1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

54-боб. Раҳмат юз бўлакдир

09:05 / 06.08.2019 2083 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: «جَعَلَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ الرَّحْمَةَ مِائَةَ جُزْءٍ، فَأَمْسَكَ عِنْدَهُ تِسْعَةً وَتِسْعِينَ، وَأَنْزَلَ فِي الْأَرْضِ جُزْءًا وَاحِدًا، فَمِنْ ذَلِكَ الْجُزْءِ يَتَرَاحَمُ الْخَلْقُ، حَتَّى تَرْفَعَ الْفَرَسُ حَافِرَهَا عَنْ وَلَدِهَا خَشْيَةَ أَنْ تُصِيبَهُ».

100. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим:

«Аллоҳ азза ва жалла раҳматни юз бўлакка бўлди. Шундан тўқсон тўққиз бўлагини Ўз ҳузурида ушлаб қолди ва биргина бўлагини ер юзига нозил қилди. Ана шу бир бўлак раҳмат туфайли барча махлуқот бир-бирига раҳм қилади. Ҳатто от ўз боласини босиб олишдан қўрқиб, туёғини кўтариб қолиши ҳам ўша раҳматдандир».

Шарҳ: Демак, ҳар қандай ваҳший ҳайвон ҳам раҳмли бўлади. Масалан, от ҳатто чопиб кетаётганида ҳам боласи оёғининг тагидан чиқиб қолса, ҳар қандай қийин ҳолатда ҳам уни босиб олмасликка ҳаракат қилади. Бошқа ҳайвонлар ҳам шундай.

Демак, бутун халойиқ – инсонлар ҳам, ҳайвонлар ҳам Аллоҳ таоло нозил қилган юздан бир бўлак раҳмат туфайли бир-бирларига раҳм қилар экан.

Албатта, одам болалари бир-бирларига раҳм қилишда ўрнак бўлишлари лозим. Айниқса ота-оналар фарзандларига раҳмли бўлишлари керак. Ҳайвонлар болаларига раҳмли бўлганда, инсонлар фарзандларига раҳмсиз бўлиши ақл бовар қилмайдиган ҳолдир.

Бу ердаги нозик бир нуқта шуки, раҳматнинг тўқсон тўққиз бўлаги Аллоҳ таолонинг ҳузурида қолган. Аллоҳ таолонинг раҳматининг чеки йўқ. Бандаларнинг умидвор бўлиши ҳам шундандир. Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлмаса, ҳозирги кунда содир бўлаётган гуноҳларимиз, нобакорликларимиз учун, Аллоҳ азза ва жаллага нисбатан бўлаётган беодобликлар учун муносиб жазо берилса, аллақачон ҳаммани ер ютиб кетган бўлиши керак эди.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аллоҳ таоло раҳматни юз бўлакка бўлгани.

2. Раҳматнинг тўқсон тўққиз бўлаги Аллоҳ таолода экани.

3. Раҳматнинг бир бўлаги махлуқотларда экани.

4. Ҳайвонларнинг боласига раҳм кўрсатиши ҳам Аллоҳ таоло берган раҳматдан экани.

хулоса

Албатта, ота-онанинг фарзандига нисбатан ўзини тутиш маданиятига оид юқоридаги бобларда келган ривоятларда ўрганилган таълимотлар динимизнинг бу борадаги мукаммал кўрсатмаларидан баъзи намуналар, холос.

Аммо шу намуналар ҳам олам-олам маъноларни ўзида мужассам қилганига ўзимиз шоҳид бўлдик. Мусулмон уммати шонли тарихи давомида динимизнинг бошқа таълимотлари қатори, бу борадаги таълимотларни ҳам ихлос билан ҳаётига татбиқ қилиб келгани ҳаммага маълум.

Бугунги кунимизда ҳам мусулмонлар бу борада бошқаларга ўрнак бўлиб келаётганига шубҳа йўқ. Шу билан бирга, нуқсон ва хатолар ҳам йўқ эмас. Баъзи ҳолатларда боланинг моддий тарбиясига эътиборни кўпроқ бериб, маънавий тарбия оқсаб қолаётгани ҳам сир эмас.

Албатта, бу борадаги хато ва камчиликларимиз диндан умумий узоқлашиш оқибатида пайдо бўлган, десак бўлаверади. Динимизни ўрганиш жараёнида бола тарбияси масаласига, улар билан олиб бориладиган алоқа маданиятига, шунингдек, бола ўрнига ўтадиган шахсларга оид масалаларга ҳам алоҳида эътибор бериб, бу ишни ҳам ўз ўрнига қўйишимиз керак.

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Усайддан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бир одам.Эй Аллоҳнинг Расули Мен учун отаонамга улар дунёдан ўтганларидан давоми...

2910 11:52 / 02.01.2019
56. Анас ибн Моликдан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким ризқининг кенг қилиб берилишини ёки ажалининг кечга сурилишини истаса, силаи раҳм давоми...

2714 12:00 / 24.02.2019
Қиссалар насиҳат ва ибрат манбаидир. Қуръони Каримнинг маълум бир қисми айнан қиссаларни батафсил баён қилишга бағишланган. Шу боисдан ҳам Қуръони Карим билан давоми...

1671 11:14 / 11.12.2023
172. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳеч қачон .Аллоҳ юзини қабиҳ қилсин,, деманглар,, дедилар,.Шарҳ Кишиларни сўкиш, ҳақорат қилиш, давоми...

2376 19:23 / 13.07.2020