1445 йил 9 зулқаъда | 2024 йил 17 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Шайтон ҳақида

19:05 / 19.01.2020 7922 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол:

Қуръонни ўқиб бир савол пайдо бўлди ва унинг жавоби мени ўйлантириб келмоқда. Балки бу Аллоҳ таолонинг ҳикмати олийси билан биз бандалардан яширилгандир, балки, жавоби шу ернинг ўзида бордир. Илтимос, шу ҳақда маълумот берсангиз. Шайтон алайҳилаъна ўз кибру ҳавоси туфайли Аллоҳнинг ғазабига учраб, жаннатдан қувилди. Одам Ато ва Момо Ҳавво эса жаннатда бахтли ҳаёт кечиришмоқда эди. Аммо уларнинг аниқ душманлари бўлган шайтон (унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин) уларни Аллоҳ ҳаром қилган дарахт мевасини татиб кўришга ундади ва ниятига эришди. Ҳурматли Шайх ҳазратлари, бу ерда менга тушунарсиз бўлиб турган жойи жаннатдан қувилган шайтоннинг жаннатдаги Одам алайҳиссалом ва у зотнинг аёлларини адаштириши, яъни у қандай қилиб жаннатда пайдо бўлиб қолди?

Ҳорут ва Морут фаришталарми ёки шайтонларданми?

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Жуда қадим даврлардан бошлаб, «Ўша жаннат қаерда эди, қандай эди?» каби саволлар ва уларга жавоблар ғоят кўп бўлган. Бунга талай умр, заковат, вақт ва бошқа имкониятлар зое этилган. Бугун ҳам бу масалаларда «ёқа бўғишаман» деганлар хоҳлаганча топилади. Аммо улар бу илоҳий сирнинг сўнгига ета олмайдилар. Фаразан етсалар ҳам, бундан нима фойда? Агар ўша жаннатнинг қаерда эканини, унда шайтон алайҳилаъна қай ҳолда Одам Ато билан Момо Ҳаввога қутқу солганини айнан билиш мусулмонларга манфаатли бўлганида, Аллоҳ таолонинг Ўзи бундан огоҳ этар ёхуд излаб топишга амр қилар эди. Аллоҳ таоло бундай қилмади. Демак, уни топишга уринишнинг ҳеч қандай ҳожати йўқ.

Шундай бўлса ҳам, «ўша жаннат охиратдаги жаннат эмас, бошқа бир боғ» деган гаплар ҳам борлигини айтиб ўтишимиз лозим. Арабчада боғни «жаннат» дейилади.

Ҳорут ва Морут кимлиги тўғрисида

Қуръони Каримда шундай марҳамат этилади:

«Ва Бобилда Ҳорут ва Морут номли икки фариштага тушган нарсага эргашдилар» (Бақара сураси, 102-оят).

Ҳорут ва Морут кимлиги тўғрисида тафсирчилар турли фикрларни айтганлар. Лекин бу фикрларнинг ҳаммаси ҳам ишончли манбага асосланмаганлигини уламоларимиз алоҳида таъкидлаганлар. Шунинг учун оятдаги ибораларнинг таркибидан «Бу икки исм эгалари фаришта бўлган», деб айтганларнинг фикри қувватлироқ чиққан. Аллоҳ таоло инсонларни хоҳлаган усулда, хоҳлаган воситалар ила синаб кўради, бунинг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ.

Маълумки, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга ҳам набийлик, ҳам подшоликни берган эди. Шу билан бирга, у кишига бутун ҳайвонларнинг тилини ўргатиб, жинларни хизматларида ҳозиру нозир қилиб қўйган эди. Бу илоҳий мўъжизалар у кишининг набий эканликларини тасдиқлаш учун берилган эди. Мазкур мўъжизалар ҳақидаги оятлар бошқа жойларда келган, ўрни билан алоҳида ўрганилади. Ҳозир мавзуга алоқадор томони шуки, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга берган мазкур мўъжизаларни кўриб одамлардан баъзилари иймонга келди, иймонлиларнинг иймонлари мустаҳкамланди. Аммо кофирлар, душманлар ва шайтонлар: «Сулаймон сеҳргар, у ўз сеҳрининг кучи билан турли ҳайвонлар ила муносабатда бўлмоқда, жинларни ишлатмоқда», деган гапларни тарқатишди. Бундай миш-мишни тарқатишда айниқса яҳудийлар қавми жонбозлик кўрсатган эди. Шунда Аллоҳ таоло набийларга берган мўъжизалар билан сеҳрнинг фарқини амалий суратда кўрсатиш учун Бобилга Ҳорут ва Морутни юборди. Улар хоҳлаганларга сеҳр ўргатиш билан вазифаланган эдилар. Аммо сеҳр ўргангани келганларга аввал:

«Биз фитна – синов учунмиз, кофир бўлмагин», демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмасдилар» (Бақара сураси, 102-оят).

Яъни «Биз фитна учун, одамларни синаш учун юборилганмиз, сеҳрни ўрганган кофир бўлади, сен ҳам уни ўрганиб кофир бўлма», деган маънода огоҳлантиришар эди. Келган одам бу гаплардан кейин қайтиб кетса кетди, кетмаса кофир бўлишини билиб туриб ҳам «ўрганавераман» деса, ўргатишар эди. Мана шунинг ўзидан набийлик мўъжизаси билан сеҳр ўртасидаги энг катта фарқ намоён бўлади. Набийлик мўъжизаси илоҳий неъмат бўлиб, фақат Аллоҳ таоло томонидан берилади. Сеҳр эса ўргатувчидан ўрганса бўладиган, ёмонликка ишлатиладиган бир нарсадир. Шундай қилиб, мўъжиза нима-ю, сеҳр нима эканлиги кишиларга амалда кўрсатилган экан. Валлоҳу аълам.

«Зикр аҳлидан сўранг» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳа, Ислом покликни иймоний масала даражасига кўтарди. Исломда поклик ва покланиш ишларига қай даражада жиддий қаралишини унинг иймон билан боғланганидан ҳам давоми...

2538 09:10 / 25.06.2019
Савол Бир биродаримиз анча йиллар олдин бир қиз билан яхши кўришиб, .Мен сенга уйланаман. Уйланмасам, эмган сутим ҳаром бўлсин,, деб қасам ичган экан.Тақдир давоми...

3450 16:06 / 09.06.2020
Африка... Коинотнинг энг жазирама ушбу ери ҳақида нималарни биламиз Энг ноёб жониворлару, инсон қадами етмаган манзиллар, цивилизацияни четлаб ўтаётган давоми...

2532 15:00 / 26.05.2021
Имом Шиблий роҳимаҳуллоҳдан, Аллоҳни ҳақиқий маънода танувчи кишининг аломати ҳақида сўрашди. Шунда у киши .Кўкси кенг, қалби мажруҳ, жисми ташлаб қўйилган, давоми...

2326 15:30 / 22.05.2021
Аудиолар

121492 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42985 14:35 / 11.08.2021