Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 9 зулқаъда | 2024 йил 17 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Шукр ҳақидаги ояти карималардан намуналар | Тазкия дарслари (270-дарс)

19:00 / 25 февраль 689 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ

«Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қилади?! Аллоҳ кўп савоб берувчидир, ўта билувчидир» (Нисо сураси, 147-оят).

Аллоҳ таоло ношукр ва кофир бандаларни нима учун азоблайди?

Уларни азоблашдан бирор фойда топадими?

Ёки уларни азоблашдан лаззат оладими?

Албатта, Аллоҳ ношукр ва иймонсизларни азоблашдан ҳеч қандай фойда топмайди ва уларни азоблашдан лаззат ҳам олмайди.

«Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қилади?!»

Бу азобнинг асосий сабаби банданинг шукр қилмагани ва иймон келтирмаганидир. Ношукр ва иймонсиз кимса қилган хатоси эвазига тўғри йўлга қайтсин, деб бу дунёда азобланади. Уни охиратда азоблаш эса ношукрлиги ва кофирлигининг жазосидир. Аслида

«Аллоҳ кўп савоб берувчидир, ўта билувчидир».

Яъни шукр қилган бандаларидан рози бўлади ва уларга улуғ ажрларни беради.

Бу оятда Аллоҳ таоло шукрни иймон билан тенглаштирмоқда.

Аллоҳ таоло яна марҳамат қилади:

ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ

«Бас, Мени зикр қилинг, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилинг, куфр келтирманг» (Бақара сураси, 152-оят).

Юқорида айтиб ўтганимиздек, шукр қилиш неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларини айтиш ва неъматни уни берган Зотнинг розилиги учун ишлатиш билан бўлади. Аммо тили билан шукр деса-ю, амали билан Аллоҳнинг айтганидан бошқани қилса, куфрони неъмат қилган бўлади. Мўмин-мусулмон одам доимо Аллоҳ таолони зикр этиб, Унга шукр қилгандагина, иши олға босади.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло шукрни куфрнинг муқобилига қўймоқда.

Аллоҳ таоло қуйидаги ояти каримада шукрни ибодат билан бир қаторда зикр қилади:

ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ

«Бас, Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсалардан ҳалол-пок ҳолда енглар. Ва агар Унгагина ибодат қиладиган бўлсангиз, Аллоҳнинг неъматига шукр қилинглар» (Наҳл сураси, 114-оят).

Мўмин-мусулмон инсон Аллоҳ таоло унга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсаларни ейиш билан бирга, Аллоҳ таолонинг неъматига шукр ҳам этади. Бу эса Аллоҳ таолога ибодат қилиш доирасига киради. Шунинг учун ҳам оятда: «агар Унгагина ибодат қиладиган бўлсангиз», дейилмоқда.

Бу маъно қуйидаги ояти каримада янада кенгроқ баён қилинган:

ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ

«Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган. Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ва сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғи бошқа кунлардан. Аллоҳ сизларга осонликни ирода қилади ва сизларга қийинликни ирода қилмайди. Саноқни мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки, шукр қилсангиз» (Бақара сураси, 185-оят).

Ҳа, Исломдаги ибодатларни фарз қилиб, бандалик бурчини адо этишга, гуноҳларни ювишга, ажр-савоб олишга шароит яратиб берган Аллоҳ таолони тинмай улуғлаб, Унга доимо шукр қилиш керак. Ҳар бир фарз ибодат бандада Аллоҳ таоло бошлаган ҳидоятнинг қадрига етиш ҳиссини кучайтириши лозим.

Аллоҳ таоло Намл сурасида Сулаймон алайҳиссаломнинг шукрларини шундай баён қилади:

ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ

«Китобдан илми бор шахс: «Мен уни сенга кўзингни очиб-юмгунингча келтирурман», деди. (Сулаймон) у(тахт)нинг ўз ҳузурида қарор топганини кўргач: «Бу Роббимнинг фазлидандир. Мен шукр келтираманми ёки ношукрлик қиламанми, синаш учундир. Ким шукр келтирса, ўзи учунгина шукр қилур. Ким ношукрлик қилса, бас, Роббим ўта беҳожатдир, ўта карамлидир», деди» (40-оят).

Ҳа, Аллоҳ таоло баъзи бандаларига фазлидан бирон неъмат берадиган бўлса, унда синов ҳам бўлади. Банда бу неъматга шукр қиладими ё ношукр бўладими? Яна шуни ҳам унутмаслик керакки, бундай неъматларга шукр ёки куфрони неъмат қилишнинг Аллоҳ таолога ҳеч қандай фойда ёки зарари йўқдир. Нима бўлса, банданинг ўзига бўлади.

«Ким шукр келтирса, ўзи учунгина шукр қилур. Ким ношукрлик қилса, бас, Роббим ўта беҳожатдир, ўта карамлидир», деди».

Шукр қилган банда савоб олади. Аллоҳ унга берадиган неъматларини янада зиёда қилади. Ношукрлик қилган одам эса гуноҳкор бўлади ва Аллоҳ унга берадиган неъматларини узиб қўяди. Бандасининг шукр қилишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ, у карамли Зотдир. У неъматларини Ўз карами ила беради, шукр учун эмас.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ

«Ва Роббингизнинг «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», деб эълон қилганини ҳам эсланг» (Иброҳим сураси, 7-оят).

Шукр неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларини айтиш ва ул неъматни Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлашдан иборатдир. Берилган неъматга шукр этиш инсоннинг тўғри йўлдалигини – мустақим эканини кўрсатади.

Шукр қилувчи инсон Аллоҳ таоло ўзини доимо кузатиб туришини ҳис этади ва неъмат етганда зоҳир бўладиган манманлик, исроф ва шунга ўхшаш салбий ҳолатлардан холи бўлади. Натижада ўзига берилган неъматлардан фойдаланиб, яхши амалларни кўпайтиради.

Неъматга куфронда бўлиш эса унинг Аллоҳ томонидан берилишини тан олмаслик, У Зотга ҳамду сано айтмаслик ва неъматни номаъқул йўлларда ишлатишдан иборатдир. Етган неъматга куфрон этиш уни берган Зотга – Аллоҳга куфр келтиришдир. Бундай одамлар «Менга неъматни Аллоҳ берди», демайди, балки «Унга ўз илмим, ҳаракатим ва усталигим туфайли эришдим», дейди. Шу сабабдан, ўзларидаги моддий имкониятларни ҳаром-хариш, манманлик, шуҳратпарастлик ва шунга ўхшаш салбий йўлларга ишлатадилар. Оқибатда қаттиқ азобга учрайдилар.

Ҳолбуки, шукроналик банданинг ўзига фойда келтиради, холос. Аллоҳ таоло унга эҳтиёжманд эмас.

«Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 14 апрелдаги 03-07/2439-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло инсонни гўзал суратда яратиб, унга жуда кўплаб неъматларни ато этди. Жумладан, махлуқотлардан фақат инсон зотига нутқни берди. Тил шундай воситаки, бир давоми...

5577 05:00 / 01.03.2017
1. Зикр шайтонни қувади ва савалайди.2. Зикр Аллоҳ таолони рози қилади.3. Зикр ғамандуҳларни кетказади.4. Зикр шодлик ва сурурни жалб қилади.5. Зикр қалб ва баданни давоми...

2843 15:00 / 18.11.2018
Аллоҳга итоат этмоқ ndash унинг фарз қилганларини тўкис ҳарфмаҳарф адо этмоқ, ҳаромқилган нарсаларидан қочмоқ ва у чизиб берган чегарадан чиқмаслик давоми...

3407 17:08 / 23.11.2018
Саъид ибн Мусайябдан ибн Абу Дунё ривоят қилади Луқмони ҳаким бир куни ўғлига насиҳат қилиб Эй, ўғилчам Ҳаётингда ўзинг рози бўлган ёки ёқтирмаган неки иш бошинга давоми...

3717 05:00 / 06.03.2017
Аудиолар

121479 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42977 14:35 / 11.08.2021