1445 йил 9 зулқаъда | 2024 йил 17 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Тилла ва кумуш пулнинг закоти

10:30 / 18.05.2020 1919 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Бакр уни Баҳрайнга юбораётиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга фарз қилган садақа ҳақида ёзиб берган мактубда:

«Кумуш танга пулда ўндан бирнинг тўртдан бири. Агар бир юз тўқсон тангадан бошқа бўлмаса, унда ҳеч нарса йўқ. Магар эгаси хоҳласа, (ўзи билади)», дейилган эди».

Бухорий, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Бешовлари қилган ривоятда:

«Кумуш танга пулнинг беш увқийясидан озида садақа йўқ», дейилган.

Шарҳ: Араб тилида кумуш танга пул «варақ», «риққа» деб аталади. Ушбу ҳадисда ўша кумуш танга пул ҳақида сўз кетмоқда.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Кумуш танга пулдан фарз бўладиган закот миқдори ўндан бирнинг тўртдан бири, бугунги кун истилоҳи билан айтилганда, икки ярим фоизи экан. Демак, кимнинг кумуш тангалари нисобга етса, икки ярим фоизини закот қилиб чиқариши керак.

2. Бир юз тўқсон танга кумуш пулга закот фарз бўлмайди. Агар эгаси ўз ихтиёри билан закот бермоқчи бўлса, ўзи билади.

3. Кумуш танга пулнинг нисоби беш увқийя. Бир увқийя – қирқ дирҳамга тенг. Уни бешга кўпайтирсак, икки юз дирҳам бўлади. Икки юз дирҳам кумуш пул нисобга етган бўлади.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Узун ҳадисни айтиб келиб, жумладан шундай дедилар:

«Қачон сенинг икки юз дирҳаминг бўлса ва бунга бир йил ўтса, бас, ундан беш дирҳам. Сенинг йигирма диноринг бўлгунча сенга ҳеч нарса (фарз) бўлмайди. Қачон йигирма диноринг бўлса ва бунга бир йил ўтса, бас, ундан ярим динор. Зиёда бўлган нарсадан ўшанинг ҳисоби бўйича», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган. Бухорий саҳиҳ, деган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Икки юз дирҳам ва ундан ортиқ кумуш пулдан закот олинади.

2. Кумуш пулдан закот нисобга етган ҳолида бир йил тўлиқ тургандан кейин фарз бўлади.

3. Икки юз дирҳамдан беш дирҳам миқдорида закот олинади.

4. Тилла пулнинг йигирма динордан озида закот фарз бўлмайди.

5. Тилла пулнинг нисоби йигирма динор.

6. Тилла пул ҳам нисобга етгандан кейин бир йил ўтсагина закот фарз бўлади. Бир йилдан оз миқдорда нисобдан кам бўлиб қолса, закот фарз бўлмайди.

7. Йигирма динор тилла пулдан ярим динор закот берилади.

8. Нисобдан ортиқ пулдан нисбатига қараб, икки ярим фоизи закотга чиқарилаверади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«От ва қулни афв қилдим. Кумуш танга пулнинг садақасини беринглар. Ҳар қирқ дирҳамдан – бир дирҳам. Бир юз тўқсон (дирҳам)да ҳеч нарса йўқ. Қачон икки юзга етса, ундан – беш дирҳам», дедилар».

Абу Довуд, Термизий ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифда «От ва қулни афв қилдим», деганлари закотини кечиб юбордим, деганларидир. Бу гапни баъзи кишилар бу икки турдаги мулкдан закот чиқарилмайди, деб тушунганлар. Бошқалар эса «Хизмат учун бўлганларидан чиқарилмайди, қолганларидан чиқарилади», деганлар. Бу масалани ҳайвонот бойликлари закоти ҳақида сўз юритганимизда батафсил кўриб чиқдик.

Бу ҳадисда танга пулдан закот бериш кераклиги, унинг нисоби икки юз дирҳам эканлиги ва ундан беш дирҳам закот чиқарилиши каби масалалар қайта таъкидланмоқда.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳайвоннинг талофатида товон тўлаш йўқ. Маъданда ҳам товон тўлаш йўқ. Қудуқда ҳам товон тўлаш йўқ. Дафинада бешдан бир (закот) бор», дедилар». 

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: «Ҳайвоннинг талофатида товон тўлаш йўқ», дейилгани ҳайвон эгасининг айбисиз ҳайвондан бировга талафот етса, уни тўлаб бермайди, деганидир. Шунингдек, маъданда, яъни конда биров ўлиб қолса ҳам қони беҳуда кетади, ҳеч ким жавобгар бўлмайди.

Бир одам қудуқ қазиган бўлса-ю, унинг қудуғига биров тушиб, чиқа олмай, ўлиб қолса, қудуқ эгаси жавобгар бўлмайди.

Ким дафина (эскидан кўмилиб кетган хазина) топиб олса, ундаги нарсанинг бешдан бирини закотга беради.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фуръ томондаги Қабалийя деган жойнинг маъдан конларини Билол ибн Ҳорисга берганлар. Ўша маъданлардан бугунги кунгача фақат закот олинади, холос».

Имом Молик, Имом Шофеъий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Фуръ – Мадинаи мунаввара билан Нахланинг орасидаги бир жойнинг номи. Қабалийя Мадинаи мунавварадан беш кунлик йўл узоқдаги денгиз соҳилидаги бир макон. «Маъдан» деб тилла ва кумуш конларига айтилади.

Ушбу ривоят конлардан чиқадиган бойликлардан закот бериш фарзлигига далилдир. Худди бошқа турдаги бойликлар сингари тилла-кумуш, яъни пул бирлиги бўлиб турган бойлик закоти ҳақидаги маълумотларни ҳам уламоларимиз барча далил ва ҳужжатларни бир жойга тўплаб, уларни солиштириб, керакли баҳсларни юритиб, сўнг тайёр ва тартибли ҳолда мусулмонларга тақдим қилганлар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳасан Басрийдан ривоят қилинади.Басранинг жоме масжидидаги бир мажлисга келсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир тўп саҳобалари Абу Бакр ва Умар давоми...

3052 08:30 / 17.12.2018
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган.Жин ва инсни фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим, Зориёт сураси, 56оят.Биз бу дунёга ибодат қилиш давоми...

1197 15:19 / 27.10.2020
Мавлид ойи кириб келиши билан мухлис мўминмусулмонларда Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат, шавқ ва туйғулар ўзўзидан қайта жонланади. давоми...

2657 17:16 / 28.09.2022
Кўп саҳобалар Али розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидаги мақомларида бўлишни орзу қилишар эди. Аллоҳ Расулуллоҳ билан давоми...

2563 15:15 / 18.12.2018
Аудиолар

121498 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42989 14:35 / 11.08.2021