1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Алвидо Рамазон!

13:32 / 12.05.2021 1902 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу йилги Рамазон ойи юртимиз мусулмонлари учун ўзгача бир тароватда ўтди. Ихлосли мўмин-мусулмонларимиз кундузлари рўза тутиб, кечалари масжидларда таровеҳ намозларида, хатми Қуръонларда иштирок этиб, Аллоҳдан юртимиз тинчлиги, ободлигини сўраб дуою илтижолар қилдилар. Буларнинг ҳаммаси, умид қиламизки, азиз Ватанимиз осудалиги ва жонажон халқимиз ҳаётининг фаровонлигига сабаб бўлади, албатта.

Рамазон ойи охирлар экан, муҳаддисларимиз ривоят қилган бир ҳадиси шарифни эслаб, қалбларимиз шодлик ва умидга тўлади:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «У (Рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади», дедилар. Улар: «Эй Аллоҳнинг Расули, у Қадр кечасими?», деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўла қилиб берилади», дедилар.

Имом Аҳмад ривоят қилган.

Имом Абу Довуд Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ таоло сизларга Рамазон ойи рўзасини фарз қилди. Мен сизларга унинг кечаларини қоим қилишни суннат қилдим. Ким унинг рўзасини тутса ва кечаларини қоим қилса, гуноҳларидан онаси туққан кунгидек фориғ бўлади», деганлар».

Гуноҳ қилмаган ким бор?! Гуноҳининг ювилишини истамаган ким бор?! Инсон ўзи учун чексиз манфаатлар гарови бўлган ибодатни адо этиши баробарида, сон-саноқсиз гуноҳлардан покланиб, қалб сокинлигига эришиши қандай ҳам яхши! Рамазон ойи гуноҳлардан қутулиш учун ана шундай энг зўр имконият мавсумидир.

Шу билан бирга, Рамазон ойидан чиқар эканмиз, ўзимизга бир назар ташлаб кўришимиз ҳам даркор. Қани, ибодатларимиз яхшиландими? Тақволаримиз зиёда бўлдими? Гуноҳлардан ҳақиқатда тўхтала олдикми? Зотан, гуноҳ кечирилганлигининг аломати ўша гуноҳдан тийилишдир, дейди уламоларимиз. Агар рўзадан кўзланган мақсадга эриша олмаган бўлсак, Аллоҳ асрасин, иш чатоқ бўлади.

Имом Бухорий ва бошқа муҳаддисларимиз Абу Ҳурайра ва Анас ибн Молик розияллоҳу анҳумолардан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга кўтарилдилар-да, «Омийн», дедилар. Кейин иккинчисига кўтарилдилар-да, «Омийн», дедилар. Сўнг тик турдилар-да, «Омийн», дедилар. Шунда у зотнинг асҳоблари: «Нимага «Омийн» дедингиз, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. У зот дедилар:

«Жаброил алайҳиссалом келиб, менга: «Эй Муҳаммад, ҳузурида сиз зикр қилсангиз-у, сизга саловат айтмаган кишининг бурни ерга ишқалсин», – деди. Мен: «Омийн», – дедим. Кейин: «Ота-онасини ёки улардан бирини топган, бироқ улар уни жаннатга киргиза олмаган кишининг бурни ерга ишқалсин», – деди. Мен: «Омийн», – дедим. Сўнг: «Рамазон ойини топиб, мағфират қилингмаган кишининг бурни ерга ишқалсин», – деди. Мен: «Омийн», – дедим».

«Бурни ерга ишқалсин», деган сўз арабларда «хор бўлсин, юзтубан бўлсин» деган маънода ишлатилади.

Демак, Рамазон ойидан унумли фойдалана олмаган, унда гуноҳлардан фориғ бўла олмаган кишининг ҳолига вой экан. Чунки Аллоҳ таолонинг энг муқарраб фариштаси шундай деб дуо қилган экан ва бу дуога Роббул оламийннинг энг суюкли Расули, охир замон Пайғамбари «Омийн» деган экан. Бундай дуонинг ижобат бўлишида шубҳа бўлиши мумкин эмас. Мана шу ҳақийқатларни доимо ёдда тутишимиз лозим.

Шу боис, баъзи салафи солиҳларни ҳайит кунлари маҳзун кўриб, асҳоблари улардан: «Нега маҳзунсиз, ахир бугун шодлик, хурсандчилик куни-ку?», деб сўрашганда, улар: «Тўғри, сиз ҳақсиз, лекин менга Роббим бир ишни – рўза тутишни амр қилган эди, мен уни бажардим, аммо у қабул бўлдими ёки бўлмадими, билмайман», деб жавоб берган эканлар.

Рўза улуғ ибодат, агар бироз фикр юритсак, унинг қанчалар буюк ва мукаммал эканини англаб олишимиз мумкин. Рўзадор бир ой давомида куни билан ўзини еб-ичишдан тияди, ҳатто бир қултум сув ҳам ичмайди. Шунингдек, эр-хотинлик муносабатларидан ҳам ўзини четда тутади. Ҳар қанча кун узун бўлмасин, ҳар қанча ҳаво иссиқ бўлмасин, ўз устидан ўзи назоратчи бўлиб, ҳеч ким кўрмайдиган ўринларда ҳам мазкур нарсалардан сақланади. Бу билан у жисмини ҳам, руҳини ҳам поклайди, нафсини тарбия қилади. Асли ҳалол бўлган нарсалардан маълум муддат ўзини тия олган киши йил бўйи ҳаром нарсалардан ўзини сақлашликка етарли малака ҳосил қилади. Рўза тутган кишининг ўзига бўлган ишончи ортади, иродаси мустаҳкамланади, сабр-бардоши қатъийлашади ва бошқа кўплаб фазилатларга эга бўлади.

Ана шундай буюк ва машаққатли ибодатни эсон-омон адо этиб, унинг беқиёс фойдаларини қўлга киритиш бахтига мушарраф бўлганликлари шукрона ва шарафига мўмин-мусулмонлар Рамазон ойи тугаган куннинг эртасига, Шаввол ойининг биринчи кунини байрам қиладилар. Исломда бу байрам ўзига хос услубда ўтказилади.

Ушбу биз «Рамазон ҳайити» деб номлайдиган кун диний манбаларимизда «Ийд ал-Фитр» деб юритилади. «Ийд» сўзи араб тилида «қайта-қайта такрорланиш», «фойда-манфаат» маъноларини билдиради. Ҳайит куни ҳар йили такрор, қайта-қайта келгани ва унда Аллоҳнинг неъматлари бандаларига сероб бўлгани учун уни «ийд» деб номланган. «Фитр» эса «оғиз очиш», «таомланишни бошлаш» деган маъноларни англатади. Демак, «Ийд ал-Фитр» рўзадан чиқиб, таомланишга ўтиш куни деганидир.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуёшни ҳам кулдириб,Қалбга сурур тўлдириб.Дўстларни суюнтириб,Рамазоним келмокдаСаҳар туринг ёронлар,Хатм қилинг Қуръонлар.Дод деворсин шайтонлар,Рамазоним давоми...

1958 11:41 / 09.04.2021
Айтингчи, биз бу ойни тўғри ўтказяпмизми Ундаги ғанимат фурсатлардан фойдалана оляпмизми Аслида уни қандай ўтказиш керак Уламолар Рамазон ойини унумли ўтказишга давоми...

1940 11:00 / 09.04.2022
Савол фитр садақасини бериш кимларнинг зиммасига вожиб Жавоб мусулмон эркагу аёл, балоғатга етганетмаган, хоҳ оқил, хоҳ мажнун бўлсин, нисоб эгаси бўлса, давоми...

6167 15:00 / 28 март
Ўзларини Аллоҳнинг динини йўқ қилишга, йўқ қилолмаган тақдирда уни чигаллаштириб, қориштиришга, бузишга қаратилган кучлар ва уларга билиббилмай қурол бўлганлар давоми...

2002 10:30 / 22.04.2021