1445 йил 11 зулқаъда | 2024 йил 19 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Инсон иймонсиз яшай олмайди

19:00 / 09.04.2021 1573 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«...Исломни Ғарб жамиятидаги кўп маънавий касалликларга дори сифатида фойдаланиш мумкин ва шундай қилиш ҳам керак. Шунинг учун Ислом ХХI асрда етакчи руҳий куч бўлиши мумкин».

Мурод Вильфред Хоффманн

Мурод Вильфред Хоффманн (Вильфред Хоффманн) – (1931 – 2020). Олмон дипломати ва ёзувчиси, Исломга оид бир қанча китоблар муаллифи. Харвард университетининг ҳуқуқ магистри, Мюнхен университетининг ҳуқуқшунослик доктори. 1961 йилда Германия Ташқи ишлар вазирлигига ишга кирди ва вазирлик тизимида ядровий мудофаа масалалари бўйича 33 йил фаолият олиб борди. НАТОнинг Брюсселдаги ахборот хизмати раҳбари (1983 – 1987 йиллар) сифатида фаолият юритди. Германиянинг Жазоирдаги (1987 – 1990 йиллар) ва Марокашдаги (1990 – 1994 йиллар) элчиси бўлиб ишлади. Германия Марказий мусулмонлар кенгашининг фахрий аъзоси ва маслаҳатчиси эди. У Ислом ва мусулмонлар мавзусида бир неча китоблар ёзган. Мукофотлари – «Хизматлари учун» Федерал хочи (Германич), «Хизматлари учун» қўмондонлик ордени (Италия). Миср, Санъат ва фан соҳасидаги хизматлари учун 1-даражали ордени (Миср), «Катта хоч».

Европалик мусулмон бўлишнинг ўзига хослиги нимада? Германияда туғилиш, шу мамлакатда униб-ўсиш, ўқиб, илм-маърифат эгаси бўлиш ва охир-оқибат Исломни қабул қилишни нима билан белгилаш мумкин? Замонавий инсон учун мураккаб туюлган бу саволларга таниқли олмон дипломати Мурод Вильфрид Хофманнинг ҳаёти муносиб жавоб бўла олади.

ГФРнинг энг юқори мартабаларида ишлаган, фавқулодда ва мухтор элчи даражасигача кўтарилган, шунингдек, бир мунча вақт дунёдаги энг кучли ҳарбий иттифоқ – НАТОнинг ахборот хизмати раҳбарларидан бири бўлган доктор Мурод Вильфред Хофманн 1931 йил 6 июлда Бавариянинг шимоли-ғарбий қисмидаги катта шаҳар – Ашшафенбургдаги католик оилада туғилди.

Харвард университетида ўқиб, юқори натижаларни қўлга киритган Вильфред ҳуқуқ йўналиши бўйича магистр бўлди. Кейинчалик у Мюнхен университетида худди шу соҳада докторлик диссертациясини ёқлади.

Дипломатик хизмат тажрибаси, турли мусулмон мамлакатларида, хусусан, Шимолий Африка ва Туркияда хизмат сафарида бўлиши Вильфредни Қуръонни ўрганишга масъулият билан ёндашишга ундади. Шундан кейин у Ислом ўзи излаётган ҳаёт мазмуни эканини англади.

«Мен инсон шунчаки бирор нарсага ишонмай яшай олмайди деган тўхтамга келдим. Бизни ўраб турган борлиқнинг яратилгани аниқ, Ислом ана шу борлиқни англашда энг муносиби. Шу тариқа, мен кутилмаганда ички туғёнларсиз, кимлигимдан қатъи назар, қадам-бақадам қалбим ва шуурим билан мусулмонга айланганимни англадим. Битта охирги қадам қолган эди – ўзимни расман мусулмон деб эълон қилиш».

1980 йил 25 сентябрида у мусулмон бўлганини расман эълон қилди ва ўзига қўшимча Мурод исмини танлади. Бу исмни у шунчаки танламади. Мурод – «исталган», «изланаётган» ва кенг маънода «мақсад» деган маънони англатади. Эҳтимол, шу тариқа Вильфред ҳаётда яшашдан мақсади Аллоҳ таолонинг розилиги эканини эслатиб қўйган бўлиши мумкин. Унинг мусулмон бўлиши кўплаб тортишув ва баҳсларни юзага келтирди, юқори дипломатик мақоми туфайли жамиятда қизғин мунозараларга сабаб бўлди, чунки у Германиянинг мансабдор ва нуфузли шахсларидан эди...

У Жазоирда мустақиллик учун олиб борилган урушнинг бевосита гувоҳи бўлган, жазоирликларнинг сабр-тоқатига қойил қолган. Бу ҳақида у қуйидагиларни ёзади:

«Мен 1961-1962 йилларда саккиз йил давом этган Франция босқинчилари ва Жазоир ўртасидаги уруш вақтида ўша ерда яшагандим. Менга «Махфий ҳарбий ташкилот» ҳақида баъзи маълумотлар маълум эди.

У Франция томонидан тузилган бўлиб, маҳаллий аҳоли ва қўзғолончиларни ўз сафига қўшадиган террористик ташкилот эди. Баъзи кунлари Жазоир кўчалари ўликларга тўлиб кетар, ўқ кўпинча уларнинг бошига тегарди. Бунинг сабаби уларнинг биргина мусулмон эканлари эди. Уларнинг ягона орзуси – туғилиб ўсган заминларининг мустақил бўлиши эди, холос.

Жазоирликларни Рамазон ойида ҳам қийинчиликларга сабр қилишаётганини, уларнинг ғалабага бўлган ишончи, инсоний хулқ-атворини диққат билан мулоҳаза қилдим. Бу маҳзун воқеалар Ислом дини билан яқиндан танишишимга сабаб бўлди.

Ўша пайтда ҳаётимда жуда кўп воқеалар содир бўлган эди. Бир куни аёлим бахтсиз ҳодиса туфайли кўп қон йўқотди. Ўша пайтда шароит оғир, тез ёрдам машинаси ҳам тонгги олтидан аввал келолмас эди. Соат олти бўлганда тез ёрдам машинаси келди. Аёлимнинг аҳволи оғир, оғриқдан ҳушини йўқотай деганди. Кўп қон кетгани сабабли зудлик билан қон қуйиш керак эди. Жазоирлик ҳайдовчи йигит унга қон беришини айтди. Юртини уруш олови чирмаб олган шароитда бегона одамга қон бериш ҳақиқий мўминлик нишонаси эди».

Хофманн эътиқодини яширмади, гарчи бу қарор унинг мартабасига жиддий таъсир кўрсатиши эҳтимоли бўлса ҳам Исломни очиқдан-очиқ қабул қилди. Албатта, жуда кўп танқидлар бўлган, аммо бу гап-сўзлар уни мақсадидан қайтара олмади. Ғарб дунёсида эътироф этилишдан ташқари, мусулмон сифатида ҳам юксак чўққиларни забт этди ва Халқаро Қироллик тафаккур академияси – Муассат ал-Байт (Иордания)нинг ҳақиқий аъзосига айланди.

Мурод Хофманн Ғарб тамаддуни ва Ислом олами ўртасида кўприк вазифасини бажарди. Юқори ақлий салоҳият ва теран фикр-мулоҳазалари билан Ислом динини гўзал шаклда ғарб дунёсига етказа олди.

Олим ҳаётий тажрибаларидан келиб чиқиб «Ислом муқобил танлов сифатида» китобида дунёвий капиталистик демократия цивилизациянинг энг юқори даражаси деган фикрларни рад этади. Илмий изланишларини «Исломни шахсий манфаатлари доирасида тушунишга интилаётган ғарбликлар»га қаратади ва ХХI аср Европада Исломнинг уйғониш даври бўлишини эълон қилади.

«Қуръонда инсониятга туширилган аломат ва хабарларни англамаган, барча огоҳлантиришларни инкор қилган қадимги ҳалқлар ҳақида мисоллар кўп келган. Натижада бу цивилизациялар тақдири аянчли якун топди. Балки замонавий Ғарб дунёси ҳаёт тарзини Ислом билан ҳамоҳанг ҳолда олиб боришга ўзида куч ва ғайрат топа олмас, лекин яқинда коммунизм устидан ғалаба қозонган Ғарб ўзини ўзи ҳалок қилиши мумкин. Ички қарама-қаршиликлар ва хатолар уни қурбон қилиши бор гап. Бу хатоларнинг ичида энг хафвлиси – инсон омилини Худо даражасига кўтаришдир. Ғарб ўзи учун Аллоҳнинг буюк ва ўзгармас ҳақиқатини очмас экан, Қуръон ва охирги Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатида келган илоҳий кўрсатмаларга биноан яшамас экан, албатта, бу хавф юзага келиши муқаррар.

Исломни Ғарб жамиятидаги кўп маънавий касалликларга дори сифатида фойдаланиш мумкин ва шундай қилиш ҳам керак. Шунинг учун Ислом ХХI асрда етакчи руҳий куч бўлиши мумкин».

Бу китоби Хофманнинг Исломни англаши борасидаги баёноти сифатида қабул қилинди ва муаллиф собиқ дипломат ҳамда НАТОда юқори мавқега эга бўлгани учун олмон ва Европа оммавий ахборот воситаларининг танқид марказига айланди.

Хофманн «Немис мусулмоннинг кундаликлари» номли бошқа бир китобида Ғарбда ҳамда Ислом дунёсида мусулмонлар билан муомала ҳақида тўхталади. «Ислом Ғарбда одамларнинг черковни тарк этиши ва даҳрийликнинг тарқалиши натижасида ҳосил бўлган бўшлиқни тўлдириши мумкин», деб ёзади у.

Шунингдек, у Абу Ҳомид Ғаззолий ва Ибн Рушд Андалусий ўртасидаги фалсафий зиддиятларни ўрганади, Ибн Халдун ҳақида қайдлар қилади ва уни Ницше, Ҳегел ва Руссо каби ғарб файласуфлар билан таққослайди.

Кундаликларида Хофманн Ғарб моддапараст жамиятидан қочиб, йўқотган маънавий ҳаётини Исломдан қидиради. У насронийликда Худонинг мужассамланишини танқид қилади, уни Исломдаги якка худолик тушунчаси билан таққослайди.

Ҳофманн яна бир қанча китобларнинг муаллифи, у Германиядаги Мусулмонлар Марказий Кенгашининг фахрий аъзоси ва маслаҳатчиси бўлган. Дипломатик фаолияти учун бир нечта мукофотларга муносиб кўрилди. Асарларида у жамиятда кенг тарқалган хурофотларни ва бошқа исломий бўлмаган расм-русум каби нарсаларни танқид қилади. «Исломий оилада туғилса-да, бу диндан узоқ яшаган кўплаб ўқимишли кишилар инсон фитратига хос хурофотга мойиллик каби иллатдан халос бўла олишмади. Бу эса: «Иймон бўлмаган жойда хурофотлар пайдо бўлади» деган қоиданинг ҳақиқат эканини тасдиқлайди», дейди у.

Узоқ давом этган касаллик билан курашган германиялик таниқли мусулмон арбоб ва тажрибали дипломат Мурод Вильфред Хофманн 2020 йил 12 январ куни 89 ёшида оламдан ўтди.

«Ҳилол» журналининг 3 (24) сонидан олинди

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Закариё Абдий Иброҳим Нахаий ҳақида шундай дейди У бетоб бўлиб қолгач, йиғлади. Ундан Эй Абу Имрон, нега йиғлаяпсанrdquo деб сўрашди. У Қандай қилиб йиғламай, ахир давоми...

2836 12:01 / 19.11.2018
Абу Жаъфар айтади .Аҳмад ибн Ҳанбални Маъмуннинг олдига олиб боришди. Фуротни кечиб, ўтиб борсам, у хонтахта устида ўтирган экан. Унга салом бердим. .Эй Абу Жаъфар, давоми...

1506 08:00 / 26.12.2020
Муътамир ибн Сулаймоннинг мажлисида бир аъробий одобни шундай васф қилди .Ҳақиқий одоб дин одобидир. У тавфиққа чақиради, саодатга сабаб бўлади ва тақвони зиёда давоми...

1419 08:18 / 19.08.2020
Аллоҳ таоло Одамга исмларнинг барчасини ўргатганидан кейин уларни фаришталарга рўбарў қилди ва .Агар .Ер юзида фасод қилувчи ва қон тўкувчи кимсани яратасанми, давоми...

1624 09:10 / 19.09.2019
Аудиолар

121584 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43055 14:35 / 11.08.2021