1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Умумий ва хусусий кутубхоналар

16:00 / 12.10.2021 1100 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломнинг шонли тарихида жуда кўплаб умумий кутубхоналар бўлган. Ана шулардан энг машҳурларини саралаб, ўқувчиларимиз эътиборига ҳавола этишга қарор қилдик.

Қоҳирадаги Фотимий халифалар кутубхонаси

Нафис саҳифа ва китобларни ўз ичига олган ажиб кутубхона эди. Мақризий бир миллион олти юз минг китоб бор, деган фикрга мойил бўлса-да, кўпчилик муаррихларнинг ривоят этишича, бу ерда жамланган китобларнинг сони икки миллионтага етарди.

Қоҳирадаги «Дорул-ҳикма» кутубхонаси

Ал-Ҳоким Биамриллоҳ томонидан 395 ҳижрий йилнинг 10 жумодил-охирасида очилган. Унга чиройли жиҳозлар қўйилиб, яхшилаб зийнатланган. Хизматчилар, муновиллар ва фаррошлар унинг ичида яшашган. Бунда олдинги подшоҳлардан биронтаси жамламаган китоблар йиғилган. Ундаги китоб жавонлари қирқта бўлиб, уларнинг ҳар бирига қадим илмларга тегишли 18 000 китоб қўйилганди. Кутубхонага кириш учун ҳаммага рухсат берилган бўлиб, баъзилар китоб ўқишга кирса, баъзилар нусха кўчириш учун, баъзилар эса таълим олиш учун ташриф буюришарди. Унда китобхонларга керакли бўлган ҳамма нарса: сиёҳ, қалам, қоғоз ва сиёҳдонлар мавжуд эди.

Бағдоддаги «Байтул-ҳикма» кутубхонаси

Бу кутубхонани Ҳорун ар-Рашид барпо қилган. Маъмун даврида шон-шуҳрат чўққисига чиққан. У ўзида китоб жамлаган жомеага ўхшарди. Одамлар унда музокара ва мутолаа қилишар, китоблардан нусха кўчиришарди. Кутубхонада махсус нуссох ва мутаржимлар бўлиб, улар Ҳорун ар-Рашид ва Маъмун Анқара, Умурийя ва Қибрисни фатҳ қилганларида қўлга киритган китобларни таржима қилиб ёзишарди. Ибн ан-Надиймнинг айтишича, Маъмун билан Рум подшоҳи ўртасида ўзаро алоқа бор эди. Маъмун уни айрим урушларда мағлуб этган бўлиб, ўрталарида тузилган сулҳга кўра, Рум подшоҳи ўз хазинасидаги китобларни таржима қилишга Маъмун жўнатган олимлар учун рухсат бериши керак эди. Рум подшоҳи ҳам ушбу шартни бажонидил бажарарди. Ғолиб ҳоким ғалаба учун ўз миллатининг фарзандларига мамлакатига келтириладиган илмий китоблардан кўра қийматлироқ нарсани кўрмади. Тарих сўзлаган бундан ҳам буюк ҳодиса борми?

Андалусдаги «Ал-Ҳикам» кутубхонаси

У жуда ҳам улкан ва кенг эди. Айтишларича, унда тўрт юз минг жилд китоб бўлган. Уларнинг мундарижалари ҳам диққат ва тартиб билан тузилган. Ҳатто ушбу кутубхонада мавжуд шеърий девонларнинг мундарижаси қирқ тўрт жузга етган. Нусха кўчириш санъатининг ҳаззоқлари, китобни жилдлаш касбининг усталари шу ерда эди. Андалус олдин ҳам, кейин ҳам бунчалик китоб хазинасини кўрмаган эди.

Тароблусдаги Бани Аммор кутубхонаси

У буюклик ва катталик мисолларидан бири эди. Унда бир юз саксон нуссох китоблардан нусха кўчирар эди. Нусха кўчириш иши кеча-кундуз тинмасди. Бани Аммор барча нодир ва янги китобларни ушбу кутубхонада бўлишига ҳаракат қилишарди. Мутахассис ва тожирлар мамлакатларни кезиб, фойдали китобларни чекка ўлкалар ва ажнабий давлатлардан келтиришга вазифалантирилганди. Бу кутубхонадан истифода этганини ал-Мааррий баъзи китобларида зикр қилган. Унда мавжуд китоблар миқдорида ихтилоф қилинган. Мўътадил сўзларга кўра, кутубхона ўзида бир миллион китобни жамлаган.

Хусусий кутубхоналар

Хусусий кутубхоналар тўғрисида ҳам тарих зўр ажойиботларни сўзлайди. Ислом оламининг ғарбидаю шарқида кутубхонаси мингларча китобни ўз ичига олмаган олим камдан-кам топиларди. Бу кутубхоналарнинг айримларини зикр қилиб ўтамиз:

 Ал-Фатҳ ибн Ҳоқон (248 ҳижрий йилда ўлдирилган) кутубхонаси. Унинг кутубхонаси жуда катта бўлиб, китобларни замонасининг фозил кишиларидан Алий ибн Яҳё ал-Мунжим йиғиб берганди. Ҳатто, бу кутубхонага берилган ҳикмат китобларини машҳур «Дорул-ҳикма» кутубхонаси ҳам кўрмаганди.

Ибн ал-Хашшоб (567 ҳижрий йилда вафот этган) кутубхонаси. Наҳвда одамларнинг энг билимдони эди. Тафсир, ҳадис, мантиқ ва фалсафадан яхши хабардор бўлган. Очкўзлик даражасида китобга ошиқ бўлган. Бу ошиқлиги уни китоб йиғишда маъқулланмаган йўлларни тутишга мажбурлаган. Масалан, китоб сотиб олиш учун китоб бозорида ҳозир бўлса, китобни арзон баҳода олиш учун сотувчиларни ғафлатда қолдириб, ундан бир варақ йиртиб олар ва: «Китобинг йиртилган экан», дерди. Ёки бировдан китоб сўраб олса, вақти келиб китоб соҳиби китобини талаб қилса: «Мен билан китоблар орасида дахлдорлик бор, бунга қарши туролмайман», дерди.

Жамолиддин ал-Қифтий (646 йили вафот этган) кутубхонаси. Тавсифига тил ожиз китобларни йиққан. У дунёда китобдан бошқасини севмасди. Ўзини китобга вақф қилиб қўйганди. Аҳли авлод машғул қилиб қўймасин, деб уйланишни рад этганди. Кутубхонасини Носирга васият қилган бўлиб, унинг баҳоси эллик минг динорга тенг эди.

Ҳалабдаги уламолар – Бани Жарода кутубхонаси. Улардан бири Абул Ҳасан ибн Абу Жарода (548 йили вафот этган) нафис китоблардан уч жавонини ўз қўли билан ёзган. Яна бир жавонини ўғли Абул Баракот, бир жавонини бошқа ўғли Абдуллоҳ ёзган.

Ал-Муваффиқ ибн ал-Матрон ад-Димашқий (587 йилда вафот этган) кутубхонаси. У китоб йиғишда олийҳиммат инсон эди. Ҳатто, у вафот этган пайтда китоб жавонларидаги тиббий ва бошқа китоблар сони ўн мингтага етарди. Унинг хизматида учта нуссох то вафот этгунча китоб ёзишган. Уларнинг маошлари ва таомларини ўзи бериб турган.

«Ҳилол» журналининг 9(30) сонидан олинди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Стэнфорд университетининг 2 йил аввал ўтказган тадқиқоти натижаларига кўра, Салоҳ Ливерпулда ўйнай бошлаганидан буён шаҳарда диний нафрат негизидаги жиноятлар давоми...

2576 09:00 / 27.07.2022
Масжидлар намозларни жамоат билан адо этиш жойларидир. Масжидлар Аллоҳнинг тоати ва зикри билан машғул бўлинадиган маконлар бўлгани учун улар .Аллоҳнинг уйлари, давоми...

13841 14:00 / 19 январь
Кўпроқ китоб ўқишни ҳаммамиз ҳам истайман, албатта. Лекин бунга доим ҳам имкон топмаймиз ёки ҳафсала бўлмайди. Қуйида берилаётган баъзи тавсияларга амал қилган давоми...

2185 10:02 / 16.10.2021
Луис ўн биринчи мунажжимларга ихлос қўйган эди. Ҳатто баъзида сиёсий ҳолатларни ҳам мунажжимлар башоратига қараб ўзгартириб юборар эди.Шундай буюк қиролнинг давоми...

3148 12:30 / 03.02.2022