1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Оқил ва ожиз

21:00 / 21.03.2019 2973 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одамлар кучли ва ожиз тушунчаларини турлича талқин қиладилар. Кўпчилик бунга фақат моддий тарафдангина қарайди. Билаги кучга тўлган, жисмонан бақувват кишиларни кучли, ташқи тарафдан озғин ва нимжон кўринган кишиларни кучсиз, деб биладиганлар орамизда кам эмас. Лекин илоҳий даргоҳда кучли ва кучсиз, оқил ва ожиз тушунчалари биз ўйлагандан кўра бошқачароқ, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, энг адолатли мезон асосида ўлчанади. Бандалар бу нарсага зоҳирий жиҳатдан қарасалар, илоҳий даргоҳда бунга ҳам зоҳирий, ҳам ботиний нуқтаи назардан баҳо берилади. Қуйида биз аслида ким кучлию, ким кучсиз, ким оқилу, ким ожиз эканини набавий ҳадис асосида билиб оламиз.

Шаддод ибн Авс розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Оқил ўз нафсини ҳисоб қилиб, ўлимдан кейинги (охират ҳаёти) учун амал қилади. Ожиз эса нафси ҳавосига тобе бўлиб, Аллоҳдан “умид” қилувчи кишидир” (Термизий, Ибн Можа, Аҳмад, Байҳақий, Табароний ва Ҳоким ривояти. Ҳоким ҳадис санади саҳиҳ, деган).

“Нафсни ҳисоб қилиш” деганда, банда қиёмат куни ҳисоб қилинмасидан олдин, дунёдалик чоғида яхши ва ёмон амалларини сарҳисоб қилиб, ўзини тергаши, яхши амалларини янада кўпайтириши, ёмон амаллардан тийилиши, гуноҳларига тавба ва истиғфор айтиши тушунилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда инсонларни икки тоифага бўлмоқдалар: оқил ва ожиз. Хўш, улар орасини ажратиб турувчи асосий фарқ нимада?

Муҳаммад ал-Муборакфурийнинг “Туҳфатул аҳвазий” китобида ушбу ҳадис қуйидагича шарҳланган: “Оқил барча ишларини оқибатига назар солган ҳолда пухта амалга оширади ва шу билан бирга мудом ўз нафсини тергайди. Нафсини тергаш билан уни ўзига бўйсундиради, нафсига қаттиқ туради. Натижада нафс бандага итоат этувчи хокисор нафсга айланади. Шунингдек, оқил қабрида Парвардигори тарафидан бериладиган илоҳий нурга эга бўлиш, охиратда нажот топиши учун тириклигида солиҳ амалларни қилади. Ожиз эса ишларга калтабинлик билан назар ташлайди ва ўзини шаҳватларга қул бўлишдан тутиб тура олмайди. Натижада у ҳаром ишлар атрофида ўралашиб қолади. Бундай банда қиладиган ишини қилиб бўлгач, гуноҳ содир этиб, нуқсон ва камчиликларга йўл қўйиб, энди ўзини ноқулай ҳам ҳис қилмайди, балки Аллоҳ менинг гуноҳларимни аниқ кечириб юборади, деб Аллоҳдан умид қилади”.

Тийбий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ожизнинг ҳавойи нафси ўзидан устун келади. У нафси хоҳлаган ишни қилиб кетаверади. Устига-устак кейин истиғфор ва тавба қилмай жаннатга киришни орзу қилади”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадисда шундай деганлар: “Мужоҳид Аллоҳ тоатида ўз нафси билан курашган кишидир” (Термизий, Аҳмад, Табароний, Ибн Ҳиббон ва Ибн Мардавайҳ ривояти).

Душманга қарши курашишдан кўра нафсга қарши туриш оғирроқдир. Шу сабаб нафсга қаттиқ турадиган, уни доим тергаб, ўзини ҳаром ишлардан сақлайдиган банда ҳақиқий маънода мужоҳиддир.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Ҳисоб қилинмасингиздан олдин ўзларингизни ҳисоб қилинглар, “Катта учрашув”га (яъни қиёмат куни Аллоҳ даргоҳида туриб ҳисоб беришга) тайёрланинглар. Зеро, дунёдалик чоғида ўзини ҳисоб қилиб юрган бандага қиёмат куни ҳисоб енгил бўлади”, деб айтган.

Маймун ибн Маҳрон: “Банда таоми ва кийими қаердан келаётганини ҳисоб қилгани каби ўз нафсини ҳисоб қилмагунича тақводор бўлолмайди”, деган.

Демак, оқил ва ожиз тушунчалари биз ўйлагандан бошқачароқ экан. Юқорида келтирилганлардан шундай хулоса қилиш мумкинки, билаги кучга тўлган одам шаҳватларга эргашиб, кўнгли тусаган ишни қилиб кетаверса, Аллоҳга ибодат қилишда сабр қилмаса, у ожиз – маънан кучсиздир. Чунки у асосий рақиби бўлмиш нафсга қарши курашишда заифлик қилди. Одамлар кўзига нимжон ва кучсиз кўринган банда муттасил тарзда Аллоҳнинг ибодатида бўлиб, охирати учун тайёргарлик кўрса, нафсини тергаб, уни ҳою-ҳавасларга берилишдан тийиб тура олса, у ҳақиқий кучли инсондир. Чунки нафсга қарши курашиш, турли хил шаҳватлару, дунё зийнатларига қарши тура билиш энг катта ботирликдир.


Муаллиф
Одилхон қори Юнусхон ҳожи ўғли
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳафс ибн Умар Жаъфарий айтади .Довуд Тоий бетоб бўлиб қолди. У жаҳаннам зикр қилинган бир ояти каримани кечаси билан такрортакрор ўқиб, эрталаб бетоб бўлиб давоми...

2877 07:30 / 21.02.2019
9 май mdash Хотира ва қадрлаш куни Ҳаёт кутилмаган воқеаларга бой. Фақат хайрли кунларни кўп қилгин, деб Аллоҳдан сўраш керак.Мамлакатимиз ўтган асрнинг 90йилларида давоми...

2436 10:00 / 08.05.2020
.Зикр аҳлидан сўранг, ҳайъати аъзоси Абдуманнон Абдуллоҳ билан суҳбатndash Инсоннинг бошқа инсонга муҳаббати пайдо бўлиши учун нималар талаб этиладиndash Тўртта омил давоми...

1228 17:04 / 26.10.2020