1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Она қалби — фақат яхшилик тилайди

12:30 / 18.08.2021 2190 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида шундай марҳамат қилади:

إِذْ قَالَتِ امْرَأَةُ عِمْرَانَ رَبِّ إِنِّي نَذَرْتُ لَكَ مَا فِي بَطْنِي مُحَرَّرًا فَتَقَبَّلْ مِنِّي إِنَّكَ أَنتَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ

Имроннинг хотини: «Роббим! Албатта, мен қорнимдагини Ўзингга холис назр қилдим. Бас, мендан қабул эт. Албатта, Сен Ўзинг ўта эшитувчисан, ўта билувчисан», – деганини эсла! (35-оят).

Оятни ўқиган ёки эшитган одам ҳазрати Имроннинг хотинлари – Биби Марямнинг оналари нақадар тақводор, художўй, бутун вужуди билан Аллоҳга ёқадиган иш қилишга уринадиган зот эканини дарров англайди. Ҳамда Аллоҳ таоло Имроннинг аҳлини бекорга одамлар ичидан танлаб, саралаб олмаганини тушуниб етади. Одатда ҳомиладор аёл бўлғуси фарзандини, жигарининг бир парчасини ўзидан ҳам устун қўяди. Ҳазрати Имроннинг аёли ана шундай азиз жигарпорасини Аллоҳга холис назр қилмоқда:

«Имроннинг хотини: «Роббим! Албатта, мен қорнимдагини Ўзингга холис назр қилдим...»

Яъни холис ният билан, бирорта шартсиз, ўртага ҳеч қандай ҳақ ҳам киритмасдан, ҳамма нарсадан озод бўлган ҳолда назр қилмоқда. Боз устига, яна Аллоҳга илтижони кучайтириб:

«Бас, мендан қабул эт. Албатта, Сен Ўзинг ўта эшитувчисан, ўта билувчисан»,  демоқда. Булар олий даражадаги тақво ва Аллоҳнинг йўлидаги фидокорлик намунасидир.

فَلَمَّا وَضَعَتْهَا قَالَتْ رَبِّ إِنِّي وَضَعْتُهَا أُنثَى وَاللّهُ أَعْلَمُ بِمَا وَضَعَتْ وَلَيْسَ الذَّكَرُ كَالأُنثَى وَإِنِّي سَمَّيْتُهَا مَرْيَمَ وِإِنِّي أُعِيذُهَا بِكَ وَذُرِّيَّتَهَا مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ

Уни туққан чоғида: «Роббим, мен буни қиз туғдим-ку!!! – Ҳолбуки, Аллоҳ у нима туққанини яхши билади. – Ўғил қиздек эмас. Ва мен унга Марям деб исм қўйдим ва албатта, мен Сендан унга ва унинг зурриётига қувилган шайтондан паноҳ тиларман», – деди. (Оли Имрон сураси, 36-оят).

Ўша вақтларда ибодатхоналарга фақат ўғил болалар назр қилинар эди. Имрон алайҳиссаломнинг хотинлари ҳам ҳомиладорлик вақтларида, ўғил туғсам керак, деган гумон билан аввалдан назр қилган эди. Вақти-соати етиб, кўзи ёриган чоғида қараса, қиз туғибди. Ўз-ўзидан савол пайдо бўлди: назрга атаб қўйилган ҳомила ўғил бўлмади, ўғил туғилганида-ку, ҳеч қандай саволга ўрин қолмай, ибодатхонага топширилар эди, энди нима бўлади? Шу масалани билиш мақсадида:

«Уни туққан чоғида: «Роббим, мен буни қиз туғдим-ку!» – деди.

«Ҳолбуки, Аллоҳ у нима туққанини яхши билади».

Лекин Имрон алайҳиссаломнинг хотинлари назарида ибодатхона хизматида қиз бола ўғил болачалик бўла олмайди:

«Ўғил қиздек эмас», – дейди.

Кейин оналик меҳри жўшиб, гапнинг давомида:

«Ва мен унга Марям деб исм қўйдим ва албатта, мен Сендан унга ва унинг зурриётига қувилган шайтондан паноҳ тиларман», – деб дуо қилади.

Мусаффо оналик қалби шу – доимо ўзидан кечиб бўлса ҳам боласига – зурриётига камол, тинчлик-омонлик ва яхшилик тилайди.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қиладиАна ўшалар расуллардир. Уларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилдик. Улардан Аллоҳ гаплашгани бор ва давоми...

2702 11:05 / 05.04.2020
Мусодан кейинги Бану Исроилдан бўлган зодагонларни билмадингми Ўшанда улар ўз набийларига .Бизга бир подшоҳ тайин қилгин, Аллоҳнинг давоми...

3642 17:07 / 22.03.2020
Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилади.Садақаларни ошкор қилсангиз, бу қандай ҳам яхши Агар уларни махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз давоми...

2127 19:30 / 05.07.2020
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Оли Имрон сурасида шундай марҳамат қилади Албатта, одамларнинг Иброҳимга ҳақлироғи унга эргашганлар, мана бу Набий ва иймон давоми...

2114 16:18 / 04.10.2021