1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аллоҳнинг тақдиридан Аллоҳнинг тақдирига...

08:00 / 03.01.2021 1341 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Аббос ривоят қиладилар: «Умар ибн ­ал-Хаттоб розияллоҳу анҳу Шомга сафарга чиқдилар. Сарғ деган жойга етганларида лашкарлар амири Абу Убайда ибн Жарроҳ ва унинг ҳамроҳлари уларни кутиб олиб, Шомда вабо тарқалганини айтдилар. Шунда ҳазрати Умар менга аввалги муҳожирларни чақириб келишни буюрдилар. Улар тўплангач, Шомда вабо чиққанини айтиб, маслаҳатлашдилар. Муҳожирлар ҳар хил фикрлар айтишди. Баъзилари: «Муҳим вазифа билан йўлга чиққанмиз, орқага қайтмаймиз», деса, айримлари: «Ёнингизда анча одам бор, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир гуруҳ саҳобалари бор, уларни вабога рўпара қилишингиз керак эмас», дейишди. Ҳазрат Умар бу гапни эшитиб, «Сизларга рухсат», дедилар. Сўнг менга ансорларни чақиришни буюрдилар. Мен уларни чақириб келдим. Улар ҳам муҳожирлар айтган фикрларни билдиришди. Ҳазрат Умар уларга ҳам рухсат бериб юбордилар. Кейин менга: «Қурайшнинг шу ердаги фатҳ муҳожирларидан бўлган оқсоқолларини чақириб кел!» дедилар. Чақириб келдим. Улар турли фикр билдиришмади, ҳаммаси бир оғиздан: «Бизнинг фикримиз шуки, одамларни олиб, ортга қайтсангиз. Уларни бу машъум вабога гирифтор қилмайлик», дейишди. Ҳазрат Умар одамларга хитоб қилиб, «Мен эрталаб ортга қайтаман. Сизлар ҳам қайтинглар!» дедилар. Абу Убайда ибн Жарроҳ: «Аллоҳ таолонинг қазою тақдиридан қочяпсизми?» деди. Ҳазрати Умар: «Эҳ Абу Убайда! Шу сўзни сендан бошқа одам айтса эди...! Ҳа, Аллоҳ таолонинг тақдиридан Аллоҳ таолонинг тақдирига қочяпмиз! Туянгни бир ёғи ям-яшил ўтлоқ, бир ёғи қовжираган водийга туширсанг, қайси водийда ўтласа ҳам Аллоҳ таолонинг иродасига боғлиқ бўлмайдими?» дедилар. Шу вақт Абдурраҳмон ибн Авф келиб қолди. У бир юмуш бирлан банд бўлгани учун ҳали бу ерга етиб келмаган эди. У: «Менда бу ҳақда илм бор. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Вабо чиққан ерга кирманглар. Сиз турган жойда вабо бўлса, у ердан чиқманглар» деганларини эшитганман», деди. Шундан сўнг ҳазрати Умар Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиб, ортларига қайтиб кетдилар».

«Солиҳлар гулшани» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Абу Толибга оғирликлари тушмаслиги учун ёшликларида қўй боқар эдилар. Хадича онамизга уйланишларидан олдин давоми...

1387 15:01 / 30.10.2020
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ шогирдлари билан дарс қилиб ўтирган эдилар. Бир нодон келиб, Аҳмад ибн Ҳанбални сўкиниб, куракда турмайдиган сўзларни айтиб давоми...

1464 08:00 / 17.07.2020
Аллоҳ таоло .Ва Қуръонни тартил билан тиловат қил,, деган.Шарҳ Қуръонни тартил билан ўқиш деб уни донадона қилиб, ҳар бир ҳарфини ўз ўрнидан чиқариб, оятларини давоми...

4830 11:45 / 02.05.2019
Аллоҳ таоло Одамга исмларнинг барчасини ўргатганидан кейин уларни фаришталарга рўбарў қилди ва .Агар .Ер юзида фасод қилувчи ва қон тўкувчи кимсани яратасанми, давоми...

1612 09:10 / 19.09.2019