1445 йил 10 зулқаъда | 2024 йил 18 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

108-боб. Киши ўз аҳлининг масъулидир

19:00 / 12.02.2021 1279 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Умардан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Барчангиз масъулдирсиз ва ўз масъулиятингиздан сўралурсиз.

Омонатдор масъулдир. У ўз масъулиятидан сўралур.

Эр киши аҳли байтида масъулдир ва у ўз масъулиятидан сўралур.

Аёл киши эрининг уйида масъулдир ва у ўз масъулиятидан сўралур.

Огоҳ бўлингки, барчангиз масъулдирсиз ва барчангиз ўз масъулиятингиздан сўралурсиз».

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф жуда машҳур ҳадислардандир. Биз «масъул» деб таржима қилган сўз арабча матнда «роъий» деб зикр қилинган. Аслида «роъий» деб қўйчивонга айтилади. Бундан «қўл остидаги нарсанинг риоясини қилиб, уни сақлаб, турли ёмонликлардан асраб, омонатга хиёнат қилмасдан, эгасига топширувчи» деган маъно келиб чиқади.

Ҳадиси шарифда зикр қилинган барча масъулларда худди мана шу маъно ўз аксини топгандир.

1. «Омонатдор масъулдир. У ўз масъулиятидан сўралур».

«Омонатдор» деганда омонат ишониб топширилган шахс англанади. Бунда моддий, маънавий ва барча турдаги омонатлар, жумладан, мансаб омонати ҳам бир хилда кўрилади.

2. «Эр киши аҳли байтида масъулдир ва у ўз масъулиятидан сўралур».

Исломда оила бошлиғи бўлиш улкан шараф ва айни вақтда улкан масъулият ҳамдир. Эр киши оиласидаги барча аҳли байтида масъулдир. Масъул бўлганда ҳам, моддий-маънавий, руҳий-тарбия­вий, дунёвий-ухровий – ҳамма-ҳамма томондан масъулдир.

У аҳли байтини – хотини, бола-чақасини боқиш, кийинтириш, уй-жой билан таъминлаш, таълим-тарбия бериш, ахлоқ-одобини назорат қилиш, Аллоҳнинг йўлида юрадиган ҳақиқий мўмин-мусулмон бўлишлари учун ҳаракат қилиш, тинчлик-омонликларини таъминлаш ва шунга ўхшаш барча ишларда масъулдир.

У бу масъулиятидан қочадиган бўлса, бу дунёда Ислом давлати маҳкама орқали уни ўз масъулиятини адо этишга мажбур қилади. Охиратда эса Аллоҳ таоло сўроқ-савол қилиши турган гап.

3. «Аёл киши эрининг уйида масъулдир ва у ўз масъулиятидан сўралур».

Бу ҳақда, иншааллоҳ, 214-ҳадиснинг шарҳида батафсил сўз юритилади.

4. «Огоҳ бўлингки, барчангиз масъулдирсиз ва барчангиз ўз масъулиятингиздан сўралурсиз».

Демак, ҳар бир мўмин-мусулмон шахс ўзининг барча масъулиятларини шараф билан адо этиш пайидан бўлиши лозим.».

Абу Сулаймон Молик ибн Ҳувайрисдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдик. Тенгқур ёш йигитлар эдик. Ул зотнинг ҳузурларида йигирма кун туриб қолдик. Ул зот аҳлимизни соғинганимизни гумон қилиб, бизлардан уйда кимларни қолдириб келганимизни сўрадилар. Биз хабар бердик. Ул зот ниҳоятда меҳрибон ва раҳмдил эдилар. Ул зот шундай дедилар:

«Энди аҳлингизга қайтинг, уларга таълим беринг, уларга амр маъруф қилинг. Менинг қандай намоз ўқиганимни кўрган бўлсангиз, худди шундай қилиб намоз ўқинглар. Намоз вақти кирса, бирингиз азон айтсин, ёши улуғингиз имом бўлсин».

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, Исломни қабул қилиб, диний таълим олган йигитларнинг зиммасига юкланган масъулиятни билиб оламиз.

Бу масъулият нимадан иборат? Аввало, қабилаларига қайтиб боргач, ўрганган нарсаларини қабиладошларига ҳам ўргатиш, таълим бериш, шариатга риоя қилишга буюриш ва намоз ўқиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни алоҳида таъкидлаяптилар. Намозларни ўзларидан кўргандек ўқишга буюряптилар, азон айтишни жорий қиляптилар. Ҳузурларига келганлар деярли тенгқур бўлгани учун имомликка ёши улуғлари ўтишини тайинлаяптилар.

Аслида энг илмли одам имом бўлиши керак, бироқ мазкур ҳадисда айтилаётганларнинг илми бир хил. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам имомни танлашда ёшни ҳам ҳисобга олишни тайинладилар.

Агар имом бўладиганларнинг илмлари тенг бўлса, ёши улуғроғи танланади. Бу масаланинг тафсилоти фиқҳ китобларида келган.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аввалги мусулмон ёшларнинг илмга бўлган шавқлари юқорида даражада бўлгани.

2. Илм йўлида ватани ва оиласини қолдириб, илм бор жойга сафар қилингани.

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳрибон ва раҳмдил зот бўлганлари.

4. Устоз шогирдларига кўрсатмалар бериб бориши кераклиги.

5. Илми бор кишилар илми йўқларга таълим бериш масъулиятида экани.

6. Илмли кишилар амр маъруф қилишлари кераклиги.

7. Намоз ўқиш ниҳоятда аҳамиятли амал экани.

8. Намозни жамоат билан ўқиш аҳамиятли экани.

9. Жамоат бўлиб намоз ўқиганда азон айтиш лозимлиги.

10. Имомликка илмлари бир хил бўлган кишилардан ёши улуғи ўтиши кераклиги.

«Одоблар хазинаси» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Она ҳасратдан кўзёш тўкканида одамдан бошқа дунёдаги барча махлуқот додфарёд ураркан... Тандирдаги нонларнинг пишишини кутаётган Садафхон жўмракли қўл ювгич давоми...

2255 16:34 / 22 январь
Инсон камолот ёшига етганида кучқувватга тўлади. Аммо ёши ўтиб, астасекин кексайиб борар экан, кўзидан нур, белидан қувват кета бошлайди, барча аъзоларида қарилик давоми...

2461 11:20 / 07.10.2019
22. Саҳл ибн Муъоз отасидан ривоят қилади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким отаонасига яхшилик қилса, унга Тубо бўлсин, Аллоҳ азза ва жалла унинг умрини зиёда давоми...

2993 20:06 / 15.11.2018
Шайх Али Тантовий раҳматуллоҳи алайҳ 20 асрнинг забардаст уламоларидан бўлиб, у кишининг қаламларига мансуб ибратли ҳикояни эътиборингизга ҳавола этамиз.Бир давоми...

1577 17:12 / 15.12.2022
Аудиолар

121537 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43022 14:35 / 11.08.2021