1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Айб туфайли қайтариш

05:00 / 17.02.2017 2701 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким сути (елинида) тўпланган совлиқ сотиб олса, у одам уни соққанидан кейин икки назардан бирини танлайди: хоҳласа уни олиб қолади, хоҳласа уни бир соъ хурмо билан қайтариб беради. Буғдой эмас», дедилар
». Тўртовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: «Сути (елинида) тўпланган», деганда сотувчи одам ҳайвонни сотишдан олдин соғмасдан сутини елинда тўплаб, елинни шишириб бозорга олиб боради. Харидор сут тўла елинни кўриб, серсут экан, деб қизиқиб сотиб олади. Уйига олиб бориб сутни соғади. Иккинчи соғиш вақти келганда қараса, елинда сут оз. Учинчи мартада ҳам шундоқ бўлганидан кейин у алданганини тушунади. Ана ўша ҳолат юз берганда сотиб олган одам икки ишдан бирини қилиш ихтиёрига эга.
1. Рози бўлса, мазкур ҳайвонни ўзи билан олиб қолаверади.
2. Хоҳласа, алдагани учун сотувчига ҳайвонни қайтариб беради. Сутини соғиб олгани эвазига бир соъ хурмо ҳам қўшиб беради. Бу ҳол, албатта, хурмо кўп юртларда. Хурмоси йўқ юртларда эса ўша юртнинг кўп тарқалган таомидан беради. Ҳадисда қўй зикр қилинган бўлса ҳам, туя, сигир, эчки каби соғиладиган ҳайвонлар ҳам шулар жумласидандир.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Харож зоминлик туфайлидир», дедилар
».
Шарҳ: Бу ҳадисдаги «харож»дан мурод, бир нарсани сотиб олган киши, унинг айби туфайли айниб қолиб, эгасига қайтариб бергунча муддатда келтирган фойдадир.
Мисол учун, бир одам иккинчи шахсдан бир ҳайвон сотиб олди. Савдо вақтида сотувчи беркитган айб вақт ўтиши билан равшан бўлди. Харидор уни қайтариб беришга ҳақи бор. Бу ҳолда янги масала пайдо бўлади. У ҳам бўлса, айнигунигача ўтган муддатда мазкур ҳайвондан фойдалангани ҳақи нима бўлади?
Ана шу саволнинг жавоби биз ўрганаётган ҳадиси шарифдадир.
«Харож (айнигунча келган фойда) зоминлик туфайлидур».
Яъни, ўша пайтда мазкур ҳайвонга зарар етса, ёки камчилик бўлса, ким зомин бўлар эди? Албатта, сотиб олган киши. Шунинг учун ўша вақтдаги фойда ҳам унга бўлади. У айби бор ҳайвонни сотувчига қайтариб беради. Ундан олган фойдаси учун тўлов бермайди. Бу ҳол ҳамма савдо учун умумий ҳукмдир.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон сотувчи ва харидор ихтилоф қилишса ва ораларида ҳужжат бўлмаса, мол эгасининг гапи гап ёки савдони бузадилар», дедилар
». Иккаласини сунан эгалари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда савдодан кейин бир муддат ўтиб савдоси қилинган нарсада айб пайдо бўлиб, орада хилоф чиқса, нима қилиш тўғрисида сўз бормоқда.
Бундай ҳолатда сотувчи ва харидордан қайси бирининг ҳужжати бўлса ёки кучли ҳужжат кимда бўлса, ўшанинг гапи қабул қилинади.
Агар икковининг ҳам ҳужжати бўлмаса, сотувчининг гапи қабул қилинади. Ёки умуман савдони бузиб юборилади.
Бу хилдаги масалалар жуда ҳам нозик масалалардир. Чунки савдо моллари хилма-хил ва улардан турли айблар топилиши мумкин. Оддий кишилар фарқига борадиган айблар, тажрибали кишилар тушунадиган айблар ҳамда мутахассислар биладиган айблар бор. Шунинг учун ҳам бунга ўхшаш масалаларга фиқҳ китобларимизда кенг жой берилган ва ҳар бир масала бир қанча саҳифаларда баён этилган. Бунинг устига, ҳар бир масалага алоҳида ёндашиш, масала иштирокчиларидан яхшилаб сўраб-суриштириш, ҳужжат талаб қилиш, керак бўлса, қасам ичтириш билан ҳал қилинади.
Иқтисодий алоқалар ўта нозик ва бировнинг ҳақига, ҳалол ва ҳаромга боғлиқ бўлгани учун бу ишга Исломда алоҳида эътибор берилган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳга ҳамд, Пайғамбарлик шарафига лойиқ кўрилган элчиларига салоту саломлар бўлсинҚарзни ўташ, ризқ зиёда бўлиши, ризқнинг тезда келиши учун қилинадиган давоми...

16176 05:00 / 17.02.2017
.Қарз, луғатда қирқиш маъносини билдиради. Чунки, қарз берувчи ўз молидан маълум бўлакни қирқиб қарзга беради.Шариатда эса бошқа кишига бир нарсани унинг бадалини давоми...

2613 05:00 / 17.02.2017
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фатҳ йили, Маккада .Албатта, Аллоҳ ва Унинг Расули ароқни, ўлимтикни, чўчқани давоми...

4539 05:00 / 17.02.2017
Уста қиладиган ишининг сифатига, иш берувчи эса керакли ашёлар, иш шароити ва иш ҳақи учун жавоб бериши лозим. Қайси бир томон ғирромлик қилса ҳам, иш бузилади, ҳар давоми...

3602 05:00 / 17.02.2017