1445 йил 22 шаввол | 2024 йил 01 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Номаҳрамлар олдида ўзини кўз-кўз қилиш (саккизинчи мақола)

17:30 / 03.07.2020 3309 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Номаҳрамлар билан суҳбатлашишга оид ҳукмлар:

-Турли ҳужжатларни расмийлаштириш, савдо-сотиқ муомалалари, ижара, қарз олди-берди, гувоҳлик, таълим беришда, даволаниш ва касалга хизмат қилинганда (жинсдош одам бўлмаса), чўкиш, ёниш ва шу каби қутқарув ишларида, заруратан, номаҳрамлар билан гаплашиш – жоиз. Бу ҳолатларда керакли гаплардан нарига ўтилмайди.

-Аёл киши номаҳрамлар билан гаплашганда (телефонда ва биров эшик қоққанда ҳам) овозини майин қилиб, нозланиб гапиририши жоиз эмас.

Номаҳрамлар олдида ўзини кўз-кўз қилиш

Зинога олиб борувчи йўллардан яна бири бу ўзини номаҳрамларга кўз-кўз қилишдир. Бошқача қилиб айтганда кўчада Ислом чегараларида бўлмаган кийимларни кийиш, безаниш ва хўжакўрсин ишларни қилиш. Бу амал ҳам ҳаромдир.

Аллоҳ таоло бу хусусда қуйидагича марҳамат қилган:

«Сен мўминаларга айт: Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, магар зоҳир бўлган зийнатлар бўлса (майли). Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар. Зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ака-укаларига ё ака-укаларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё аёлларига ё ўз қўлларида мулк бўлганларга ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчиларга ё аёллар авратининг фарқига бормаган ёш болаларга (бўлса майли). Махфий зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар. Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар» (Нур сураси, 31 оят).

Аёл кишининг номаҳрам эркакларга нисбатан аврати юзи ва икки кафтидан бошқа бутун баданидир. Мўмина-муслима аёл шарафини сақлаш учун Аллоҳнинг амрига итоат этиб, авратини номаҳрам эркаклардан беркитмоғи керак. Бунинг учун эса, юзи ва икки кафтидан бошқа бутун танасини тўсиб турадиган кийим киймоғи лозим. Шунингдек, кийим юпқа, баданга ёпишган, тор бўлмаслиги ҳам зарур. Кийим - номаҳрам эркакларнинг эътиборини жалб қилмайдиган даражада бўлиши керак. Зийнат деганда чиройли кийимлар, тақинчоқлар ва аёллар ўзларини чиройли кўрсатиш учун ишлатадиган турли воситалар кўзда тутилади. Аёл киши ушбу оятга амал қилиб, зийнатини номаҳрамлардан беркитмоғи лозим, беркитишнинг имкони бўлмай қолганда гуноҳ эмас. Бошларига ўраган рўмоллари фақат сочларини эмас, балки томоқлари, кўксилари ва кўкракларини ҳам тўсиб турсин. Токи, уларнинг жамоли бегона кўзларга мўлжал бўлмасин, турли фитналар келтириб чиқармасин. Фитна вақтида аёл киши юзини ҳам ёпиши лозим эканлигини жумҳур Ҳанафий олимлари таъкидлаганлар.

Жоҳилият даврида аёллар оёқларига ҳам турли тақинчоқлар, қўнғироқлар тақиб олишар экан. Кейин эса, эркакларнинг эътиборини жалб этиш учун оёқларини ерга қаттиқ-қаттиқ уриб юриб, ҳалиги тақинчоқларнинг овозини чиқаришар экан. Бу эса, ўз навбатида, эркакларнинг шаҳватини қўзғаган, аёлнинг ортидан тушиб хиралик қилишига ва охир-оқибат зинога олиб бориши мумкин бўлган.

Аллоҳ таоло бу масалада ушбу оятни ҳам нозил қилган:

«Эй Набий, жуфтларингга, қизларингга ва мўминларнинг аёлларига айт: жилбобларини ўзларига яқин қилсинлар. Ана ўша уларнинг танилмоқлари ва озорга учрамасликлари учун яқинроқдир. Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир» (Аҳзоб сураси, 59-оят).

Бу оятда ҳам мўминалар ўз авратларини тўсиб юришга, номаҳрам эркакларга зийнатларини кўрсатмасликка буюрилмоқдалар. Агар аёллар иффатли бўлсалар ва Аллоҳ уларга буюрганидек кийиниб юрсалар, бегона эркаклар уларни кўрганда қандай аёл эканликларини биладилар ва ортиқча ҳаракат қилмайдилар. Зеро баъзида эркак аёлга тегачоқлиқ қилиши ва гап отишида аёлнинг ҳам ўрни бўлади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай ҳадис ривоят қилинган: «…Кийим кийган-яланғоч, ўзига оғдирувчи ва ўзи оғувчи аёллар дўзах аҳлидандирлар. Бошлари туянинг ўркачлари каби бир тарафга оғувчидир. Жаннатга кирмайдилар, ҳидини ҳам билмайдилар. Ваҳоланки, унинг ҳиди жуда узоқ масофадан билиниб туради».

Муслим ривояти.

Ҳадисда хабари келган «кийим кийган-яланғоч» аёллар ҳақида уламолар бир-бирини тўлдириб келувчи тўрт хил фикрларни айтганлар:

1. Аллоҳнинг берган неъмати ила кийиниб, шукр қилмайдиган, яъни шукр қилиш жиҳатидан яланғоч аёллар.

2. Кийим кийган аммо яхшилик қилиш, ўз охиратига эътибор бериш, тоатларни бажариш жиҳатидан яланғоч.

3. Ўз жамолини кўз-кўз қилиш учун баданининг баъзи қисмларини очиб юради. Ҳадисдаги «кийим кийган-яланғоч» дегани шу.

4. Юпқа ёки ёпишган кийим кийганидан бадани кўриниб, қомати билиниб туради.

Аллома Мустафо Адавий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадис шарҳида бундай деганлар: «Менинг наздимда 3чи ва 4чи бандлар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам назарда тутган маъноларига кўпроқ тўғри келса керак».

Ҳадисда хабари келган «ўзига оғдирувчи ва ўзи оғувчи аёллар» ҳақида уламолар «номаҳрам эркакларни ўзига оғдиришга ҳаракат қилувчи ва ўзлари ҳам номаҳрам эркакларга оғиб кетувчи аёллар» деб айтганлар.

«Кийим кийган-яланғоч» ва «ўзига оғдирувчи ва ўзи оғувчи» бўлганларга баъзи эркаклар ҳам киради. Эркаклар орасида ҳам юпқа ёки ёпишган кийим кийганидан бадани кўриниб, қомати билиниб турадиган, номаҳрам аёлларни ўзига оғдиришга ҳаракат қилувчи ва ўзи ҳам номаҳрам аёлларга оғиб кетувчи эркаклар бор. Бундай эркаклар ҳам «жаннатга кирмайдилар, ҳидини ҳам билмайдилар». Зеро, бу каби амаллар - эркак бўлсин, аёл бўлсин - ҳар қандай мусулмонга ҳаромдир.

Энди номаҳрамлар олдида ўзини чиройли қилиб кўрсатишга боғлиқ ҳукмлар билан танишиб чиқсак:

-Аёл киши фақат эригагина ўзини гўзал қилиб кўрсатиши лозим. Агар аёл киши ўзини эрига чиройли қилиб кўрсатса, бу иши савоблидир.

-Эркак киши номаҳрамларга ўзини кўз-кўз қилиши ҳаромдир. Эркак киши ўз аёлига ўзини чиройли қилиб кўрсатиши савобли амалдир.

-Ота-оналар ўз фарзандларини бундай ишдан қайтаришлари ва назорат қилиб туришлари — вожибдир.

-Эркак аёлга ўхшашга ҳаракат қилиши, жинсини ўзгартириши, аёллар кийимини кийиши - ҳаромдир.

-Аёл эркакка ўхшашга ҳаракат қилиши, жинсини ўзгартириши, эркаклар кийимини кийиши - ҳаромдир.

Афзал Аброр таржимаси

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Қачонки, банда бирор гуноҳ қилса, Аллоҳ таолони ғазаблантиради. Аллоҳ таоло ғазабини ишлатишга қодир Зотдир.2. Гуноҳ қилувчи малъун шайтонни хурсанд қилади.3. давоми...

2507 11:30 / 28.05.2021
Аллоҳ таоло буюради.Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсалардан емангиз, Анъом сураси, 121.Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу ояти кариманинг тафсирида шундай давоми...

3375 16:25 / 31.01.2019
Катта ширк ndash Аллоҳга бирор нарсани шерик қилиш, тенг билиш ва У зот билан бирга тош, дарахт, қуёш каби нарсаларга ибодат қилишдир. Катта ширк гуноҳи кабираларнинг давоми...

4370 10:29 / 01.11.2018
Исломда ҳаром қилинган жинсий яқинлик қилишнинг яна бир кўриниши бу орқага яқинлик қилишдир.Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Сен Агар пок давоми...

5945 20:02 / 21.09.2020