1445 йил 9 зулқаъда | 2024 йил 17 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Дунёда сендан сахийлар ҳам бор

07:10 / 30.07.2019 2849 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маън ибн Зоида айтади: «Халифалик аббосийларнинг қўлига ўтгач, Халифа Мансур мени қидирувга бериб, мени унинг олдига олиб борган одамга мукофот ҳам ваъда қилди. Унинг талаби қаттиқлигидан олдига боришга мажбур бўлдим. Қуёшдан юзларим қорайиб кетган, озиб-тўзиб кетган эдим. Жундан тўқилган чопонимни кийиб, туямни миндим-да, чеккароқ қишлоқда яшаш учун шаҳардан чиқиб кетишга отландим.

Бағдод дарвозаларидан бирининг ёнидан ўтиб борар эканман, қилич осиб олган бир қора танли одам ортимдан тушди. Шаҳардан бир оз узоқлашиб, ҳеч ким йўқ жойга етгач, у етиб келиб, туямнинг жиловидан ушлади, туяни чўктириб, қўлимдан ушлади.

– Сенга нима керак? – дедим.

– Амирул мўминин қидираётган одам сенсан.

– Мен ким бўлибманки, мени қидирса?

– Сен Маън ибн Зоидасан.

– Аллоҳдан қўрқсанг-чи, мен ким-у, Маън ким?

– Бу гапларингни қўй, мен сени танидим, сен аниқ ўшасан.

Қарасам, у шаштидан қайтадиганга ўхшамаяпти. Шунда унга: «Мана бу гавҳарни доим ёнимда олиб юраман. У Мансур мени олиб борган кишига ваъда қилган пулдан бир неча баравар кўп. Шуни олгин-да, менинг қоним тўкилишига сабабчи бўлиб қолма», дедим. У: «Бер», деди. Гавҳарни унга узатдим. У гавҳарга бир муддат қараб турди-да, «Бунинг қийматини тўғри айтдинг. Мен буни олмайман. Лекин сендан бир нарсани сўрайман. Агар тўғрисини айтсанг, сени қўйиб юбораман», деди. «Сўра», дедим. У шундай деди:

– Одамлар сени жуда сахий дейишади. Айт-чи, молингнинг ҳаммасини ҳадя қилганмисан?

– Йўқ.

– Ярминими?

– Йўқ.

– Учдан бириними?

– Йўқ.

Шундай деб, камайтириб-камайтириб, «Ўндан бириними?» деди. Мен уялганимдан: «Шунақа бўлса керак», дедим. У: «Ўндан бири катта нарса эмас-ку? Менинг халифадан оладиган ойлик маошим йигирма дирҳам. Бу гавҳарнинг нархи эса бир неча минг динор. Буни сенга ҳадя қилдим. Одамлар орасида шуҳрат топган сахийлигинг учун, бу дунёда сендан ҳам сахийроқ одам борлигини билишинг учун, ўзингга юксак баҳо бермаслигинг учун, ўзинг қилган сахийликни паст санашинг учун, сахийлик қилишдан тўхтаб қолмаслигинг учун буни ўзингга ҳадя қилдим», деди. Сўнг гавҳарни қўйнимга ташлаб, туянинг жиловини қўйиб юборди-да, ортига қайтиб кетди.

Мен эса: «Сен мени ёмон уялтирдинг. Бундан кўра қоним тўкилгани яхши эди. Берган нарсамни ол, у менга керак эмас», дедим. У кулиб, «Айтган гапимни ёлғонга чиқармоқчимисан? Мен уни олмайман, яхшилик учун ҳеч қачон пул олмайман», деди ва йўлида давом этди.

Халифанинг ҳузуридан соғ-омон чиққач, уни роса изладим. Уни топган одамга истаганини беришимни айтдим. Аммо топа олмадим. Худди уни ер ютиб кетгандай эди.

«Солиҳлар гулшани» китобидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Табук ғазотида Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига, теридан қилинган қубба остига келдим. Бас, у зот .Қиёматдан давоми...

3621 11:00 / 09.06.2020
Инсониятни ҳидоятга чорловчи, самовий китобларнинг сўнггиси, тиловати ҳам, ҳифзи ҳам, эҳтироми ҳам ибодат, олдинга қўйганларни жаннатга бошлаб борувчи, ортга давоми...

2047 11:20 / 09.09.2019
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳнинг йўлида бир кун рўза тутса, Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш давоми...

1446 18:00 / 30.04.2020
Фазилатли имом, муҳаддис, шайх Муҳаммад Аввома илм ўрганаётган талабаларга қуйидаги уч дуони ҳар куни ўқиб юришни вазифа тарзида тавсия этдилар1. Расулуллоҳ давоми...

6752 10:45 / 13.03.2020
Аудиолар

121492 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42985 14:35 / 11.08.2021