1445 йил 9 зулқаъда | 2024 йил 17 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Дунёнинг энг муносиб ўлкаси (иккинчи мақола)

19:35 / 27.09.2019 1563 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ва ниҳоят, кутилган ўшал улуғ иш содир бўлди. Кунлардан бирида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ғори Ҳиронинг оғзига чиқишлари билан:

«Иқроъ!» (Ўқи!) деган гулдурос овозни эшитдилар. Ана ўша овоз жоҳилият зулматини парчалаш учун Аллоҳ таоло томонидан туширилган сўнмас ёғдунинг биринчи шуъласи — Қуръони каримнинг биринчи ояти эди. Бу шуъла дунёдаги ягона пок қалбни ёритди. Ўша инсоният учун икки дунё бахти ва саодати сабабчиси бўлган бу ёруғлик “Ўқи!” деган илоҳий фармон ила зиё соча бошлаган эди. Ўқиш эса илм эканини ҳамма яхши билади. Бу охирги ва мукаммал, қиёматгача боқий қоладиган, барча замонлар ва маконларда инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берадиган диннинг бош дастури ҳам ўқиш ва илм маъносини ўзида мужассам қилган исмни – Қуръони Карим – деган ном билан номланди.

Ана шу тариқа Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий нозил бўла бошлади.

Аввал ўтган барча пайғамбарларга Аллоҳ таолодан ваҳий келтирган, ваҳийнинг амийни, Парвардигори оламнинг пайғамбарлар билан воситачиси бўлган фаришта Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳнинг охирги нозил этаётган ваҳийлар туркумини олиб келишни бошлаган эди.

Аллома Исмоил ибн Касийр раҳматуллоҳи алайҳи ўз тафсирларида бу ҳақда қуйидагиларни ёзадилар: «Қуръондан нозил бўлган аввалги нарса ушбу муборак оятлардир. Улар Аллоҳ таолонинг Ўз бандаларига кўрсатган биринчи раҳматидир. Уларда инсонни халқ қилиш «алақ»дан бўлганига ишора бордир. Инсонга у билмаган нарсани ўргатиш У Зотнинг карамидан эканига ишора бордир. Аллоҳ таоло уни илм ила шарафлади ва улуғлади. Бу эса Одамни фаришталардан устун қилган нарсадир».

Аллоҳ таоло Ўзининг охирги ва мукаммал динига, қиёматгача боқий қолувчи динига Ислом деган номни ихтиёр қилди.

Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади:

«Ва сизга Исломни дин деб, рози бўлдим», дейди (3-оят). 

Ислом сўзининг луғавий маъноси қуйидагилардан иборат:

1. Ихлос.

2. Турли офатлардан саломат бўлиш.

3. Сулҳ ва омонлик.

4. Итоат ва бўйсуниш.

Исломнинг шаръий маъноси;

Ислом «Аллоҳ ягона» деб эътиқод қилиб, унга бўйсунмоқ ва бутун қалб билан унга ихлос қилмоқ ва Аллоҳ буюрган диний эътиқодга иймон келтирмоқдир.

Қуръони Каримда Ислом ширкка (Аллоҳнинг шериги бор, деб ишонишга) қарши қўйилган. Бошқа оятларда Ислом Аллоҳга ихлос қўйиш ва унга бўйсуниш, итоат қилиш маъноларида ҳам келган.

Аллоҳга иймон келтириб, У Зотга итоат қилган ва Аллоҳнинг фаришталарига, пайғамбарларига, китобларига, охират кунига, қазои қадарга ва бошқа   талаб қилинган нарсаларга иймон келтириб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашган, Ислом шаритига амал киши мусулмон дейилади.

Ислом динини ва унинг пайғамбарини Аллоҳ таолонинг Ўзи юборганини ва Қуръони Каримни ҳам Ўзи нозил қилганини аста-секин ҳозирги замон илми ҳам тасдиқлаб келмоқда. Энг муҳими, ҳозирги замон илми қанчалар уринса ҳам Ислом ақийдасида келган собит ҳақиқатларнинг бирортасини ҳам инкор қилиб, унинг ўрнига бошқа бир ҳақиқатни тақдим қила олгани йўқ.

Кун сайин ҳозирги замон илми Қуръони Карим ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида баён этилган ҳақиқатларни кетма-кет тасдиқламоқда.

Аллоҳ таоло Ўзининг охирги ва мукаммал дини, илм ва маърифат Исломга ўқиш ва ёзишни ўрганмаган шахс Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар қилиб танлади. Бу келажакда мўъжиза бўлиши учун - ўқиш ва ёзишни ўрганмаган шахс Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёни илм ва маърифатга тўлдириш ҳаракатига раҳбар бўлишлари учун кўрилган илоҳий чора – тадбир эди.  

Аллоҳ таоло Ўзининг охирги ва мукаммал дини, илм ва маърифат Исломга ўзак бўлиш учун ўқиш ва ёзишни тарқалмаган юрт арабистон ярим оролини ва ўқиш ёзишни билмаган араб халқини танлаб олди. Бунда ҳам келажакда бу иш мўъжиза бўлиши учун илоҳий ҳикмат ишга тушган эди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг динига одамларни Маккада ўн уч йил даъват қилдилар. Сўнгра Мадинага кўчиб ўтиб у ерда ўн йил даъват қилдилар. Аллоҳ таолонинг абдаий дастури Қуръони Каримни ҳаётга қандай татбиқ қилишни ўзларига иймон келтирган мусулмонларнинг биринчи авлоди саҳобаларга кўрсатдилар. Шундай қилиб Аллоҳ таолонинг таълимоти асосида яшайдиган жамият пайдо бўлди. Шундан сўнг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дунёдан ўтдилар.

У зотнинг ишларини саҳобалари давом эттирдилар. Улар ўзларига эришган саодатни бошқаларга ҳам етказишга бел боғладилар. Бу борада саҳобалар бошчилигида қилинган ишларни мусулмонмаслар ўз қаричлари билан ўлчаб – ўзларидаги нотўғри тушунча асосида “араб истилоси” деб атайдилар. Аммо ўзларининг бу гапи воқеъликка мутлақо тўғри келмаслигини заррача ҳам ўйлаб кўрмайдилар.

Мусулмонлар Ислом туфайли том маънодаги ҳурриятларни англаб етиб, ўз ҳаётларида татбиқ қилиб бўлганларидан кейин, ўзлари баҳраманд бўлган ҳуррият ва хайриятни бошқа халқларга ҳам тарқатишга ўтдилар. Бу ҳаракатни, аввал ҳам айтилганидек, ҳамма ҳар хил ном билан номлайди. Баъзилар босқинчилик, бошқалар бойлик тўплаш, учинчилар яна бошқа ном билан атайдилар. Лекин, инсоф билан ўша ҳаракатни ўрганиб чиқилса, бу гаплар қуруқ даъво экани маълум бўлади.

«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
5. Халода ўтирганда оғирлигини чап оёғига солиб, икки оёғининг орасини кериб, кенг қилиб ўтиради. Шундай қилганда чиқадиган нарса осон чиқади. . .Суроқа давоми...

1539 17:00 / 03.01.2021
Ҳар бир илмий ҳаракатни ривожлантиришда, уни илм толибларига етказишда ва ниҳоят ўша илмий ҳаракат самарасини келажак авлодга қолдириб кетишда китоблар муҳим давоми...

1756 09:30 / 27.08.2021
Иқтибос.Қуръон инсониятга араб тилида нозил қилинди. Бироқ у фақат араблар эмас, бутун башарият учундир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон Аллоҳнинг каломини етказиш давоми...

1414 15:00 / 16.12.2021
Мусулмон давлатида яшаётган иймонлиИсломли кишилар Аллоҳнинг ер юзидаги халифалари ҳисобланадилар. Улар ер юзида адолат ўрнатиш, зулмни кўтариш, ҳамма ёқда давоми...

2005 17:00 / 13.05.2022
Аудиолар

121484 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42980 14:35 / 11.08.2021