1445 йил 9 зулқаъда | 2024 йил 17 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

«Басмала»да яширинган ҳикматлар

15:00 / 20.11.2020 3018 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, «Басмала»да Аллоҳ таолонинг учта исм-сифати зикр этилган бўлиб, ҳар бири ҳудди ипга маржон терилгандек илоҳий тартиб билан гўзал тарзда зикр этилган. Сиз азизлар билан «Басмала»да яширинган ҳикматлар ҳақида сўз юритамиз. Хусусан, «Басмала»дан ўрин олган Аллоҳнинг исм-сифатларининг маъноси, ҳарфлари ва тартиби, яъни таркибий тузилиши ҳақида тўхталамиз. «Басмала» жумласининг улуғлигини қарангки, ҳатто унинг ҳар бир ҳарфида ҳам ҳикматлар яширинган. Келинг, бу ҳақида олимларимизнинг сўзларига қулоқ соламиз.

1. Жумҳур орифлар, жумладан, Саҳл раҳимаҳуллоҳнинг таъкидлашича, «Басмала» даги «Аллоҳ» сўзи «Исми Аъзам”»дир. Лекин Шайх Абдулқодир Жийлоний раҳимаҳуллоҳ бу муборак исмнинг «Исми Аъзам» бўлиши учун қуйидагича шарт қўйган: «Бунинг шарти шуки, «Аллоҳ» деганингизда, қалбингизда Ундан бошқа ҳеч нарса бўлмаслиги керак».

2. «Басмала» заҳарга қарши доридир. У Аллоҳга ошиқ бўлганларни дунё заҳаридан ва охират аламидан қутқаради. Қуйидаги ҳадисда бунга ишора бордир: «Қайси банда ҳар куни тонгда ва кечаси қуйидаги дуони уч марта ўқиса, унга ҳеч нарса зарар бера олмайди:

“بسم الله الذي لا يضر مع اسمه شيء في الأرض ولا في السماء وهو السميع العليم” 

Бисмиллаҳиллази ла ядурру маъасмиҳи шайъун фил арзди ва ла фис-самаъи ва ҳувас-Самиъул-Алийм.

Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ривояти.

3. «Басмала»нинг умумий ҳарфлари 19 тани ташкил қилади. Ундаги такрорланмаган ҳарфлар сони эса 9 тадан иборат. Баъзи олимлар мазкур такрорланмаган 9 та ҳарфнинг ҳар бирини алоҳида изоҳлаганлар. Жумладан, Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ шундай ёзади: «Қуйидаги ҳарфларнинг умумий маъноси иш бошлашдан олдин Аллоҳга дуо қилиш лозимлигини англатади:

- «Басмала»нинг «ба» ҳарфи Аллоҳнинг «Басир» (Ҳамма нарсани кўриб турувчи) исмининг калити.

- «Син» ҳарфи Аллоҳнинг «Сами» (Ҳамма нарсани эшитиб турувчи) исмининг калити.

- «Мим» ҳарфи Аллоҳнинг «Малик» (Бутун борлиқнинг эгаси) ёки «Мажид» (Улуғ) исмининг калити.

- «Алиф» ҳарфи «Аллоҳ» исмининг калити.

- «Лом» ҳарфи Аллоҳнинг «Латиф» исмининг калити.

- «Ҳо» (Ҳои ҳавваз) ҳарфи Аллоҳнинг «Ҳодий» (Ҳидоят қилувчи) исмининг калити.

- «Ро» ҳарфи Аллоҳнинг «Раззоқ» (Ризқ берувчи) исмининг калити.

- «Ҳо» (Ҳои ҳуттий) ҳарфи Аллоҳнинг «Ҳалим» исмининг калити.

- «Нун» ҳарфи Аллоҳнинг «Нур» исмининг калити.

4. «Басмала»даги Аллоҳ исм-сифатларининг тартибида ҳам ҳикмат яширинган. Дастлаб «Аллоҳ» исми, сўнг «Роҳман» ва «Роҳим» сифатлари кетма-кетликда зикр қилинган. Яъни, «Басмала»да Аллоҳнинг сифатлари умумийликдан хусусийликка қараб тартибланган. Бунинг ҳикматини аллома Абдулазиз Бухорий раҳимаҳуллоҳ қуйидагича изоҳлаган: «Басмала»нинг бу тартибини ўзгартириш дуруст эмас. Бунинг сабаби шундаки, Аллоҳ Маъбуди ҳақ бўлиб, барча нарсанинг ибтидоси-ю интиҳоси шу буюк исм билан боғлиқдир. Роҳман Аллоҳга хос бўлган сифат бўлиб, Аллоҳнинг барча мавжудотларга Раҳим қилишини англатади. Раҳим сифати эса, Аллоҳ хос бандаларга хос неъматларни беришини англатади. Энг муносиб тартиб шудир. Бу тартибга хилоф иш тутиш ақлга, завққа, воқеликка ва мушоҳадага тўғри келмайди».

5. Қуръон ва ҳадисга мувофиқ тарзда ҳар яхши ишни Аллоҳнинг номи билан бошлаш лозим. Бунинг учун тавсия қилинган жумла «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим»дир. Бу муборак жумлада Аллоҳнинг гўзал исмлари ўрин олган бўлиб, уларнинг фазли билан бошланган ишга барака киради. Бу жумлада Аллоҳнинг исмлари энг улуғи билан бошланган. Яъни, «Роҳман» сифати «Роҳим» сифатидан улуғроқ. Ўз навбатида «Аллоҳ» исми «Роҳман» сифатидан улуғ. «Басмала»ни айтганда ҳам шу тартибга риоя қилиш зарур. Агар «Басмала»ни қисқароқ айтмоқчи бўлсангиз ҳам шу тартибга риоя қилиб мухтасар қилиши лозим. Яъни, «Бисмир-Роҳман» эмас, балки «Бисмиллаҳ» дейиш даркор.

Фойдаланилган китоблар:

1. Абу Лайс Самарқандий. Баҳр ал-улум (Тафсир ас-Самарқандий). Ж.1. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия, 1993. – Б. 77;

2. Нуруддин Али ибн Султон Мулла Али Қори. Анвор ал-Қуръан ва асрор ал-Фурқон (Тафсир ал-Мулла Али ал-Қори). Ж.1. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия, 2013.– Б. 26;

3. Муҳаммад Ризвонуддин Соҳиб Маъруфий. Ал-Луълуъу ва ал-маржан фи латоиф ал-Қуръан яъни Қуръан ке таъбирий жаваҳир паре. Ж.1. – Жаъфарпур: Мактаба ал-ҳидая, 2003. – Б. 102.

Манба: Alquranuz

Абдуллоҳ Абдулмажид тайёрлади 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Руҳий қоидалар кўпгина лаззатлардан ва бадан хоҳлаб турган нарсалардан воз кечишни талаб қилади. Бу эса дабдабабозликка, ҳойи ҳавасга берилган кишиларда содир давоми...

2422 19:07 / 03.11.2018
250 миллионга яқин мусулмон яшайдиган бугунги Индонезия исломни қандай қабул қилган Албатта бу мавзуда Индонезиянинг узоқ ўтмиш тарихида кўп ва асосли далиллар давоми...

5457 12:01 / 30.10.2018
Яҳё ибн Одам айтади .Мисъарнинг вафоти яқинлашганда унинг ҳузурига Суфён Саврий кирди. Уни бетоқат аҳволда кўриб, .Нима учун бетоқатсиз Аллоҳга қасам, қанийди мен давоми...

2588 08:05 / 23.03.2020
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Улар иймон келтирган ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри давоми...

1980 15:00 / 13.11.2020
Аудиолар

121482 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42979 14:35 / 11.08.2021