1445 йил 22 шаввол | 2024 йил 01 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Дунёда қанча мусулмон бор?

17:24 / 03.08.2020 8640 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол

Ҳозир дунёда қанча мусулмон бор? Бундай савол бераётганимнинг сабаби шуки, турли манбаларда бу ҳақда ҳар хил маълумот берилган экан: бир ярим миллиарддан 1,8 – 2,1 миллиардгача мусулмон борлиги ҳақида ёзишяпти. Шу ҳақда тўлароқ маълумот беришларингни илтимос қилмоқчийдим.

Салом билан Хуршида

Денов тумани

 

Энг охирги маълумотларга кўра, 8 миллиардга яқинлашиб қолган дунё аҳолисининг 24,1 фоизини мусулмонлар ташкил этмоқда ва уларнинг умумий сони 2 миллиард кишига яқинлашиб қолди. Энг аҳамиятлиси, дунёда мусулмонлар адади жуда тез ортиб бормоқда, буни ушбу рақамлардан ҳам билса бўлади: «ХХI асрда Ислом» китобидаги маълумотларга кўра, мусулмонлар 1880 йили жаҳон аҳолисининг 13,7 фоизини ташкил этган бўлса, йигирманчи асрнинг 80-йилларига келиб бу рақам салкам 17 фоизга етди, мингйилликнинг охирида эса, тахминан, 21 фоиз ташкил этди. Буюк Британиялик тадқиқотчи Самюэл Хантингтон «Ҳазоралар тўқнашуви» номли машҳур рисоласида дунёда насронийларнинг сони камайиб бораётгани ва 2025 йилга бориб, улар дунё аҳолисининг, тахминан, чорак қисмини ташкил этиши ҳақидаги маълумотни келтирган эди. Ўша вақтга бориб, мусулмонларнинг сони дунё аҳолисининг 30 фоизини ташкил этар экан (Samuel Hantington, The Clash of Civilazations, London, 1997).

 1945 йилдан буён дунёдаги сунний мусулмонлар сони 49 миллион кишига кўпайди ва жами 1,52 миллиардга етди, шиалар эса 19 миллиондан 211 миллион кишига ортди. Худди шу давр ичида насроний католиклар 391 миллиондан 1,12 миллиард кишига кўпайди, холос. Ҳозирга келиб католиклар сон жиҳатидан учинчи ўринга тушиб қолишди: чунки бугунги кунда ҳиндикий динидагилар адади 1,159 миллиард кишини ташкил этади.

Жаҳоннинг 28 мамлакатида давлат дини Ислом саналади. Дунёдаги энг кўп сонли мусулмон юртлари сафидан қуйидаги мамлакатлар жой олган: Индонезияда 200 – 207 миллион, Покистонда – 160 миллион, Ҳиндистонда салкам 151 миллион, Бангладешда – 132 – 135 миллион мусулмон бор.

Бундан кейинги ўринларни қуйидаги мамлакатлар эгаллашган: Мисрда – 75, Туркияда – 70, Нигерияда – 67, Эронда – 64 миллион, Жазоирда – 33, Суданда – 27 миллион, Хитойда – 20 миллион, Ироқда – 26 мусулмон истиқомат қилади. Эфиопия, Афғонистон, Яман, Саудия Арабистони, Ўзбекистон каби мамлакатларнинг мусулмон аҳолиси 20 – 30 миллион кишини ташкил этади.

Ғарб давлатларида ҳам мусулмонлар сон жиҳатидан тўхтовсиз ўсиб боряпти. Тадқиқотчи Михаил Тульский интернет орқали тарқатган «Ислам в неисламском мире» деган мақоласида қуйидаги рақамларни келтиради: «Диний статистика бўйича амриқолик йирик мутахассис Дэвид Барретнинг маълумотларига кўра, «1900 йили АҚШда 10 минг, 1970 йилда 800 минг мусулмон яшаган бўлса, 2000 йилга келиб, бу рақам 4,1 миллион кишига етди». Шимолий Америка Ислом жамияти (ШАИЖ) маълумотларига кўра эса, АҚШда 2000 йили 7 миллион мусулмон бўлган».

Оврупа ҳам катта исломий ўзгаришлар арафасида турибди. «Ҳозирги пайтда Оврўпада турли манбаларга кўра 15 дан 24 миллионгача мусулмон истиқомат тутган. Энг катта мусулмон жамоаси Францияда яшайди. Бу ерда мамлакат аҳолисининг ўн фоизи – 7 миллион киши мусулмондир. Айрим таҳлилчилар яқин келажакда Франция Оврўпадаги биринчи мусулмон мамлакати бўлишини башорат қилишмоқда. Оврўпадаги яна бир етакчи мамлакат Буюк Британияда ҳам мусулмонлар сони тобора ортиб боряпти ва улар сони уч миллионга етди. Германия (4,1 миллион), Италия (4 миллион), Украина (2 миллион), Ҳолландия (1 миллион) кабилар ҳам мусулмонлар нуфуси тобора кўпайиб бораётган мамлакатлар қаторига киради».

Россияда 20 миллион мусулмон бор (бу рақамни давлат бошлиғи В.Путин расман эълон қилган). Баъзи манбалар бошқача маълумотларни ҳам келтиришади. ВВСнинг 1999 йилги маълумотларига кўра, Россияда 26 миллион мусулмон яшайди. АҚШ Марказий Разведка Бошқармасининг 2004 йил 11 майдаги ахборотида ҳам ноқонуний муҳожирларни қўшиб ҳисоблаганда 26 миллион мусулмон борлиги айтилган. Москва ва Санкт-Петербург аҳолисининг ўн фоизини мусулмонлар ташкил этади. Бу рақамлар ортида азалдан мусулмон бўлиб келган этник халқларгина эмас, кейинги йилларда Исломга кираётган кўплаб руслар ҳам бор.

«Britanika» энциклопедияси, Интернет сайтлари материаллари ва Тимоти Уинтернинг «ХХI асрда Ислом» китоби асосида тайёрланди.

«Ҳилол» журналининг 5(14)сонидан.

  •  
Мавзуга оид мақолалар
Тиббиёт институтида ўқийдиган бир талаба йигит дўстлари билан факультет олдида турган эди. Шу пайт бир нотаниш машина бошқарувни йўқотиб, катта тезликда келиб, давоми...

6672 20:30 / 04.12.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Отаонага яхшилик қилиш умрни зиёда қилади. Ёлғон ризқни камайтиради. Дуо давоми...

2760 19:35 / 17.06.2019
Зайнаб бинт Абу Салама розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳонинг отаси Абу Суфён ибн давоми...

1782 09:51 / 12.01.2021
.Сиз кимсиз Сиз чизиб берсангиз, домлалар ўшанга қараб юриши керакми Йўқ, домлалар чизиб беради, сиз ўшанга қараб юрасиз. Аҳли илмлар сиздан яхши билади нима давоми...

1791 11:05 / 25.10.2019