1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Кимга маъруф қилинса, унга мукофот берсин

05:00 / 03.03.2017 2856 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимга бир маъруф қилинса, унга мукофот берсин. Агар мукофотга берадиган нарса топмаса, унга мақтов айтсин. Қачон унга мақтов айтса, шукр қилган бўлади. Агар айтмаса, куфрони неъмат қилган бўлади.
Ким ўзига берилмаган нарса ила зийнатланса, худди икки ёлғон кийимни кийгандек бўлади», дедилар
».


Шарҳ: Бир жамиятда яшайдиган кишилар орасида бир-бирига маъруф иш – яхшилик қилиш Исломнинг муомала бобидаги бош таълимотларидан ҳисобланади. 

Маъруф иш ҳадия бериш, қийин ҳолатда ёрдам бериш, обрўсини ҳимоя қилиш ва шунга ўхшаган мусулмонлар бир-бирларига қиладиган барча яхшиликлардир.

Бир одам иккинчисига маъруф иш қилди. Иккинчи шахс, яъни, бировнинг яхшилигидан баҳраманд бўлган одам бу ҳолатда ўзини қандай тутиши лозим? 

Саволнинг жавоби ушбу ўзимиз ўрганаётган ҳадиси шарифда келмоқда.

«Кимга бир маъруф қилинса, унга мукофот берсин». 

Ҳар бир яхшилик кўрган одам ўзига яхшилик қилган шахсга унинг қилган яхшилиги учун мукофот бериши исломий одоб тақозоси экан. Ҳадия берганга жавоб ҳадияси берсин. Бошқача яхшилик қилганга ҳам қўлидан келганича мукофот бўладиган нарсани тақдим қилсин. 

«Агар мукофотга берадиган нарса топмаса, унга мақтов айтсин. Қачон унга мақтов айтса, шукр қилган бўлади. Агар айтмаса, куфрони неъмат қилган бўлади».

Мукофотга берадиган нарсаси бўлмаган чоғда бир оғиз ширин сўз билан бўлса ҳам ўз миннатдорчилигини билдирсин. Ташаккур сўзлари қилинган яхшиликнинг шукри бўлади. 

Агар шу сўзни ҳам айтмаса, унда мазкур одам яхшиликнинг тенги эмаслиги намоён бўлади. У ўзига етган неъматга куфрони неъмат қилган бўлади. Бу иш мусулмон шахс учун зинҳор тўғри келмайди. Бу Ислом одобига зид нарса. 

«Ким ўзига берилмаган нарса ила зийнатланса, худди икки ёлғон кийимни кийгандек бўлади».

Яъни, мақтаниш ва фахрланиш учун ўзида йўқ нарсани бор қилиб кўрсатиш икки марта гуноҳдир. Ўзида йўқ нарсани бор қилиб кўрсатгани учун бир гуноҳ. Мақтанчоқлик қилгани учун бир гуноҳ.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ҳар бир маъруф қилган кишига мукофот бериш одобданлиги.

2. Маъруф иш қилган одамга берадиган мукофоти бўлмаса, унга ташаккур сўзларини айтиш лозимлиги.

3. Қилинган маъруф эгасига мақтов сўзларини айтиш шукрона экани.

4. Қилинган маъруф эгасига мақтов сўзларини айтмаслик куфрони неъмат экани.

5. Ўзида йўқ нарсани бор қилиб кўрсатишга уриниш яхши эмаслиги.


 Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳнинг номи билан паноҳ сўраса, унга паноҳ беринглар.
Ким Аллоҳнинг номи билан бир нарса сўраса, сўраган нарсасини беринглар.
Ким сизларга яхшилик қилган бўлса, уни мукофотланглар.
Агар мукофотлагани ҳеч нарса топа олмасангиз, уни дуо қилинглар. Токи ўша одам қилган яхшилиги учун сиздан бирор тақдирлаш олганини билсин», дедилар
». 

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз билан биз умматларини ўзаро муомалаларимизда алоҳида эътибор беришимиз лозим бўлган бир неча ишларни зикр қилмоқдалар.

«Ким Аллоҳнинг номи билан паноҳ сўраса, унга паноҳ беринглар». 

Бу одамгарчиликнинг олий нуқталаридан биридир. Албатта, ноилож ҳолат бошига тушган одамгина ўзгадан паноҳ сўрайди. Бировни ўз паноҳига олиш жуда улуғ иш.

«Ким Аллоҳнинг номи билан бир нарса сўраса, сўраган нарсасини беринглар». 

Албатта, ўта муҳтож кишигина Аллоҳ таолонинг номи билан ўзгадан бирор нарса сўрайди. Аммо одамгарчиликни йўқотиб, тиланчиликни ўзига касб қилиб олган, Аллоҳ таолонинг номини бу ишида шиор қилиб олган танбаллар бу сирага кирмайдилар.

Ноиложликдан, иффатини сақлаган ҳолда ўзгадан бирор нарса сўраган одамга ёрдам бериш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. 

«Ким сизларга яхшилик қилган бўлса, уни мукофотланглар». 

Мазкур шахснинг яхшилигига яраша мукофот бериш керак бўлади. Бу кўпинча хизматни тақдирловчи совғалардан иборат бўлади.

«Агар мукофотлагани ҳеч нарса топа олмасангиз, уни дуо қилинглар. Токи ўша одам қилган яхшилиги учун сиздан бирор тақдирлаш олганини билсин»

Сизга яхшилик қилганидан мамнун эканлигингизни, сиз ундан хурсанд бўлганингизни, унинг ҳақига дуо қилаётганингизни билдириб қўйинг. 

Демак, яхшилик қилган одамга қўлдан келганича яхшилик қайтариш    матлуб амал экан. Бирор моддий нарса бўлса, уни мукофот тариқасида берган яхши, бўлмаса – ҳеч бўлмаса мақтов айтсин, дуо қилсин, хуллас қандай бўлмасин, яхшилик қилган одамни мукофотласин. 

Дарҳақиқат, мана шу нарса инсонлар ўртасидаги ижтимоий алоқаларнинг ривожланишига, яхшиланишига, шу жамиятда яхшилик қилувчиларнинг кўпайишига, маъруф ишларнинг кенг қулоч ёйишига сабаб бўлади. 

Албатта, ҳар бир одам бундай яхшиликларни Аллоҳ учун қилади. Аммо унинг яхшилигидан манфаат топган одам мамнун бўлса, унинг ҳаққига дуо қилса, жуда яхши бўлади, ниҳоятда улуғ бир фазл бўлади. 

Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу нарсага алоҳида эътибор бериб, ҳадисларида таъкидлаб ўтган эканлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аллоҳнинг номи билан паноҳ сўраган одамга паноҳ бериш кераклиги.

2. Аллоҳнинг номи билан бир нарса сўраган одамга сўраган нарсасини бериш кераклиги.

3. Яхшилик қилган одамни мукофотлаш кераклиги.

4. Яхшилик қилган одамни мукофотлагани ҳеч нарса топа олмаса, уни дуо қилиш кераклиги. 


МУКОФОТ ТОПМАГАН ДУО ҚИЛСИН


Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Муҳожирлар:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Ансорийлар ажр-савобнинг ҳаммасини олишди», дейишди.
«Йўқ, ундай эмас. Сиз уларнинг ҳақига дуо қилиб турсангиз ва уларни мақтаб турсангиз, ундай бўлмайди», дедилар
».

Шарҳ: Ансорийлар муҳожирларга инсоният тарихида мисли кўрилмаган яхшилик қилишди. Ҳижрат қилиб келганларида уларни очиқ қалб билан кутиб олдилар, уй-жой, озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминладилар. 

Ансорийлар муҳожирларнинг барча эҳтиёжларидан хабар олиб туришган, уларга уйларининг ярмини бўлиб беришган. Ҳатто баъзи ансорийларнинг иккита хотини бўлса, эй биродар, хотинларимдан бирини танла, мен талоқ қилай, сен унга уйлангин, дейилган ҳолатлар ҳам бўлган. 

Инсоният тарихида ҳеч бир қавм ансорийлар муҳожирларга қилган яхшиликни қилмаган. Ана шундай улуғ амалларни қилган ансорийларни кўриб, муҳожирлар, ансорийлар ажр-савобнинг ҳаммасини олишди, деган фикрга боришган экан ва буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга изҳор қилишган.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Йўқ, ундай эмас. Сиз уларнинг ҳақига дуо қилиб турсангиз ва уларни мақтаб турсангиз, ундай бўлмайди», деб жавоб берганлар.

Шунинг учун биров яхшилик қилса, ҳеч бўлмаганда унинг ҳаққига дуо қилган одам ҳам савоб олар экан. Бу ислом маданиятининг намуналаридан бири экан. Чунки одамларга шукр қилмаган, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди. Бу амал жамият аъзолари ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамланишига ҳам омил бўлади. 


ОДАМЛАРГА ШУКР АЙТМАГАН ШАХС


 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамларга ташаккур айтмаган одам Аллоҳга шукр қилмаган бўлади», дедилар
». 

Шарҳ: Бу жуда ҳам эътиборга сазовор нарса. Демак, ўзига яхшилик қилган шахсга раҳмат айтиб, ўзининг розилигини билдирмаган одам Аллоҳга ҳам шукр қилмайдиган бўлади. 

Шунинг учун бир одам бизга яхшилик қилса, албатта унга ташаккур айтиб, мукофотлаш керак бўлади.

Маълум ва машҳурки, шукр ила неъмат зиёда ва бардавом бўлади. Агар яхшилик қилганган ташаккур айтилмаса, у ҳам иккинчи бор яхшилик қилишга қўл урмай қўяди. 

Вақтида ташаккур айтмаганнинг ўзи зарар кўради. Унга ҳалиги одам яхшилик қилишни тўхтатади. Шу билан бирга яхшилик қилган ҳам зарар тортади. Чунки у бир одамга яхшилик қилиб савоб олишдан маҳрум бўлади.

Ўзига ўхшаган одамга унинг яхшилиги учун ташаккур айтмаган одам Аллоҳ таолога шукр қилиши ҳам қийин бўлади.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ таоло нафсга: «Чиқ» дейди.
«Йўқ, чиқмайман. Чиқсам ҳам, ёқмаган ҳолда чиқаман» дейди», дедилар
».

Шарҳ: Бунинг маъноси шуки, жон ўз эгасида турган пайтда, унинг эҳтиромини қилиб турган пайтда чиққиси келмас экан. Яъни жон юқоридагидек, яхшилик қилганга миннатдорчилик билдириб, ташаккур айтиб юрадиган одамлардан чиққиси келмас экан. Аллоҳ таолога «Чиқмайман, чиқсам ҳам ўзимга ёқмаган ҳолда чиқаман» дер экан.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу ndash инсон Инсон ожизлигининг чўққисига касаллик ва шаҳват пайтида чиқади. Кучқувватининг чўққиси эса урушлар, осмонўпар бинолар барпо этушу вайрон қилиш давоми...

5842 17:05 / 30.03.2018
Арабча матнларда .алҳабба ассавдаа, номи ила зикр қилинган нарсани биз сўзмасўз .қора дона, шаклида таржима қилдик.Чунки ушбу .қора дона, нима экани ҳақида давоми...

17406 17:00 / 29.12.2020
Аллоҳ таоло айтади Агар Аллоҳ барча бандаларининг ризқини кенгмўл қилиб қўйса, албатта улар Ер юзида зулмтажовузкорлик қилган бўлур эдилар. Лекин У Зот давоми...

2709 05:00 / 03.03.2017
Ушбу мақоламизда деҳқончилик, хусусан кўчат экиш фазилати ва унинг инсонга келтирадиган фойдалари ҳақида тўхталиб ўтамиз.Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу давоми...

5088 05:00 / 04.03.2017