1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қадр кечасининг йигирма еттинчида эканлиги машҳур

18:00 / 29.05.2019 2959 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Зирр ибн Ҳубайш розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Убай ибн Каъбдан:

«Биродаринг Ибн Масъуд «Ким йилни бедор ўтказса, Лайлатул Қадрни топади», дейдими?» деб сўрадим.

«Унга Аллоҳ раҳм қилсин. Одамлар суяниб қолмасин, демоқчи бўлгандир. Аслида у у(кеча)нинг Рамазонда эканлигини, охирги ўн (кунлик)да эканлигини ва йигирма еттинчи кечада эканлигини аниқ билган», деди.

Сўнгра «Иншааллоҳ», демасдан, қасам ичиб, у йигирма еттинчи кеча эканлигини айтди.

«Буни нимага асосланиб айтмоқдасан, эй Абу Мунзир?» дедим.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хабар берган аломат ёки белги асосида. Ўша куни қуёш ёғду сочмай чиқади», деди».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Абу Довуднинг лафзида:

«Аломати нима?» дедим.

«Ўша кечанинг тонгида қуёш кўтарилгунча тоғорага ўхшаб, ёғду сочмайди», деди», дейилган.

Шарҳ: Одатда қасам ичганда «иншааллоҳ»ни қўшиб қўйиш орқали бир оз енгиллик яратиш, мабодо гап нотўғри бўлиб қолса, гуноҳкор бўлмаслик кўзда тутилади.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг Қадр кечаси Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасида эканлигига «иншааллоҳ»ни қўшмай қасам ичишлари эса бунга қаттиқ жазмлари борлигига, масалани аниқ билишларига далолат қилади.

Абу Мунзир – Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг кунялари.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Абдуллоҳ ибн Масъуд одамларга «Қадр кечасини йил давомида излаш керак», деб айтар эканлар. Ушбу фикрни бошқа кишилар ҳам айтганлар.

2. Бу фикрни айтишдан мақсадлари кишилар маълум бир кеча ёки кечаларга эътимод қилиб, ўшаларнигина бедор ўтказиб, йилнинг бошқа кечаларини ибодатсиз, бепарво бўлиб ўтказмасин, дейиш экан.

3. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Қадр кечаси Рамазони шарифнинг йигирма еттинчи кечаси эканлигига жазм қилганлар.

Бутун Ислом уммати ичида ҳам ушбу фикр машҳур. Ушбу фаслнинг номи ҳам шунга далолат қилмоқда.

4. Аниқ билиб, жазм қилган нарсага «Иншааллоҳ», демай қасам ичса ҳам бўлавериши.

5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қадр кечасининг аломати борлиги ҳақида хабар берганликлари.

6. Лайлатул Қадр бўладиган кечанинг тонгида қуёш тоғорага ўхшаб, атрофга ёғду сочмай чиқиши.

Чунки ўша пайтда кўплаб фаришталар чиқиб-тушиб турганлари учун қуёшнинг ёғдусини тўсиб қўяр эканлар.

Демак, Рамазони шарифнинг барча кечаларида бедор бўлиб, ибодат қилишга уриниш билан бирга йигирма еттинчи кечага алоҳида эътибор бериш лозим.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Лайлатул Қадр йигирма еттинчи кечадир», дедилар». 

Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Шарҳ: Рамазони шарифнинг йигирма еттинчи кечасида бедор бўлиб, аҳли аёлини ҳам, ёру дўстларни ҳам ибодатга чорлаб туриш лозим.

Аллоҳ таоло ўша кечанинг баракотидан минг ойлик ибодатнинг ажру савобидан кўра яхшироқ ажру савоб беришидан умидвор бўлиш керак.

Ана шу кечанинг ва ундаги бедорлик, ибодат, намоз, Қуръон тиловати, тавба-тазарруъ ҳамда дуолар фазлидан ўтган гуноҳларни кечиришидан умидвор бўлиш лозим.

Бу ишни ҳар бир шахс, ҳар бир оила, ҳар бир жамоа, ҳар бир қавм яхшилаб йўлга қўйиши керак. Зотан, баъзи бир ҳолларда Қадр кечасини бедор ўтказишга уринмайдиганлар ҳам йўқ эмас. Аммо ўша уринишларда таом, шароб, бекорчи гап-сўзлар ғолиблик даражасига кўтарилиб қолмаслиги керак.

Қадр кечасида намозларини албатта жамоат билан ўқиб, қолган вақтда нафл намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш, зикру дуо қилиш, дийний илм ўрганиш билан машғул бўлиш лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибодатда ихлос ва ният алоҳида ўрин тутади. Ибодатнинг сиҳати, қабул бўлиши ундаги ниятга боғлиқ. Ихлос ва ният шу даражада аҳамиятлики, у билан ибодатлар ухровий давоми...

2096 15:00 / 08.05.2019
Фатво берувчи олим савол сўраган кишига нисбатан муршид ва устоз мақомида бўлади. Шунинг учун фатво сўровчи у билан бўладиган муомаласида одобли бўлмоғи, уни илми давоми...

3466 11:45 / 07.10.2020
.Ёлғон, сўзи араб тилида .кизб, дейилади ва луғатда ростнинг тескарисини англатади.Уламолар ёлғонни қуйидагича таърифлайдиларЖуржоний .Ёлғон ndash хабарнинг давоми...

2105 09:45 / 22.10.2018
Савдода ҳаром қилинган ишлардан бири шариатда ҳаром қилинган нарсаларнинг савдосидир.Ислом шариатида қиймати йўқ ёки ҳаром дейилган нарсаларнинг савдоси билан давоми...

2410 11:03 / 20.11.2018