1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Китоб берилганларнинг ишларидан таажжубланмайсанми?

20:00 / 11.01.2021 3165 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида шундай марҳамат қилади:

أَلَمْ تَرَ إِلَى الَّذِينَ أُوْتُواْ نَصِيبًا مِّنَ الْكِتَابِ يُدْعَوْنَ إِلَى كِتَابِ اللّهِ لِيَحْكُمَ بَيْنَهُمْ ثُمَّ يَتَوَلَّى فَرِيقٌ مِّنْهُمْ وَهُم مُّعْرِضُونَ۝

Китобдан насиба берилганларни кўрмадингми?! Ораларида ҳукм юритиш учун Аллоҳнинг китобига чақириладилар-да, улардан бир гуруҳи юз ўгириб, ортга қараб кетарлар. (23-оят).

Ушбу оятдаги савол таажжуб учундир. Ундаги «Кўрмадингми?!» сўзи «Ажабланмайсанми?!» деган маънони англатади.

«Китобдан насиба берилганларни кўрмадингми?!» дегани «Аввалги илоҳий китобга аҳл бўлиб юрган одамларнинг қилаётган ишларидан таажжубланмайсанми?!» деганидир. Бундай таажжубга уларнинг қайси ишлари сабаб бўлган экан?

«Ораларида ҳукм юритиш учун Аллоҳнинг китобига чақириладилар-да, улардан бир гуруҳи юз ўгириб, ортга қараб кетарлар».

Улар ўзлари аҳли китоб эканликлари билан фахрланиб юришади. «Бизга Аллоҳнинг китоби нозил бўлган, унга амал қилиб, бахт-саодатга эришамиз», – деб даъво қилишади. Лекин вақти келиб, ораларида пайдо бўлган тортишувли масалада Аллоҳнинг уларга нозил қилган китоби асосида ҳукм чиқариш таклиф қилинса, бу таклифни қабул қилмай, юз ўгириб кетадилар. Бу фақат назарий фараз эмас, балки амалда ҳам тасдиғи тажрибадан ўтган.

Ибн Исҳоқ ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Байтул-мидросда бир гуруҳ яҳудийларни Аллоҳнинг динига чақирганларида, улардан Нўъмон ибн Амр ва Ҳарс ибн Зайд деганлари:

– Эй Муҳаммад, сен қайси диндасан? – дедилар. У зот алайҳиссалом:

– Иброҳимнинг миллати ва динидаман, – дедилар. Улар:

– Иброҳим яҳудий бўлган, – дейишди. Шунда Набий алайҳиссалом:

– Ундай бўлса, келинглар, шу масалани Тавротдан кўрайлик, – деган эдилар, улар бош тортдилар.

Бошқа бир ривоятда келишича, яҳудийлардан бир киши бир аёл билан зино қилиб, қўлга тушади. У вақтда Исломда ҳали зинокорни тошбўрон қилиш ҳукми тушмаган эди. Ҳалиги яҳудий эркак ва аёл зинокорлар обрўли кишилардан эди. Шунга эътиборан, енгиллик бўлиб қолса ажаб эмас, деб Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг олдиларига зинокорларни олиб келиб, ҳукм чиқаришни сўрашди. Набий алайҳиссалом:

– Ўз китобларингиз билан ҳукм чиқараман, – дедилар-да, икковини тошбўрон қилишга буюрдилар. Яҳудийлар:

– Бундай ҳукм йўқ, – деб инкор этишди. Шунда Таврот олиб келинди. Яҳудийларнинг диний олими Ибн Сурийё тошбўрон қилиш ҳақидаги амр ёзилган жойга қўлини қўйиб, беркитди. Шунда яҳудийлардан бўлган, иймонга келган улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу бу ҳолдан Набий алайҳиссаломни огоҳ этди. Набий алайҳиссалом Ибн Сурийёга:

– Қўлингни кўтар! – дедилар. Кўтарган эди, тошбўрон қилиш ҳукми кўринди. Расулуллоҳ алайҳиссалом иккала зинокорни тошбўрон қилишга буюрдилар. Яҳудийлар норози бўлдилар.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Китобда Бану Исроилга .Ер юзида икки марта бузғунчилик қилурсизлар ва катта даражада баланд давоми...

1338 19:00 / 17.10.2023
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Улар ёлғонга кўп қулоқ солувчилар, ҳаромни кўп еювчилардир. Агар сенга келсалар, ораларида ҳукм чиқар ёки давоми...

858 19:00 / 04.10.2023
.Нуҳдан сўнг қанчаданқанча асрларни ҳалок қилдик. Бандаларининг гуноҳларидан хабардор бўлиш ва уларни кўришда Роббинг Ўзи кифоя қилур, Исро сураси давоми...

1006 19:00 / 23 январь
.Эй Расул Оғизлари ила .Иймон келтирдик, деб, қалблари иймон келтирмаганлар ва яҳудий бўлганлардан иборат куфрга давоми...

967 19:00 / 28.09.2023