1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Нард ўйнаганнинг гуноҳи

05:00 / 02.03.2017 3610 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким нард ўйнаса, батаҳқиқ Аллоҳга ва унинг Расулига осий бўлибди», дедилар
».
Шарҳ: Албатта, нарддан бошқа қимор турларини ўйнаганлар ҳам Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига осий бўлишлари турган гап. Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига осий бўлиш эса катта бадбахтликдир. Шунинг учун бу каби нарслардан тамоман четда бўлиш керак.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Икки белги қўйилган, зажр қилинадиган кубдан эҳтиёт бўлинглар. Иккиси ҳам қимордир».
Шарҳ: Уламоларимиз бу икки кубдан мурод нард ва ошиқ, деганлар.

Ибн Бурайдадан, у отасидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким нардашер ўйнаса, худди қўлини чўчқанинг гўштига ва қонига ботириб олган билан баробардир», дедилар
».
Шарҳ: Нардни нардашер деб аталиши ҳам борлигини шу ривоятдан билиб оламиз. Шунингдек бу хосиятсиз ўйинни ўйнаш мусулмончиликда қанчалар қаттиқ олинишини англаб етамиз.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким нард ўйнаса, батаҳқиқ Аллоҳга ва унинг Расулига осий бўлибди», дедилар
».
Шарҳ: Бу ҳадис аввал ҳам ўтган. Бу ерда таъкид ва қувватлаш учун келтирилмоқда.

АДАБ ВА НАРД ЎЙНАГАНЛАР ҲАМДА АҲЛИ БОТИЛНИ ЧИҚАРИБ ЮБОРИШ

Нофеъдан ривоят қилинади:
«Абдуллоҳ ибн Умар ўз аҳлидан бирортасининг нард ўйнаганини билса, ўшани урар ва нардни синдириб ташлар эди».
Шарҳ: Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг бу ишлари барча ота-оналар, оила бошлиқларига намунадир. Ҳар бир оила бошлиғи ўз қўл остидагилар нима билан машғул эканини зийраклик билан кузатиб туриши ва ношаръий ишлар содир бўлса, дарҳол чора кўриши лозим.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Унга ҳовлисида турадиган аҳли байтидан баъзиларининг нарди борлиги хабари етди. Бас, у уларга одам юбориб «Агар нардни чиқариб ташламасангиз, сизларни чиқариб ташлайман» деди ва бу ишларини инкор қилди».
Шарҳ: Нардни ўйнаш у ёқда турсин, уни ўйнайдиган тахтаси, доналари ва тошларини ҳам уйда сақлаш мумкин эмас экан. Нард ўйнаган кишига эмас, балки уни уйида сақлаб турган кишига нисбатан шу қадар кескинлик қилган эканлар.

Робиа ибн Кулсум ибн Жабрдан у отасидан ривоят қилинади:
«Ибн Зубайр бизга хутба қилди.
«Эй Макка аҳли! Менга хабар беришларича, қурайшлик баъзи кимсалар бир ўйин ўйнашар экан, унинг номи нардишер экан» деди. У чапақай эди. «Аллоҳ «Албатта хамр ва қимор рижсдир, шайтоннинг амалидандир...» деган.
«Албатта, мен Аллоҳнинг номи ила қасам ичиб айтаманки, ким уни ўйнаб, қўлга тушиб, менинг олдимга келтирилса, мен уни сочида ва башарасида иқобга оламан ва кийимларини уни олдимга олиб келган одамга бераман», деди
».
Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу бир муддат Маккада ҳоким бўлиб турганлари ҳаммага маълум. Ўша даврда баъзи одамларнинг нард ўйнашаётганлари ҳақида у кишига хабар етганда бунга қарши чоралар кўрган эканлар. Бу чоралар ҳақида ўз хутбаларида эълон қилган эканлар.
У киши, ким нард ўйнагани учун тутиб олдимга келтирилса, уни сочида ва терисида азоблайман; сочини олдириб ташлайман, терисига калтак билан ишлов бераман, кийимини ечиб олиб, уни тутиб келган кишига мукофот қилиб бераман» дедилар.
Демак, саҳобалар ўша ўйинни ўйнаганларга фақат салом бермай қўйиш билан кифояланмай, турли хил жазолар билан жазолаш ишларини ҳам йўлга қўйган эканлар.

Яъло ибн Муррадан ривоят қилинади:
«Абу Ҳурайрадан эшитдим: «Нардда қимор ўйнаса, чўчқанинг гўштини еган билан баробардир. Уни қимор қилмай ўйнаса, қўлини чўчқанинг қонига ботирган билан баробардир. Унинг олдида ўтириб, назар солган, чўчқанинг гўштига назар солган билан баробардир».
Шарҳ: Бу ривоятдан нафақат қимор ўйинларни ўйнаш, баки уларнинг ўйинини тамоша қилиш ҳам манъ қилинганини англаб оламиз. Чунки ундай ўйинларни тамоша қилувчилар ўйновчиларнинг шериги ҳисобланади. Уларнинг ўзларининг томошалари билан ўйновчиларни шижоатлантиришади. Шунингдек, ўзларининг Аллоҳ таоло берган буюк неъмат – вақтларини беҳудага ўтказадилар.
Кўча-кўйда карта ўйнаётган, хўроз уритираётган, ошиқ тепаётганлар ва қиморниинг бошқа турларини ўйнаётганлар билан бирга уларни томоша қилаётганлар ҳам гуноҳга шерик эканлигини унутмасликлари керак.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Нардда қимор ўйновчи, чўчқанинг гўштини еган билан, қиморсиз ўйновчи чўчқанинг қонига қўлини ботирган билан баробардир».
Шарҳ: Бу масалаларга шу қадар қаттиқ туришнинг сабаби шуки, нард каби ўйинлар умрни зое қиладиган, кун бўйи вақтни беҳуда кетказадиган нарсадир. Бунинг устига яна ўртага пул тикилса, худонинг ургани шу бўлади.
Қиморнинг ёмонликларини айтиб тугатиб бўлмайди, буни бутун дунё билади. Бусиз ҳам, пул тикмай ўйнашнинг ўзи ҳам катта касофатдир, чунки ақл, заковат, вақт, саломатлик – буларнинг ҳаммаси шу арзимас нарсага зое бўлади. Бунинг ўрнига киши бирор фойдали нарса билан шуғулланса, ўзига ҳам, оиласига, аҳлу аёлига, қўни-қўшнисига, жамиятига манфаат келтириш мумкин.
Афсуски, мана шу зарарли ўйинга берилиб кетиб, намоз ҳам эсдан чиқиб кетади, ибодат тарк бўлади, катта кулфатлар содир бўлади, энг муҳими вақт, фурсат, имконият, зеҳн, заковат, ақл каби ноёб неъматлар зое бўлади. Бу ниҳоятда катта зарар.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларида, саҳобаи киром даврида бу нарсага қаттиқ турилган. Ҳаётнинг ҳар бир ғанимат дақиқаси, ҳар бир лаҳзаси бу дунёни обод қилиш, охиратнинг саодатига эришиш учун сарф қилиниши лозим. Инсон фақат дунё ва охират учун фойдали амаллар билан машғул бўлиши, ақли, зеҳни, заковати, иқтидори ва қобилиятини шунга қаратиши керак.
Ушбу ҳадислардан баъзиларини камина ходимингиз бир неча жойларда ўқиб берганимда, бир киши сўзлашга рухсат олиб, «Дуо қилинглар, мен шуни ўйнар эдим, энди умрбод қўлимга олмайман. Ваъда бераманки, танишларимнинг ҳаммасини ҳам бу нарсадан қайтараман» дедилар.
Биз бу гапдан жуда мамнун бўлдик. Ҳақиқатдан ҳам, агар илгари бу ишнинг ҳаромлигини эшитмаган бўлсалар, тавба қилиб, дарҳол уни тарк қилиш катта жасорат.
Иншааллоҳ, ўзлари ҳам, танишлари ҳам бу ишдан қайтиб, унинг ўрнига фойдали ибодатлар билан машғул бўладилар, деган ниятимиз бор. Аллоҳ муяссар қилсин.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умму Қайс розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга .Умри узоқ бўлгир, нима деди, дедилар. Унга ўхшаган умри узоқ аёлни давоми...

4311 05:00 / 03.03.2017
Аллоҳ таоло одамзотни яратар экан, уларга меҳрибонлик назари билан қараб ўзаро доимо меҳроқибатда бўлиб яшашлари лозимлигини Ўзининг Каломи мажидида кўп бора давоми...

3437 05:00 / 04.03.2017
1996 йил 9март кунида шайх Муҳаммад Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ вафот этди. Ғаззолий анъанавий ва одатий даъватчиларга ўхшаб ёдлаганини ривоят қилмас, сатрдан чиқиб кета давоми...

1163 19:00 / 14.11.2022
Ҳайдовчининг ўзига яраша одоблари бўлгани каби, нақлиёт воситаларидан фойдаланувчи йўловчининг ҳам ўзига яраша одоблари бор. Улар, жумладан, қуйидагилардан давоми...

3384 20:56 / 30.06.2017