1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ахлоқ ва уни сайқаллаш

15:16 / 14.12.2019 1210 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ахлоқ» «хулқ» сўзининг кўплиги бўлиб, инсонда шаклланадиган хулқ-атворни билдиради.

Баъзи уламолар ахлоқни «ироданинг одати» деб таърифлаганлар. Яъни ирода ўзига бир нарсани одат қилиб олса, мана шу одат ахлоққа айланган бўлади. Мисол учун, кишининг иродаси хайр-эҳсон қилишга азму қарорли бўлиб, бу унинг одатига айланса, мана шу «карамли хулқ» дейилади.

Исломда ахлоқий тарбия диний тарбиянинг ажралмас қисмидир, десак, муболаға қилмаймиз. Зеро, дин яхши деб ҳисоблаган ва даъват этган нарсалар эзгулик, ёмон деб ҳисоблаган ва ман этган нарсалар ёвузликдир. Шунингдек, дин буюрган, ҳаётда ва муомалада касб этишга тарғиб этган ахлоқ ва фазилатлар Ислом жамиятида қадрият, чиройли хулқ ва маънавий фазилатлар ҳисобланади.

Ахлоқий дунё ўз табиатига кўра динийдир. Ахлоқи ва муомаласи гўзал бўлмаган мусулмоннинг дини ҳам мукаммал ҳисобланмайди.

Қадимдан ахлоқ илми уламолари «Одамдаги ахлоқлар унинг яратилишида қўшиб яратилган бўладими ёки киши ахлоқни кейин ўрганадими?» деган саволга жавоб беришда ихтилоф қилишган.

Улардан баъзилари: «Яхши ва ёмон ахлоқ инсон яратилган чоғида қўшиб яратилади, ахлоқни кейин касб қилиб бўлмайди», деганлар.

Бошқа бир гуруҳ уламолар: «Инсон туғилганида ҳеч қандай фазилат ёки разилатсиз туғилади, унда қандай хислат бўлса, туғилганидан кейин пайдо бўлади», деганлар.

Ахлоқ илми уламолари эса: «Ота-онасида мавжуд бўлган баъзи ахлоқлар хамиртуруши инсонга онасининг қорнидалик пайтидаёқ ўтади. Аллоҳ бандани халқ қилиш чоғида ахлоқ қобилиятини ҳам қўшиб яратади. Инсон ўсиши жараёнида тарбия, муҳит ва одатланиш оқибатида у ёки бу ахлоқни ўзида ривожлантиради ёки йўқотиб юборади», дейдилар.

Шунинг учун ҳам Исломда хулқни сайқаллашга алоҳида эътибор берилади. Бу иш ҳар бир мусулмон учун лозим ва лобуд ишлардан бири даражасига кўтарилади.

Аллоҳ таоло Қалам сурасида марҳамат қилади:

«Ва албатта, сен буюк хулқдасан» (4-оят).

Бу ояти карима Пайғамбар алайҳиссалом учун катта ва олий баҳодир. Аллоҳ таоло у зотга хитоб қилиб, хулқларини «буюк», дея сифатламоқда.

Язийд ибн Бобанусдан ривоят қилинади:

«Оишанинг олдига кириб: «Эй мўминларнинг онаси! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари қандай бўлган эди?» дедик. У киши:

«Хулқлари Қуръон эди. Муъминун сурасини қироат қиласизларми? «Қод афлаҳал муъминун»ни ўқи!» деди».

Язийд айтади:

«Мен «Қод афлаҳал муъминун»ни то «ли фуружиҳим ҳофизун»гача ўқидим.

«(Бу) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари эди», деди Оиша».

Бухорий «Ал-Адаб ал-Муфрад»да ва Насоий «Кубро»да ривоят қилган.

Яъни Муҳаммад алайҳиссалом Қуръондаги олий хулқлар билан хулқланиб, барча яхши одоб-ахлоқни ўзларига сингдирганлар.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қиёмат куни мўминнинг мезонида чиройли хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмас. Албатта, Аллоҳ фаҳш ва чиркин сўз айтувчини ёмон кўрур», дедилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, мўмин ўзининг чиройли хулқи ила рўза тутувчи ва бедор бўлувчининг даражасини топади», деганларини эшитдим».

Абу Довуд, Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан одамларни кўпроқ жаннатга киритадиган нарса ҳақида сўралди. Шунда у зот:

«Аллоҳга тақво қилиш ва чиройли хулқ», дедилар.

Ул зотдан яна одамларни кўпроқ дўзахга киритадиган нарса ҳақида сўралди . Шунда у зот:

«Оғиз ва фарж», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради. Одамларга чиройли хулқ ила муомала қил», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Яхшиларингиз чиройли хулқлигингиздир», дедилар».

Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган. Ҳадиснинг лафзи Термизийникидир.

Бухорийнинг лафзида:

«Албатта, сизнинг энг яхшингиз ҳусни хулқлигингиздир», дейилган.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлардан менга энг маҳбубингиз ва қиёмат куни мажлиси менга энг яқинингиз чиройли хулқлигингиздир. Сизлардан менга энг ёқмайдиганингиз ва қиёмат куни мажлиси мендан энг узоғингиз сергап, тили узун ва мутафайҳиқингиздир», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули! Сергап ва тили узунни биламиз, мутафайҳиқлар кимлар?» дейишди.

«Мутакаббирлар», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Аввал ҳам ишора қилинганидек, ахлоқ ва одобни яхши савияда тутиб туриш учун доимо уларни сайқаллаб, бузилишига қарши чоралар кўриб туриш керак. Бунинг учун эса ахлоқ-одобни бузадиган, ёмонлаштирадиган омилларни ва уларни сайқаллаш йўлларини яхшилаб ўрганиш лозим.

Руҳий тарбия китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўтирган эдик. У зот алайҳиссалом .Ҳозир олдингизга жаннат аҳлидан давоми...

2948 07:10 / 14.08.2019
WBA Халқаро бокс федерацияси президенти Эд Лассман бундай деган эди .Клэй бокс оламига катта зиён етказди... ва болаларга ёмон намуна бўлди,. У Алини чемпионлик давоми...

2362 12:00 / 04.04.2021
Ибн Ваҳб Ибн Зайддан ривоят қилади quotАллоҳ таоло жаннат аҳлини бу дунёда қўрқувчи, маҳзун, кўп йиғлайдиган, мушфиқ, шунинг оқибатида охиратда неъматланган ва шод давоми...

3900 13:06 / 25.11.2018
Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида Ярмук ғазоти бўлиб ўтди. Ярмук ғазотида мусулмонлардан 24.000йигирма тўрт минг ғозий чиққан. Рум давоми...

2713 14:00 / 02.04.2022