индамай ўтиравериш мусулмонга тўғри келмайди.

Йўлда биров биров билан тортишиб қолса, урушса, ўша атрофда ўтирганлар уларни ажратиб, яраштириб қўйишлари, мусулмон бир-бири билан урушмаслиги лозимлигини тушунтиришлари керак.

Кўчада ёмон иш қилаётган кимсани бу ишдан қайтариш ҳам йўл четида ўтирганлар қилиши лозим ишлардандир.

Аслида муҳим гап бўлмаса, йўл четида тўпланиб ўтирмаслик лозим. Бунда вақт исроф бўлади, йўлдан ўтаётган аёл-қизлар ўзларини ноқулай сезишади.

Бир аёл йўлда бораётиб қоқилиб тушади. Шунда аёл ўрнидан туриб, либосини қоқиб, «Хайрият эркаклар йўқ экан» дейди-ю йўлида давом этади.

Чунки ожиза аёлнинг йиқилганига кулиш эркакнинг иши эмас.

Аллоҳ таоло ҳолимизни ислоҳ қилсин, ҳаммамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исломнинг шонли тарихида жуда кўплаб умумий кутубхоналар бўлган. Ана шулардан энг машҳурларини саралаб, ўқувчиларимиз эътиборига ҳавола этишга қарор давоми...

1136 16:00 / 12.10.2021
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Макка торлик қилиб қолди. У зотни ҳимоя қилиб, ғамхўрлик қилиб турган амакилари Абу Толиб вафот қилди. Расулуллоҳ давоми...

2674 16:40 / 31.01.2022
Бир одам солиҳ зотларнинг бирлари билан суҳбатлашиб ўтирган эди. Cуҳбат асносида .Ўзи барака деган нарса бормикин,, деб сўраб қолди. Солиҳ зот .Итлар ва қўйларни давоми...

2717 11:15 / 22.06.2022
Роббимиз Аллоҳ оламларнинг Роббидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом оламларга раҳматдир. Китобимиз Қуръон барча замонлар ва барча маконларнинг китобидир. давоми...

1725 17:06 / 27.01.2022
Аудиолар

121482 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42979 14:35 / 11.08.2021