1445 йил 7 зулқаъда | 2024 йил 15 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

103-боб. Қул хожасига сидқидилдан хизмат қилса

17:00 / 15.12.2020 1761 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қул хожасига сидқидилдан хизмат қилса ва Роббига ибодатни гўзал адо этса, унга икки марта ажр бўлади», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан кўринадики, Исломда қул ўз хожасига сидқидилдан хизмат қилса ва Роббига ибодатни ҳам гўзал адо этса, бу қулга икки баробар ажр берилар экан.

Қул бўлган одам икки ажр олиш имконига эга бўлиши катта гап: хожасига сидқидилдан хизмат қилгани учун бир ажр, Роббига ибодат қилгани учун бир ажр.

Солиҳ ибн Ҳаййдан ривоят қилинади:

«Бир одам Омир Шаъбийга:

«Эй Абу Амр! Биз ўзимизча бир одам ўзидан бола туққан чўрисини озод қилса, сўнг уни ўзига никоҳлаб олса, Аллоҳ йўлига атаб қўйган туясини ўзи мингандек бўлади, деб юрамиз», деди.

Шунда Омир айтди:

«Менга Абу Бурда отасидан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга шундай деган эканлар:

«Уч тоифа одамга икки ажр бор:

Аҳли китобдан аввал ўзининг набийсига, сўнг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирганига икки ажр бор.

Аллоҳнинг ҳаққини ҳам, хожасининг ҳаққини ҳам адо этган қулга (икки ажр бор).

Чўрисига гўзал тарбия берган, гўзал илм берган, сўнг уни озод қилиб, ўзига никоҳлаб олган кишига икки ажр бор».

Шарҳ: Одамларда «Бир одам ўзидан бола туққан чўрисини озод қилса, сўнг уни ўзига никоҳлаб олса, Аллоҳ йўлига атаб қўйган туясини ўзи мингандек бўлади», деган тушунча бўлган экан. Яъни улар «Бу ишни қилган одам осон йўл билан уйланишга ҳаракат қилгани учун, қул озод қилганнинг савобини олмайди», деган фикрда эканлар.

Бу фикр Ислом таълимотига тўғри келиши ёки келмаслигини билмоқчи бўлган кишилардан бири бу ҳақда тобеъинларнинг энг машҳур олимларидан Омир Шаъбийдан сўраганида, у киши саволга ҳадис билан жавоб берганлар:

«Уч тоифа одамга икки ажр бор:

Аҳли китобдан аввал ўзининг набийсига, сўнг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирганига икки ажр бор».

Ўз набийсига иймон келтиргани учун бир ажр, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтиргани учун яна бир ажр.

«Аллоҳнинг ҳаққини ҳам, хожасининг ҳаққини ҳам адо этган қулга (икки ажр бор)».

Аллоҳнинг ҳаққини адо этгани учун бир ажр, хожасининг ҳаққини адо этгани учун яна бир ажр.

«Чўрисига гўзал тарбия берган, гўзал илм берган, сўнг уни озод қилиб, ўзига никоҳлаб олган кишига икки ажр бор», деган эканлар».

Чўрисига гўзал тарбия бергани, гўзал илм бергани учун бир ажр. Чўрисини озод қилиб, ўзига никоҳлаб олгани учун яна бир ажр.

Абу Мусодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббининг ибодатини гўзал адо этган ва хожасига нисбатан зиммасига фарз бўлган итоат ва сидқидилликни адо этган қулга икки ажр бор», дедилар».

Шарҳ: Қул бўлган кишилар ўз вазиятларидан келиб чиққан ҳолда ҳам Аллоҳ таолонинг, ҳам ўз хожаларининг ҳақларини адо этишлари лозим бўлади.

Бу икки ҳақ ҳам ўзига яраша бўлади. Аллоҳнинг ҳаққини адо этиш баҳонаси билан хожанинг ҳаққини поймол қилиб бўлмайди. Шунингдек, хожанинг ҳаққини адо этиш баҳонаси билан Аллоҳ таолонинг ҳаққини поймол қилиб бўлмайди.

Албатта, бу ҳолат ўзига яраша қийинчилик туғдириши мумкин. Аммо бунинг ўзига яраша мукофоти ҳам бор. Бундай кишилар икки ҳисса ажр олиш имконига эга бўладилар.

Абу Бурда отасидан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қул Аллоҳнинг ибодатида – ёки «гўзал ибодатида», деди – У  Зотнинг ҳаққини адо этса ва унга эгалик қиладиган хожасининг ҳаққини адо этса, унга икки ҳисса ажр берилади», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳам аввалги ҳадиси шарифнинг маъноси таъкидланмоқда.

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Язид ибн Абдуллоҳ ибн Қусайтдан ривоят қилинади.Абдуллоҳ ибн Умар ўзининг бир ғуломини тилла ёки кумуш билан бир жойга юборди. Ғулом эса уни алмаштирди. давоми...

1954 11:00 / 03.07.2020
32. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Учта дуо шакшубҳасиз қабул бўлади мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва отаонанинг давоми...

8896 10:30 / 22.12.2018
Анасдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг яхшиси, энг сахийси ва энг шижоатлиси эдилар. Бир кеча Мадина аҳли қўрқинчга тушди. давоми...

2084 09:00 / 17.11.2023
Ибн Умардан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Менга Жаброил қўшни хусусида тавсия бераверганидан уни меросхўр қилиб қўярмикан, деб ўйлаб давоми...

1936 15:45 / 28.08.2019
Аудиолар

121359 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42866 14:35 / 11.08.2021