1445 йил 22 шаввол | 2024 йил 01 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Бегона назардан эҳтиётланиш зарурми?

15:31 / 14.06.2020 2353 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

СаволКалта иштонда сой-кўлларда чўмилаётганимизда ёки ҳаммомда ювинаётганда кўпинча катталарнинг «Авратингни беркит» деган талабларини эшитамиз. «Аврат» ўзи нима дегани? Калта иштонда чўмилиш мумкин эмасми?

Жумамурот, Чимбой 

«Аврат» сўзи луғатда «заиф жой», «айб-камчилик» маъноларини англатади. Шаръий истилоҳда бошқаларга кўрсатиш ёки уларга қараш жирканч ва уят иш ҳисобланган инсон тана аъзолари «аврат» дейилади. Инсон танасининг шариат ҳукмига кўра кўздан яширилиши ва намозда ёпиқ туриши фарз қилинган, кўрсатиш ва қараш ҳаром бўлган қисми аврат саналади. Зеро, жумҳур уламо иттифоқига кўра, авратни бегоналардан ёпиб юриш шариат тарафидан фарзи айн (ҳаммага баравар шарт қилинган) амаллар сирасига киритилган.

Ҳанафийларнинг энг мўътабар фиқҳий матн китобида аврат жойлари ҳақида қуйидагиларни ўқиймиз: «Эркакнинг аврати киндиги остидан тиззаси остигачадир. Чўриники мана шу (киндик остидан тиззаси остигача) орқа ва қорни билан биргадир. Ҳур аёлнинг аврати бутун баданидир. Фақат юзи, кафти (бўғимигача) ва қадами (тўпиғигача) аврат эмас». Демак, Имом Аъзам мазҳабига кўра, эркакнинг аврат, яъни бегоналардан яшириши лозим бўлган баданидаги жойлари киндиги остидан тиззаси остигачадир. Яъни киндик аврат эмас, тизза ва унинг тепаси авратдир. Аёлларнинг юзи, кафти ва қадамидан ташқари бутун баданлари авратдир.

Фиқҳий матн китобларимизда келган юқоридаги жумлаларга Имом Дорақутний Ато ибн Ясордан, у эса Абу Айюбдан ривоят қилган ҳадиси шариф далил бўлган. Унда айтилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Икки тиззадан юқориси авратдандир. Киндик остидан пасти ҳам авратдандир». Яна Дорақутний Амр ибн Шуайбдан, у эса отасидан, у эса бобосидан ривоят қилишича, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Албатта, киндик остидан тиззагача авратдир».

Мазҳабимизнинг машҳур китоби бўлмиш «Ҳидоя» соҳиби ривоят қилган ушбу «Тизза аврат жумласидандир» деган ҳадиси шарифни Алий каррамаллоҳу важҳаҳудан Абу Ҳотам ва Дорақутнийлар ривоят қилишган. Аёл кишининг эса барча аъзоси, яъни юзи кафти ва қадамидан ташқари бутун бадани аврат эканига Имом Термизий Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: «Хотин киши авратдир», деган ҳадиси шариф ҳужжат сифатида кўрсатилади. Ушбу ҳадисга баъзан «мастуратун», яъни «ёпиладиган» калимаси ҳам қўшиб айтилади.

Аёл киши аврат жойларини кимга кўрсатиш мумкинлиги тўғрисида «Мухтасарул Виқоя»да бундай дейилади: «Эркак эркакнинг, хотин хотиннинг ва эркакнинг киндигидан тиззасигача бўлган жойидан бошқа жойларига қарайди. Маҳрамининг ва бошқаларнинг чўрисининг орқаси, қорни ва сонидан бошқа жойларига қарайди. Ажнабий (маҳрами ҳисобланмаган аёл-қизларнинг) ва (қул) саййидасининг юзи ва икки кафтига қараши мумкин. Назар солганда эса шаҳватдан холи бўлиши шарт қилинди. Фақат зарурат пайтида – ҳукм ўқиш, гувоҳликка тортиш, никоҳини хоҳлаш, савдо пайти, даволаш вақтида қараш мумкин. Зарурат миқдорида касалликнинг ўрнига қарайди». Демак, эркаклар эркакларга хотинлар хотинларга киндикнинг остидан тизза остигача қарай олмайдилар.

Юқоридаги фиқҳий матнда аёл кишининг эркакка қараши ҳам мумкинлиги айтилган. Бунга сабаб қилиб уламоларимиз эркаклар одатда кўз кўринадиган жойларда иш қилишади, улар иш жараёнида кўйлакларини ечиб қўйишлари ҳам мумкин бўлади. Аёлларнинг уларга қарашини манъ қилиб қўйиш одамларга қийинчилик туғдиради. Исломда хараж (машаққат) йўқдир. Аммо улар шаҳват билан қарашлари, қараганда шаҳват туғилиши имконияти бўлиб қолиши мумкин жойларда аёлларнинг кўзларини юмиши буюрилади. Маҳрами (бир-бирлари ўртасида насаб, эмишганлик ёки қариндошлик сабабли абадий никоҳи ҳаром бўлганлар)нинг сони, қорни ва орқасидан бошқа жойларига қараш мумкинлиги тўғрисидаги масала эса Аллоҳ таолонинг зийнатларини фақат қариндошларига кўрсатсинлар деган маънодаги ояти каримасига ишоратан олинган. Зеро, уламоларимиз юз ва кафтларни зийнат жойлари деб тафсир қилишгани маълум. Имом Табаронийнинг ривоят қилишича, ҳазрати Алий ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумлар «Зийнат бу сурма ва узукдир» деб уларнинг ишлатиладиган жойига ишора қилган эдилар. Бегона аёлларнинг юзи ва кафти ҳамда қадамига қараш мумкинлиги эса зарурат юзасидан. Чунки бу ҳолатдан сақланиш ўта машаққатдир. Аммо қарашда шаҳват бўлмаслиги шарт қилинади.

Инсоннинг аврат жойлари борасида батафсил тўхталганимизга сабаб, баъзи бир кимсалар жамоавий ҳаммомларда авратга эътибор бермасдан бемалол юришаверади. Бундай ҳолат мусулмон кишига асло ярашмайди, балки у гуноҳкор бўлиб қолиши мумкин. Абу Довуд ва Насоийлар Яъло (ибн Умайя ёки ибн Мурра)дан ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ жойда яланғоч чўмилиб турган кимсани кўриб қолибдилар. У зот келиб, минбарга чиққиб Аллоҳга ҳамду сано айтганларидан сўнг бундай деганлар: «Албатта, Аллоҳ таоло ниҳоятда ҳаёли ва ёпгувчидир. У ҳаё ва ёпинишни, бекинишни яхши кўради. Демак, сизлардан биронтангиз ғусл қилса, бас, ёпиниб олсин!» Ибн Ҳажар ушбу ҳадис замирида «Бу ерда одамлар кўрмаслиги учун ғусл қиладиган жой қуриб олишга даъват бор», дейди ва ҳожатсиз пайтда авратни очиш ҳаромлигига имомларимиз келишишган деб ёзади.

 

«Ҳилол» журналининг 5 (14) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қиёмат кунида банда эришадиган нажот, ютуқлар орасидаги фарқ 1. Фавзул мубин Очиқойдин ютуқ. 2. Фавзул кабир Катта ютуқ. 3. Фавзул азим Буюк ютуқ. 1ndash Фавзул мубин давоми...

5686 09:00 / 14.03.2023
Ибн Абу Зинод айтади .Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўйлаклари қолган эди. Абдуллоҳ ибн Зубайр ўлдирилганда ўша давоми...

1441 08:00 / 10.09.2020
15бобФақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтадиларҚозиликни қабул қилиш тўғрисида ҳам уламолар орасида ихтилоф бор. Баъзилар қозиликни қабул қилиш дуруст давоми...

935 18:00 / 15.11.2020
Тўйлардаги дабдавозлик айни исрофдир Динимизда исрофгарлик қаттиқ қораланган бўлиб, исроф қилиш ҳаромдир.Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган давоми...

2043 17:30 / 11.10.2019