1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳаром нарсаларнинг савдоси ҳаромдир

11:03 / 20.11.2018 2397 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савдода ҳаром қилинган ишлардан бири шариатда ҳаром қилинган нарсаларнинг савдосидир.

Ислом шариатида қиймати йўқ ёки ҳаром дейилган нарсаларнинг савдоси билан шуғулланиш мутлақо мумкин эмас. Умуман, савдо билан шуғулланмоқчи бўлган одам дастлаб бу борадаги ҳалол-ҳаромни, мумкин ва мумкин бўлмаган нарсаларни, бу борадаги тижорат одобларини яхшилаб ўрганиб олиши шарт. Шундан кейингина яхши ният билан иш бошлайди.

Ўзганинг савдоси устига савдо қилиш ҳаромдир

 Савдода ҳаром қилинган ишлардан бири бировнинг савдоси устига, у баҳолашишни тугатмай туриб савдо қилишдир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши ўз биродарининг савдоси устига савдо қилмасин, ўз биродари совчилиги устига совчилик қилмасин. Фақат унга ўзи изн берса, майли», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган. Бошқа бир ривоятда:

«Мусулмон ўз биродарининг савдолашиши устига савдолашмасин», дейилган.

Ушбу ҳадиси шарифда савдода содир бўлиб турадиган икки хил ишдан наҳйи қилинмоқда:

1. Бировнинг битирган савдоси устига савдо қилиш. 

Бу икки хил кўринишда бўлиши мумкин:

Биринчи кўринишда бировдан нарса сотиб олган одамга: «Савдоингни бузиб, нарсасини қайтариб бер, мен сенга худди шу нарсани арзон нархга бераман», дейди.

Иккинчи кўринишда эса: «Бировга нарса сотган одамга: «Савдоингни бузиб, нарсангни қайтариб ол, мен сенга ундан кўра кўпроқ пул тўлайман», дейди.

Бу кишилар ўртасида келишмовчилик, уруш-жанжал келтириб чиқарадиган бузғунчиликдан иборат ишдир. Эркин бозор қоидасига, одамларнинг баъзилари баъзиларидан фойда олишига зид нарсадир. Шунинг учун ҳам бу нотўғри иш шариатда ман қилинган.

2. Бировнинг савдолашиши устига савдолашиш.

Яъни бир киши бир нарса устида савдолашиб қўйди, ҳали бир йўла сотиб олгани йўқ. Шунда бир одам келиб, сотувчига: «Менга сотсанг, ундан кўп нарх бераман», дейиши мумкин эмас. Ёки харидорга: «Менинг худди шу савдолашган нарсангга ўхшаш нарсам бор, сенга арзонга бераман», дейиши мумкин эмас. Савдо битса, битиб кетди, битмаса, учинчи киши ўз мақсадини айтса бўлади. Бу ишда ҳам бошқаларга зарар келтириш борлиги учун ҳаром қилинган.

Ўйлаб кўрадиган бўлсак, бозор ва савдо соҳасида келиб чиқадиган кўпгина уруш-жанжал, келишмовчиликларнинг асосий сабабларидан бири ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган масаладир. Кишиларнинг Ислом таълимотларидан бехабарликлари, хабардорларнинг мазкур таълимотларга амал қилмасликлари оқибати нима бўлишини шундан ҳам билиб олаверсак бўлади.


“Бозор ва унга боғлиқ масалалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Бакр розияллоҳу анҳу дейдиларТабассум ndash ишонч калити, ҳадянинг чироғи.Инсоннинг сўзи ақлининг баёни, фазилатининг таржимонидир.Инсоннинг фазилати унинг давоми...

2767 07:00 / 09.01.2019
13бобФақиҳ Абу Лайс раҳимаҳуллоҳ айтадилар Баъзи одамлар илм ҳақида баҳсмунозара қилишни ёмон кўришди. Аллоҳ таолонинг.Улар .Бизларнинг илоҳларимиз яхшироқми ёки давоми...

1136 17:08 / 01.11.2020
Мен доктор Фотима бўламан.Тиббиёт факультети. Йилнинг бошида янги ўқитувчи аудиторияга салом бериб кирди ва деди.Бу йилги ўқишларингга омад тилайман. Доимо давоми...

3862 17:00 / 01.12.2021
Муҳаммад ибн Абу Ҳотимдан ривоят қилинади .Абу Заррнинг шундай деганини эшитдим .Муҳаммад ибн Ҳотим Халқонийни тушимда кўрибман. У Муҳаммад ибн Ҳафснинг давоми...

1096 08:00 / 29.07.2020