1445 йил 14 зулқаъда | 2024 йил 22 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Никоҳингга вакил тайин қил!

13:30 / 25.12.2019 2652 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умму Ҳабиба онамиз розияллоҳу анҳо ҳикояларини давом эттирадилар:

«Бир куни туш кўрсам, бир овоз менга «Эй мўминларнинг онаси», демоқда. Чўчиб уйғониб кетдим. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уйлансалар керак», деб таъвил қилдим. Энди иддам чиққан эди. Билмай қолибман, қарасам, Нажошийнинг юборган одами эшик олдида киришга изн сўрамоқда. Унинг Абраҳа деган жорияси бор эди. У Нажошийнинг кийимига ва хушбўй нарсаларига қарар эди. Ўша жория олдимга кириб:

«Албатта, подшоҳ сенга «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сени у зотга никоҳлаб қўйишим ҳақида менга мактуб ёздилар», дейди», деди.

«Аллоҳ сенга ҳам яхшилик башоратини берсин!» дедим.

«Подшоҳ сенга «Никоҳингга вакил тайин қил», дейди», деди.

Мен Холид ибн Саъийд ибн Оссга одам юбориб, уни вакил қилдим. Абраҳага келтирган хушхабарига суюнчи деб, иккита кумуш билакузукни, оёғимдаги иккита шилдироқни ва кумуш узукларни тортиқ қилдим».

Аллоҳ таоло «Ол, қулим», деса, шундай бўлар экан. Макка қаёқда эди-ю, Ҳабашистон қаёқда эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқда эдилар-у, Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо қаёқда эдилар. Аммо Аллоҳ таолонинг инояти қаерда бўлса ҳам, бандага етиб боради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мўмин ва мўминани эътиборларидан четда қолдирмас эдилар. Албатта, Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳонинг Аллоҳ таолонинг йўлида тортган азобларини у зот яхши билар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳонинг жоҳилиятнинг тўридан кўра, Исломнинг пойгоҳини афзал кўрганлигини жуда яхши англар эдилар. У зотга ғурбатда юрган Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳонинг бошига тушган мусибат ҳақида хабар етиб борганда бу сабрли ва тақволи аёлни муносиб тақдирлашга қарор қилдилар. Унинг бошига тушган мусибатни енгиллатишни ўйладилар.

Албатта, Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга завжа бўлишдан ортиқ мукофот бўлиши мумкин эмас эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса бундан ҳам юқори даражада бўлишини ирода қилдилар. Ўз номларидан вакил қилиб, ўша юртнинг подшоҳини тайинладилар. Бу, албатта, Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо учун шараф устига шараф бўлди. Ҳозиргина қўлида боласи ила бегона юртда тул қолган бир аёлнинг розилигини сўраб, пайғамбари замон Ҳабашистоннинг подшоҳини юбориб турсалар! Бу шараф устига шараф эмасми? Бунинг устига, совчи бўлган подшоҳ ҳам ўз вазифасини қойилмақом қилиб адо этса!

Бу воқеа қандай содир бўлганини Умму Ҳабиба онамиз розияллоҳу анҳонинг ўзларидан эшитсак. У киши аввалги ҳикояларини давом эттирадилар:

«Кечқурун Нажоший Жаъфар ибн Абу Толиб ва у билан бирга бўлган мусулмонларни чақирди. Улар ҳозир бўлганларида Нажоший хутба қилди:

«Малик, Қуддус, Салом, Мўъмин, Муҳаймин, Азиз ва Жаббор бўлган Аллоҳга ҳамд бўлсин!

Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва расулуҳу!

Албатта, у зотнинг башоратини Ийсо ибн Марям алайҳиссалом бергандир!

Аммо баъду, албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга Умму Ҳабиба бинти Абу Суфённи ўзларига никоҳлашим ҳақида мактуб юбордилар. Бас, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига ижобат қилдим. Батаҳқиқ, унинг маҳрига тўрт юз динор бердим», деди.

Сўнгра у динорларни одамларнинг олдига тўкди.

Кейин Холид ибн Саъийд сўзлади:

«Аллоҳга ҳамд бўлсин! Мен У Зотга ҳамд айтурман, У Зотдан ёрдам сўрарман, У Зотдан нусрат тиларман!

Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва расулуҳу!

У Зот ул кишини ҳидоят ила, ҳақ дин ила, агар мушриклар ёқтирмаса ҳам, барча динлардан устун қилиш учун юборди.

Аммо баъду, мен Расулуллоҳ чақирган нарсага ижобат қилдим ва у зотга Умму Ҳабиба бинти Абу Суфённи завжаликка бердим. Аллоҳнинг Ўзи Расулуллоҳга барака ато қилсин!» деди.

Нажоший динорларни Холид ибн Саъийд ибн Оссга берди. У уларни қабул қилиб олди. Сўнгра турмоқчи бўлган эдилар:

«Ўтиринглар! Анбиёларнинг суннати бўйича, уйланганларида таом тановул қилинади», деди.

Кейин таом опкелтирди. Улар уни тановул қилиб, сўнгра тарқалишди».

Айнан Ҳабашистоннинг подшоҳи Нажоший розияллоҳу анҳу совчи ва вакил қилингани туфайли Умму Ҳабиба онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг азвожи мутоҳҳаралари ичида энг кўп маҳр олган киши бўлсалар, ажаб эмас.

Айнан Ҳабашистоннинг подшоҳи Нажоший совчи ва вакил қилингани туфайли Умму Ҳабиба онамизнинг унаштирилиш маросимлари шундай дабдабали ўтган бўлса ажаб эмас.

Айнан Ҳабашистоннинг подшоҳи Нажоший совчи ва вакил бўлгани туфайли Умму Ҳабиба онамизнинг унаштириш маросимларида юқоридаги хутбалар айтилган бўлса ажаб эмас.

Айнан Ҳабашистоннинг подшоҳи Нажоший совчи ва вакил бўлгани туфайли Умму Ҳабиба онамиз розияллоҳу анҳонинг қадамлари остига тўрт юз динор тилла тўкилган бўлса ажаб эмас.

Айнан Ҳабашистоннинг подшоҳи Нажоший розияллоҳу анҳу совчи ва вакил этилгани учун Умму Ҳабиба онамизга бошқа ҳурмат ва эъзозлар кўрсатилган бўлса ажаб эмас.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ўта сахий зот эдилар. У кишининг сахийликлари Аллоҳ таолонинг розилиги учун ўзларида бор молу дунёни чин дилдан, савоб умидида давоми...

2844 18:33 / 02.01.2019
Бугун баъзи аёллар уйларидаги оила сирларини кўчага олиб чиқяптилар. Номаҳрам эркаклар билан ижтимоий тармоқларда ёзишиб, эри, оиласи ҳақида шикоят давоми...

2871 14:00 / 24.05.2022
Арабларда қадимги вақтларда киши аёли минган отни сотмас, балки рашки кучлилигидан бошқа бирор эркак минмасин деган мақсадда отни сўйиб юборар эди. Бугунги давоми...

1948 16:00 / 30.01.2023
Эмизиш араб тилида .разоъ, дейилади. Бу сўз луғатда аёл кишининг кўкрагини, сигир, қўй каби ҳайвонларнинг елинини оғизга олиб, сўришни англатади.Шаръий истилоҳда давоми...

2960 16:00 / 06.05.2020
Аудиолар

121727 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43168 14:35 / 11.08.2021