1445 йил 10 зулқаъда | 2024 йил 18 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Ислом — тиб соҳасини тартибга солган

12:06 / 24.03.2021 1878 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло оламни Ислом нури ила мунаввар қилган дастлабки вақтда дунё тиб нима, тиббий маданият нима эканини яхши билмас эди. Асосан турли коҳинлар, бутхона ходимлари ва шунга ўхшаш тоифалар тиб номидан иш кўрар эдилар.

Аввалги собит бўлган баъзи тиббий тажрибалар ҳам деярли йўқ бўлиб кетган эди.

Ислом ҳаётнинг бошқа соҳалари қатори тиб соҳасини ҳам тартибга солди, тўғри йўналишга йўллади. Қуйида ўрганадиган ҳадиси шарифларимиз ана ўша улуғ ишнинг баъзи намуналари ҳисобланади.

Қуръони Карим ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида инсон соғлиғига катта эътибор берилган. Агар бу икки масдарда соғлиқни сақлаш бўйича келган маълумотларни ўрганадиган бўлсак, улкан хазинани топган бўламиз.

Исломда сиҳат-саломатлик, тани соғлиқ Аллоҳ таоло бандаларига берган энг улкан неъматлардан бири ҳисобланади.

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Икки неъмат борки, кўп одамлар уларда алданиб қолурлар. Улар соғлиқ ва фароғат», деганлар.

Кўриниб турибдики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ-ойдин қилиб соғлиқни бандага берилган неъмат эканини айтмоқдалар.

Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Ибн Можалар Абдуллоҳ ибн Меҳсон ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қу­йидагиларни айтадилар:

«Кимнинг жасади офиятда бўлса, ўз гуруҳида тинч-омон бўлса ва ҳузурида егани ризқи бўлса, гўёки дунёни қўлига киритибди».

Инсон учун дунёнинг қўлга киритиш йўлида зарур бўладиган шартлардан энг аввалгиси саломатлик деб эълон қилинишининг ўзи Исломда кишиларнинг саломатлигига қанчалик эътибор берилишини кўрсатиб турибди. Чунки ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган тинч-омонлик ва еб-ичгулик неъматлари бўлса ҳам соғлиқ неъмати бўлмаса кишига татимайди. Баъзи вақтларда инсон бутун бойлигини сарфлаб бўлса ҳам тани сиҳатликни топа олмайди.

Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қиёмат куни бандадан энг аввал сўраладиган неъмат, унга, сенинг жисмингни сиҳҳатли қилган эмасмидик, сени совуқ сув ила сероб қилган эмасмидик, дейилишидир», деганлар.

Аллоҳ таоло Ўз бандасига берган неъматлар ичида энг аҳамиятлиларидан бири бўлгани учун ҳам соғлиқ неъмати ҳақида охиратда биринчи бўлиб сўралади. Шундоқ экан, банда бу нарсанинг қадрига етмоғи керак. Ундоқ неъматни берган зотга шукр қилмоқ керак. Неъматнинг шукри эса, уни берувчи зотга мақтов сўзлари айтиш ва неъматни неъмат берувчини рози қиладиган йўлда сарфлаш билан бўлади.

Соғлиқ-саломатлик неъмати муҳим бўлгани учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз билан биз умматларига ўша улуғ неъматни доимо Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўраб туришни амр этганлар.

Имом Аҳмад Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилади:

«Аллоҳдан яқийнни ва мустаҳкам соғлиқни сўранглар. Ҳеч бир кимсага яқийндан кейин офиятчалик яхши нарса берилмаган».

Яқийн мустаҳкам иймондир. Демак, бандага Аллоҳ томонидан берилган неъматлар ичида энг биринчи ўринда мустаҳкам иймон турса, ундан кейинги иккинчи ўринда соғлиқ турар экан.

«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Иккинчи башорат.Аллоҳ Набийлардан .Сизларга китоб ва ҳикмат берганим учун, кетингиздан сизлардаги нарсани тасдиқловчи Пайғамбар келганда, албатта унга иймон давоми...

2194 11:05 / 31.10.2019
1248ndash1250 Ўн йиллик тинчлик сулҳи муддати тугаши билан салбчилар мусулмонларга қарши бир неча бор ҳужумлар уюштирдилар. 1239 йилда Фаластинда Наварра қироли Тибо I давоми...

911 11:25 / 04.11.2023
Имом Ғаззолий фалсафанинг энг катта хатоларидан бири ғайб олами ndash метафизика ҳақидаги тортишувлар эканини очиқойдин айтдилар. Бу фикрнинг тўғрилигини исботлаш давоми...

1338 18:42 / 29 февраль
Салб юришлари Яқин Шарқ халқларига саноқсиз кулфатлар келтирди ва моддий ва маданий бойликларнинг йўқотилишига сабаб бўлди. Улар айниқса тўртинчи салб юриши давоми...

1063 12:57 / 18.11.2023
Аудиолар

121541 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43024 14:35 / 11.08.2021