1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Парҳез давонинг бошидир

05:00 / 01.03.2017 3638 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Уламоларимизнинг таъкидлашларича, давонинг барчаси икки нарсага: парҳезга ва соғлиқни сақлашга боғлиқдир. Парҳез бузилса соғлиқ бузилади. Соғлиқ бузилганда уни бузган нарсани бадандан чиқариб юборишга эҳтиёж тушади. Тиб илмининг барчаси ушбу уч нарсага боғлиқдир.


Парҳез икки хил бўлади:

1. Хасталикка сабаб бўладиган нарсалардан парҳез қилиш.

Бу парҳез соғ-саломат кишилар амал қилиши лозим бўлган парҳездир.

2. Хасталикни зиёда бўлишига сабаб бўладиган нарсалардан парҳез қилиш.

Бу бемор кишилар амал қилиши лозим бўлган парҳездир.

Парҳезнинг асли Қуръони Каримда келган.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Бақара сурасида мўмин-мусулмонларга хитоб қилади:

«Агар бемор ёки сафарда бўлсангиз ёки сиздан бирингиз таҳоратхонадан келса ёхуд аёлларга яқинлашган бўлсангиз-у, сув топа олмасангиз, покиза тупроқ-ла таяммум қилинг. Бас, юзингизга ва қўлларингизга масҳ тортинг. Албатта, Аллоҳ афв ва мағфират қилувчи зотдир».

Ушбу оятда Аллоҳ таоло, жумладан, бемор кишига беморлиги зиёда бўлишидан қўрқса сув билан таҳорат қилмай, унинг ўрнига таяммум қилишга рухсат бермоқда.


Умму Мунзир ал-Ансория розияллоҳу ан­ҳодан ривоят қилинади:

«Бизникига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар. У зот билан бирга Али розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. Бизнинг илиб қўйилган хурмо шингилларимиз бор эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб улардан емоқни бошладилар. Али ҳам емоқчи бўлиб турди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Алига:

«Тўхта! Сен беморликдан янги турган одамсан», дедилар.

Али тўхтаб қолди. Мен уларга арпа ва қанд лавлагидан таом тайёрладим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Али, мана бундан олавер. Бу сен учун фойдали», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Аввал ҳам таомни меъёрида ва ёққанини емоқлик соғлиқ учун зарур омил эканини таъкидланган эди. Чунки инсон ўз озуқасидан бутун вужуди ила таъсирланади. Озиқ-овқат фақат инсоннинг қонига, вужудига таъсир қилиб қолмай балки руҳига ҳам таъсир қилади. Бунга чўчқа гўштини ейдиганлар чўчқага ўхшаб рашксиз бўлиб қолиши мисол келтирилади. Бас, шундоқ экан парҳезга эътибор бериш зарур нарса ҳисобланади.

Айниқса, хасталикдан янги турган кишилар бу нарсага алоҳида эътибор беришлари лозим бўлади. Чунки хасталик туфайли жисмда рўй берган ўзгаришлар инсонни сал нарсадан таъсирланадиган даражага олиб келиб қўйган бўлади.

Мана, ушбу ривоятда ана шундоқ ҳолнинг ёрқин мисолини кўриб турибмиз. Арабларда хурмо меваси маълум босқичга етганда уни шингили билан узиб олиб, осиб қўйилади. Бу иш кўпроқ етилиб пишмаган хурмо меваларига нисбатан қилинади. Сўнг ҳалиги шингиллардаги унча пишмаган хурмоларни аста-аста олиб емоқни бошлайдилар. Умму Мунзирнинг уйида ҳам ана шундоқ хурмо шингиллари бор экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб улардан ебдилар. Аммо ҳазрати Али ҳам емоқчи бўлганларида у кишига янги касалдан турганини эслатиб пар­ҳез қилишга амр қилибдилар. Уй соҳибаси меҳмонларга арпа уни ва қанд лавлагидан тайёрлаган таомдан эса, кўпроқ олишни амр этиб, буни у киши учун фойдали эканини таъкидлабдилар.

Мана шу ҳадиси шариф айнан тажрибага суя-ниб айтилган ҳадис ҳисобланади. Унга амал қиламан деб хасталикдан янги турган ҳар бир мусулмон мазкур хурмо емоқдан ўзини тийиши лозим эмас. Эҳтимол, баъзи бир хасталикдан янги тузалган одамлар айнан шу хурмодан еса фойдали бўлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Алига у кишининг хасталиклари қандоқ эканини, мижозларини, шахсий хусусиятларини ва хурмонинг нави ва ҳолатини яхши билиб туриб айтганлар.

Бу ҳадисдан биз парҳез лозимлиги ҳақидаги умумий кўрсатмани оламиз. Ҳар бир муайян хас­талик ва шахсга нимадан ва қандоқ парҳез қилишни эса, мусулмон ҳозиқ табиб белгилайди.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон Аллоҳ бир бандага муҳаббат қилса уни дунёдан парҳезкор қилиб қўяди. Худди сизнинг бирингиз ўз беморини сувдан парҳезкор қилганидек», дедилар».

Шарҳ: Молу дунёдан парҳез қилмаслик, уларга ўч бўлиш барча балоларнинг боши экани ҳаммага маълум. Аллоҳ таоло Ўзи суйган бандаларини ана шу балолардан сақлаш учун молу дунёдан парҳезкор қилиб, у нарсаларга унча ўч бўлмайдиган этиб қўяр экан. Бинобарин, Аллоҳ таоло қай бир бандасини бало-офатлар билан синамоқчи бўлса, у бандани молу дунёдан парҳез қилмайдиган этиб қўяр экан.

Бу жараён «Худди сизнинг бирингиз ўз беморини сувдан парҳезкор қилганидек» кечар экан. Бемор одамга қараётган соғ кишилар иложи борича унга совуқ сув ичирмасликка ҳаракат қиладилар. Бу парҳезни унга бўлган муҳаббатларидан, унга яхшиликни раво кўрганларидан ва тезроқ тузалишини истаганларидан қиладилар.


Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Беморларингизни таомга мажбур қилма­нгиз. Албатта, Аллоҳ уларни таомлантириб ва сероблантириб турур», дедилар».

Иккисини Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳам парҳезнинг энг муҳим кўринишларидан бири. Тиб уламоларининг таъкидлашларича, Аллоҳ таоло инсоннинг жисмини ўзини-ўзи бошқариб турадиган қилиб яратган экан. Нима истеъмол қилиш керак бўлса, жисмда ўша нарсага талаб кучаяр, нима керак бўлмаса, талаб сусаяр экан. Шунинг учун беморга ўзи истамаган нарсани мажбурлаб едириш ёки ичириш яхши эмас. Беморни мажбурлаш мумкин бўлган бирдан бир нарса ҳозиқ табиб васф қилган дори бўлиши мумкин.

Муҳаддис уламоларимиз, парҳезкорлик масаласида ривоят қилган ҳадиси шарифларнинг энг машҳурларидан бири Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Барча дардларнинг асли таом устига таом емоқдир», деганларидир, дейдилар.

Бу ҳақиқатни замонавий тиб илми ҳам минг беш юз йил ўтиб бўлса ҳам тасдиқлади. Ҳозирда таомга эътибор бериш, нимани ва қанча миқдорда ейиш, нимани емаслик ҳақида кўрсатмалар кетма-кет чиқиб турибди.

Орадаги фарқ шуки, Ислом кўрсатмаларида илоҳийлик, муқаддаслик, руҳонийлик ва хайру барака бор.



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жамиятда олий маълумотли, олий даражали шахслар борки, барчалари институт ёки университетларда таҳсил олишган. Ҳеч ўйлаб кўрганмизми, биринчи университет давоми...

1738 15:30 / 24.12.2021
Сўкиш ва ачитиб гапиришни жамлаб олингани арабчада .Базоъа, дейилади. У луғатда тилдаги рост бўлса ҳам аччиқ ва бешарм гапдир.Уламолар уни қуйидагича давоми...

5260 05:00 / 03.03.2017
Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Кимга бир маъруф қилинса, унга мукофот берсин. Агар мукофотга давоми...

2857 05:00 / 03.03.2017
Нақлиёт воситаларидан фойдаланиш одоблари бир неча қисмга бўлинади. Бу одобларнинг биринчи қисми нақлиёт воситаларини бошқариш, ҳайдовчилик қилиш ҳаққини давоми...

3788 20:48 / 30.06.2017