1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Хурсанд бўлавер. Мана, яна жамоа намози!

18:30 / 05.02.2020 3378 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тоғам билан жумани Маккада ўқиб қайтаётган эдик.

Йўлда бир ташландиқ масжид бўларди. Ўтган-қайтганда кўзимиз тушиб турарди. Шоҳ йўл бўйида жойлашгани учун машиналар эътибор бермай ўтиб кетаверадилар.

Қарасак, ҳаворанг бир форд машинаси турибди. «Машина бу ерда нима қиляпти?», деган савол миямдан лип этиб ўтди. Қизиқишим ортиб, тезликни туширдим-да, машинани масжид тарафга, тупроқ йўлга бурдим.

- Нима гап? Нима бўлди? - деди тоғам.

Машинани тўхтатиб, масжидга кирдик. Қулоқ солсак, кимдир баланд овозда Қуръон тиловат қиляпти. «Раҳмон» сурасини ўқиётганди. Ташқарида туриб эшитаверишни ўйлаб тургандим. Лекин ичим қизиб, учдан бири вайронага айланган, устидан қуш ҳам учиб ўтмайдиган бу ташландиқ масжид ичида не ишлар бўлаётганини билгим келди.

Ичкарида бир йигит ерга жойнамозни ёзиб ўтирарди. Қўлида кичкинагина Қуръон. Тиловат қиларди. Атрофда ундан бошқа ҳеч ким йўқ. Ёлғиз ўзи.

- Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, - дедим. Тинчимни буздинг дегандек, ажабланиб қаради-да:

- Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, - дея саломимга алик олди.

- Асрни ўқидингизми?

- Йўқ.

- Аср вақти кириб қолди. Ўқиб олайлик.

Энди намоз бошламоқчи бўлиб турсам, ҳалиги йигит қибла тарафга қараб бир табассум қилди. Кимга табассум қилди, нима учун қилди, билолмадим. Йигитнинг оғзидан чиққан кейинги сўз эса мени батамом довдиратиб қўйди:

- Хурсанд бўлавер. Мана, яна жамоа намози!

Тоғам менга ҳайрон бўлиб қаради. Мен ўзимни билмаганга солиб, намозга қулоқ қоқдим. Хаёлим эса ҳамон ўша сўзда эди.

- Хурсанд бўлавер. Мана, яна жамоа намози!

Ким билан гаплашяпти? Ҳеч ким йўқ-ку! Кимсасиз бир ташландиқ масжид-ку бу. Ё жиннимикин?

Намоздан кейин ўгирилиб ортимга қарадим. Йигит ҳамон тасбеҳ айтиш уммонида ғарқ эди. У билан сўраша бошладим:

- Биродар, аҳволингиз яхшими?

- Яхши. Алҳамдулиллаҳ.

- Кечирасиз, сиз мени намоздан чалғитдингиз-да.

- Нега?

- Намоз ўқиётганимда: «Хурсанд бўлавер, мана яна жамоа намози!», дедингиз. Йигит кулди ва нима қилибди? - деди.

- Ҳеч нарса. Фақат ким билан гаплашдингиз?

Йигит табассум қилиб, ерга қаради. Бир неча сония жим туриб қолди. Айтсамми-айтмасамми, дегандек ўйланарди.

- Сизни телба деб ўйламайман. Кўринишингиздан туппа-тузук одамга ўхшаб турибсиз. Биз билан намозни жуда қойиллатиб адо этдингиз, - дея гапимни давом эттирдим. Шундан сўнг йигит менга қараб:

- Масжид билан гаплашгандим, - деди.

Сўзлари бамисоли бир бомбадек таъсир қилди. Бу одам жиннимикин, деган ўйга бордим.

- Ҳааа... Масжид билан гаплашиб турасизми? Масжид ҳам сизга гапирадими?

Йигит табассум қилди.

- Ўзим ҳам мени телба деб ўйласангиз керак, деган гумонга боргандим. Тош ҳам гапирадими? Ахир у тошдан бошқа нарса эмас-ку.

- Гапингиз тўғри. Фақат у гапирмаса, қандай қилиб сиз у билан гаплашасиз?

Йигит яна ерга қараб хаёлга чўмди. Кейин бошини кўтармасдан гапира бошлади:

- Мен масжидларни яхши кўрадиган одамман. Эски, вайронага айланган, ташландиқ масжидлар ёнидан ўтаётганимда у ерлар бир вақтлар обод бўлгани, одамлар намоз ўқиганлари ҳақида ўйланаман. Ичимда, «Аллоҳим бу масжид бағрида намоз ўқилишига қанчалар муштоқ бўлаётгандир, Аллоҳнинг зикрини қанчалар соғингандир», дейман. Унинг тасбеҳу таҳлилларга қанчалар муштоқлигини, биргина оятдан деворлари титраб кетишини ич-ичимдан ҳис этаман. Кейин унинг бошқа обод масжидлар орасида ўзини ғариб ҳис этаётганини сезаман. Бағрида бир ракатгина намоз ўқилишини, биргина йўловчи бирровга кириб, Аллоҳу акбар, дея такбир айтишини орзу қилаётганини ҳис қиламан. Кейин эса ўзимга ўзим: «Аллоҳга қасамки, чанқоғингни қондираман, ўша обод кунларингни бир зумга бўлса ҳам ҳадя этаман», дейман-да, ичкарига кириб, икки ракат намоз ўқийман, ортидан бир пора Қуръон тиловат қиламан. Бу қизиқ-ку, дея кўрманг. Аллоҳга қасамки, мен масжидларни яхши кўраман.

Кўзларим ёшланди. Уларни яшириш учун ерга қарадим. Унинг гапи, унинг ҳис этиши, унинг услуби, унинг амали!!! Ё Аллоҳ!!! Масжидларга боғланган қалб соҳиби!!! Тилим тутилиб:

- Аллоҳ сизни ҳамма яхшиликлар ила мукофотласин, - дейишдан нарига ўтолмадим. У билан хайрлашар эканман:

- Дуоларингизда мени ҳам унутманг, - дедим.

Шундан сўнг янада даҳшатлироқ воқеа содир бўлди. Масжиддан энди чиқиб кетмоқчи бўлиб турганимда кўзи ҳамон ерга тикилганча деди:

- Мана шундай ташландиқ масжидлардан чиқиб кетаётганимда қандай дуо қилишимни айтайми?

Мен унга ҳайрат тўла кўзларим билан боқар эдим. У гапида давом этди:

- Аллоҳим, Парвардигорим, кўриб-билиб турибсан. Мен мана шу масжид ҳолидан хабар олиб, унда Сени ёдга олдим, муборак Қуръонингдан Ўзинг учун тиловат қилдим. Энди Сен ҳам қабрда ёлғиз ётган ота-онам ҳолидан хабар ол. Сен раҳм қилгувчиларнинг раҳм қилгувчироғисан!

Ўзимни тутиб тура олмадим. Ёш боладек йиғладим, йиғладим, йиғладим...

Муқим Маҳмуд таржимаси

Мавзуга оид мақолалар
Молик ибн Динордан .Қандай тонг оттирдингиз, деб сўрашди. У .Умрим қисқариб, гуноҳларим зиёда бўлган ҳолда,, деб жавоб берди. Яна бир сафар худди шундай саволга давоми...

1049 08:00 / 23.08.2020
Оз аммо хос гапирадиганлар бор. Отам ҳам улардан биттаси. Алоҳида яшаганимиз учун бу хос суҳбатлар мен учун янада қисқа бўлади. Бир оз аввал бир ғалати гап айтиб давоми...

4828 21:10 / 14.03.2019
Одамлар кучли ва ожиз тушунчаларини турлича талқин қиладилар. Кўпчилик бунга фақат моддий тарафдангина қарайди. Билаги кучга тўлган, жисмонан бақувват кишиларни давоми...

2975 21:00 / 21.03.2019
Абу Лайло розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади..Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйлардаги илонлар ҳақида сўралдилар. Шунда у зот.Агар улардан бирортасини давоми...

15524 11:05 / 25.11.2019