1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Жаъфар ибн Абу Толибнинг фазилатлари

19:38 / 21.04.2017 4273 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаъфар ибн Абу Толибга:
«Сен менинг халқимга ва хулқимга ўхшадинг», дедилар
».

Термизий ва Бухорий ривоят қилишган.

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари «Сен менинг тана тузилишимга ўхшаш тана тузилишга ва ахлоқимга ўхшаш ахлоққа ўхшадинг», деганларидир. Бу, албатта, ҳар бир инсон учун қанчалар шукр қилса, шунчалар оз бўлган улкан саодатдир.

Уламоларимиз таъкидлашларича, Абду Маноф уруғи ичида беш киши тана тузилиши жиҳатидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга жуда ҳам ўхшашар эди. Ҳатто баъзи кишилар уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга алмаштириб юборишлари ҳам мумкин эди. Улар:

1. Абу Суфён ибн Ҳорис ибн Абдулмуттолиб. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиваччаларидан бири бўлиб, у зот билан эмикдош ака-ука ҳам ҳисобланар эдилар.

2. Қусам ибн Аббос ибн Абдулмуттолиб. У киши ҳам амакивачча бўлиб, Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳунинг ўғиллари. Самарқандда дафн қилинганлар.

3. Соиб ибн Убайд ибн Абди Язийд ибн Ҳошим. Имом Шофеъийнинг боболари.

4. Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набиралари. Ҳазрати Али ва Фотима онамизнинг бош фарзандлари.

5. Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу.

У киши ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиваччалари, ҳазрати Алининг туғишган акалари. Уламоларимизнинг таъкидлашларича, Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ўн ёш катта бўлганлар.

Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ёшликларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўсганлар. Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг оталари Абу Толиб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Абдулмуттолибнинг вафотидан кейин ўз тарбиясига олгани маълум ва машҳур.

Жаъфар Қурайш қабиласи раҳбари ўғли ўлароқ, ўзига хос шароитда ўсди. У ўз отасининг йўлбошчилик ишлари ичида катта бўлиб борар эди. Жаъфарнинг отаси катта ўғли Толибнинг исми ила Абу Толиб кунясини олган Абду Маноф ибн Абдулмуттолиб ҳам худди шундоқ ўсган эди. Чунки унинг отаси Абдулмуттолиб ҳам Қурайшнинг йўлбошчиси эди. Абу Толиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оталари Абдуллоҳнинг туғишган акаси эди. Абу Толиб Қурайшга молу мулки билан эмас, ақл-заковати билар раҳбар бўлган эди. У Қурайшдек катта ва обрўли қабиланинг йўлбошичиси бўлса ҳам, ўзи камбағал яшар эди.

Абу Толибнинг камбағаллиги Маккада қаҳатчилик бошланганда яна ҳам билиниб қолди. У болаларини боқишда, оила тебратишда машаққатга учради. Шунда унинг қариндошлари ёрдамга келдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа амакилари Аббоснинг олдига бориб, Абу Толибнинг иқтисодий етишмовчилигини тушунтириб, унинг болаларидан баъзиларини бўлиб олиб боқишни таклиф қилдилар. Ақийлни Абу Толибнинг ўзига қолдирдилар. Жаъфарни Аббос, Алини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олдилар.

Шундоқ қилиб, Жаъфар Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳунинг қарамоғида ўсди. Қариндошлик алоқаси борлиги учун Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан вақтини бирга ўтказар эди. Жумладан, фаришталар келиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларини тозалаганда ҳам Жаъфар ибн Абу Толиб у зот билан бирга ухлаб ётган эди.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан олдин Масжидул Ҳаромда амакилари Ҳамза ибн Абдулмуттолиб ва Жаъфар ибн Абу Толиб билан ухлаб ётганида уч нафар фаришта–Жаброил, Микоил ва Исрофил алайҳиссаломлар келдилар ва у зотнинг қалбларини тозаладилар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлганларида эса, у зотга дастлаб иймон келтирганлар ичида Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. У киши ўз жуфти ҳалоллари Асмаа бинти Умайс розияллоҳу анҳо билан бирга ҳали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Дорул Арқамга кириб, яширин чақиришни бошламасларидан турибоқ Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг чақириқлари ила Исломни чин қалбдан қабул қилган эдилар.

Бу икки ёш мусулмон ҳам бошқа мусулмонлар қатори мушрикларнинг мусулмонларга олиб борган душманлик сиёсатининг барча аччиғини баҳам кўрдилар.


ҲАБАШИСТОН ҲИЖРАТИ


Тазйиқ ҳаддидан ошиб, ибодат қилиш имкони ҳам бўлмай қолганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам амрлари ила биринчи гуруҳ мусулмонлар Ҳабашистонга ҳижрат қилишга мажбур бўлдилар.

Мазкур муҳожирларга Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу амир эдилар.

Кейинчалик Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу раҳбарлигида яна бир гуруҳ саҳобалар Ҳабашистонга ҳижрат қилдилар. Шундоқ қилиб, у ердаги муҳожир мусулмонларнинг адади саксон уч кишига етди.

Муҳожирлар ўз ҳижратлари туфайли Аллоҳ таолонинг марҳаматларига эришдилар. Улар хавф-хатардан кейин тинчлик-омонликка, тазйиқдан кейин ҳурриятга, машаққатдан кейин енгиликка, очлик-ночорликдан кейин тўқлик-фаровонликка эришдилар. 

Мусулмонлар эришган бу ҳолат уларнинг ашаддий душманлари бўлмиш Қурайш кофирларини бефарқ қолдириши мумкин эмас эди. Қурайшликларга муҳожирларнинг хабари етиб бориши билан қарши чора кўра бошладилар. Улар муҳожирларни ўзларига топширилишини талаб қилиб, Ҳабашистонга ўз элчиларини юборишга қарор қилдилар.

Албатта, кўзда тутилаётган элчилик осон эмас эди. Шунинг учун ҳам қурайшликлар бу ишга яхши тайёргарлик кўрдилар ва элчилик вазифасига ўз ичларидан энг етук кишиларни танладилар. 

Элчилар икки кишидан иборат бўлиб, уларнинг бири Абдуллоҳ ибн Абу Робийъа, иккинчиси Амр ибн Осс эди. 

Қурайшликлар ўз элчиларига Маккадаги энг яхши, нодир нарсаларидан Ҳабашистон подшоҳи ва унинг аъёнларига бериш учун ҳадялар тақдим қилишда ўта сахийлик кўрсатишди.

Икки элчи Ҳабашистонга етиб борганларидан сўнг аввало, подшоҳнинг атрофидаги аъёнларни қўлга олдилар. Уларни ўзлари билан олиб келган ҳадялар ила рози қилдилар. Кейин эса, Ҳабашистон подшоҳи Нажошийнинг қабулига кирдилар. 

Салом-аликдан сўнг элчилар Нажошийга таъзим бажо келтириб:

«Подшоҳнинг юртига биздан баъзи бир эсипаст ёшлар қочиб келдилар. Улар ўз қавмининг динини тарк қилганлар. Сизларнинг динингизга ҳам кирмаганлар. Улар ўзлари янги дин ихтиро қилганлар. Уни бизлар ҳам билмаймиз, сизлар ҳам билмайсизлар. Бизларни ҳузурингизга уларнинг улуғлари–оталари, амакилари ва қабиладошлари қайтариб юборишингизни илтимос қилдилар», дейишди. 

Подшоҳнинг аъёнлари ҳам дарҳол:

«Подшоҳимиз, булар тўғри сўзлайдурлар. Уларни қайтариб беринг», дедилар.

Нажошийнинг ғазаби чиқди. Уларнинг гапини қабул қилмади. Аввал мусулмонлар билан ҳам гаплашиб кўришга қарор қилди. Уларни олиб келиш учун одам юборди. 

Шунингдек, ўзининг диний олимларини ҳам чақиришга амр берди. Ҳаммалари ҳозир бўлганларидан кейин Нажоший мусулмонларга қараб:

«Қавмингиздан ажраб, менинг динимга ҳам, бошқа миллатларнинг динига ҳам кирмай ўзингиз кирган дин қандай дин?» деди. 

Мусулмонларнинг бошлиғи Жаъфар ибн Абу Толиб Нажошийнинг бу саволига жавоб берди:

«Эй подшоҳ! Биз жаҳолат аҳли бўлган қавм эдик. Бутларга ибодат қилар эдик. Ўлимтикларни ер эдик. Фаҳш ишларни қилар эдик. Қариндошлик алоқаларини узар эдик. Қўшничиликни ёмон қилар эдик. Кучлиларимиз кучсизларимизни эзардик. Ана шундоқ бир ҳолатда Аллоҳ бизга ўз ичимиздан Пайғамбар юборди. Биз унинг насабини, ростгўйлигини, омонатлигини ва иффатлигини билар эдик. У бизни Аллоҳга–У зотнинг ёлғизлигига иймон келтиришимизга, У зотга ибодат қилишимизга, У зотдан бошқа ўзимиз ва ота-боболаримиз ибодат қилган тошларни ва бутларни тарк қилишга чақирди. У бизни ростгўй бўлишга, омонатни адо қилишга, қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлашга, яхши қўшничилик қилишга, ҳаромдан ва қон тўкишдан ҳазар қилишга буюрди. У бизларни фаҳш ишлардан, ёлғон сўзлашдан, етимнинг молини ейишдан, покиза аёлларга туҳмат қилишдан қайтарди», деб яна бир қанча нарсани айтиб ўтди. Сўзида давом этиб:

«Биз уни тасдиқладик ва унга иймон келтирдик. Биз у Аллоҳдан келтирган нарсаларга эргашдик. Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қилдик. У зотга ҳеч бир нарсани шерик қилмадик. У зот бизга нимани ҳаром қилса, ўшани ҳаром билдик. У зот бизга нимани ҳалол қилса, ўшани ҳалол билдик. Шунда қавмимиз бизга адоват қилди. Улар бизни азобладилар. Улар бизни динимизда синовга учратдилар. Улар бизни Аллоҳ таолонинг ибодатидан бутларга ибодат қилишга қайтармоқчи бўлдилар. Авваллари ҳалол ҳисоблаб юрган ифлос нарсалари яна ҳалол санашга қайтишимизни хоҳладилар. Улар бизга зулм ва тазйиқ ўтказиб, динимиздан тўсмоқчи бўлганларида сизнинг юртингизга келдик. Эй подшоҳ! Бошқаларни қўйиб сизни ихтиёр қилдик, сизга қўшни бўлишга рағбат қилдик. Сизнинг ҳузурингизда зулмга учрамасак керак деб, умид қилдик».

Заррача ақли, тафаккури, инсофи, одамгарчилиги бор ҳар қандай одам боласини ларзага соладиган бу гапларни Нажоший диққат билан тинглади ва Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга:

«Сенда соҳибингиз Аллоҳдан келтирган нарсадан бирор намуна борми?» деди.

Жаъфар ибн Абу Толиб «Марям» сурасининг аввалидан тиловат қилиб берди. Тиловатни эшитиб, унинг маъносини англаб Нажошийнинг кўзларидан дув-дув ±ш тўкилди. Унинг олимлари ҳам йиғладилар. Уларга Жаъфар ибн Абу Толибнинг пурмаъно сўзларидан кейин тиловат қилган оятлар қаттиқ таъсир қилган эди.

Йиғи-сиғи билан орага тушган сукунатни биринчи бўлиб Нажошийнинг ўзи бузди:

«Албатта, ушбу нарса ва Ийсо келтирган нарса бир чироқдондан чиққандир», деди-да, Қурайш элчиларига:

«Сизлар бораверинглар! Аллоҳга қасамки, буларни сизга топширмайман!» деди.

Элчилар ҳам бўш келишмади. Уларнинг бири– Амр ибн Осс фитна қўзишга уриниб:

«Эй подшоҳ! Улар Ийсо ибн Марям ҳақида катта бўҳтон айтурлар!» деди.

Нажоший мусулмонларга қараб:

«Ийсо ибн Марям ҳақида нима дейсизлар?» деди.

Бу саволга мусулмонларнинг раҳбари Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу жавоб қайтариб:

«Биз унинг ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нима десалар, шуни айтамиз–у Аллоҳнинг бандаси, расули, руҳи ва калимасидир. У зот уни пок ва тақводор Марямга илқо қилгандир», деди.

Бу гапни эшитиб, Нажоший ерга энгашиб бир чўпни олди-да, уни кўрсатиб туриб:

«Аллоҳга қасамки, Ийсо ибн Марям сен айтган нарсага мана шу миқдорича ҳам зиёда қилган эмас», деди.

Сўнгра мусулмонларга ширин сўзлар айтди ва улар омонликда эканларини эълон қилди. Қурайш элчилари ноумид бўлиб, ортларига қайтдилар.

Ушбу ҳодиса Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ақл-заковати, илм-маърифати ва тадбиркорликлари қанчалик улуғ бўлганини кўрсатади. Қурайшнинг энг моҳир икки элчисини енгиб, бошқа бир юрт подшоҳини ўз ғоясига эргаштириш осон эмас. Бунга ҳамма ҳам муяссар бўлавермайди.

Муҳожир мусулмонлар Ҳабашистон ерида тинч-омон истиқомат қилдилар. Ерлик аҳоли билан алоқалари яхши бўлди. Душман ҳужум қилганда мусулмонлар Нажоший аскарлари билан елкама-елка туриб, Ҳабашистон ерини босқинчилардан ҳимоя қилдилар.

Тарихчиларимизнинг таъкидлашларича, Ҳабашистонга биринчи мусулмонларнинг ҳижрат қилиб етиб бориши Пайғамбарлик келганидан кейинги бешинчи санада бўлган.

Кейинчалик, Ҳабашистонда муҳожирлик ҳаётини кечириб турган мазкур мусулмонлар гуруҳига «кема соҳиблари» деб аталган яманлик мусулмонлар ҳам тақдирнинг тақозоси билан қўшилганлар ва уларнинг ҳаммаларига Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу раҳбарлик қилганлар. 

Ўша вақтда мазкур муҳожирлар ичида катта обрўга эга зотлар, жумладан, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳам ўз завжалари, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Руқайя розияллоҳу анҳо билан бирга бўлишган.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чиққанлари хабари бизга Ямандалигимизда етди. Бас, биз–мен ва икки акам, мен иккисидан ҳам кичик эдим, уларнинг бири Абу Бурда, бошқаси Абу Руҳм, ўз қавмимиздан элликдан ортиқ киши билан у зот томон ҳижрат қилиб чиқдик. Кемага миндик. Бас, у бизни Нажошийга, Ҳабашистонга олиб бориб ташлади. Унинг ҳузурида Жаъфар ибн Абу Толиб ва унинг шерикларини кўрдик. Жаъфар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бизни шу ерга юборганлар ва шу ерда туришга амр қилганлар. Сизлар ҳам биз билан туринглар», деди. 

Кейин ҳаммамиз биргаликда келдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хайбарни фатҳ қилганларига тўғри келдик. Бас, у зот бизга ҳам ўлжа бердилар ёки бизга ҳам ундан бердилар. У зот Хайбар фатҳидан ғойиб бўлган бирор кишига ҳам (ўлжа) тақсим қилмадилар. Илло, бизнинг Жаъфар ва унинг асҳоблари билан бўлган кемамиз одамларигагина (ўлжа) тақсим қилдилар. Баъзи одамлар бизга:

«Биз ҳижрат ила сиздан ўзиб кетдик», дедилар. 

Асмаа бинти Умайс Ҳафса розияллоҳу анҳони зиёратига кирди. Шунда Умар икковининг олдиларига келиб қолди ва:

«Бу аёл ким?» деди.

«Асмаа бинти Умайс», деди. 

«Ҳабашистонлик аёлми? Денгизчи аёлми?» деди Умар.

«Ҳа», деди Асмаа.

«Биз сизлардан ҳижрат ила ўзиб кетдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биз сизлардан кўра ҳақлироқмиз», деди Умар.

Шунда Асмаанинг ғазаби чиқди ва:

«Ёлғон айтасан! Эй Умар! Ундоқ эмас! Аллоҳга қасамки, сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлдингизлар. У зот сизларнинг очингизга таом бердилар, жоҳилингизга ваъз қилдилар. Биз эса узоқлик ва ёмон кўриш ерида, Ҳабашистонда бўлдик. Бу Аллоҳ учун ва Унинг Расули учун бўлди. Аллоҳга қасамки, сен айтган нарсани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилмагунимча таом ҳам емайман, шароб ҳам ичмайман! Биз озор чекиб, хавфда қолиб эдик. Буни, албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтаман ва у зотдан сўрайман. Аллоҳга қасамки, ёлғон гапирмайман, бурилмайман ва ўшанга зиёда ҳам қилмайман», деди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келганларида:

«Эй Аллоҳнинг Набийи, Умар бундоқ, бундоқ, деди», деб айтди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«У менга сизлардан ҳақлироқ эмас. Унга ва унинг шерикларига бир ҳижрат бор. Сизларга ва сизларнинг кемангиз аҳлига икки ҳижрат бор», дедилар.

Асмаа айтади:

«Абу Мусо ва кема соҳиблари жамоат-жамоат бўлиб келиб, мендан ушбу ҳадис ҳақида сўрар эдилар. Улар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар ҳақида айтганларидан кўра дунёда каттароқ ва қувончлироқ нарса йўқ эди. Абу Мусо мендан бу ҳадисни қайта-қайта сўрар эди».

Муслим ва Бухорий ривоят қилишган.

Ушбу ривоятнинг қаҳрамони Асмаа бинти Умайс розияллоҳу анҳо Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг хотинлари эканини эслаб қўйишимиз керак. Ўша муҳожирларнинг фазли шунчалик бўлса, уларнинг бошлиғи Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг фазллари қанчалик бўлишини ўзимиз билиб олаверайлик.


ЖАЪФАРНИНГ КЕЛИШИ


Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбарда турганларида Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бошлиқ Ҳабашистонга ҳижрат қилган мусулмонлар қайтиб келдилар. Улар билан баъзи яманликлар ҳам бор эди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлардан изн сўраб, уларга ҳам Хайбарда тушган ўлжалардан улуш бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаъфар ва у кишининг шериклари келганларидан жуда ҳам хурсанд бўлдилар. Жаъфар розияллоҳу анҳунинг пешоналаридан ўпиб, ўзлари билан бирга олиб юрдилар ва:

«Қай бири билан суюнишни ҳам билмайман, Хайбарнинг фатҳ бўлиши биланми ёки Жаъфарнинг келиши биланми?!» дедилар.

Хайбарнинг фатҳ қилиниши Ислом тарихидаги энг муҳим ишлардан бири эканлиги ҳаммага маълум. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг Ҳабашистондан қайтиб келишларини ўша муҳим ишга тенглаштириб, уларнинг иккисидан қай бирини устун кўришни ўйлаб қолишлари, албатта, Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг фазллари қанчалик улуғ эканига ёрқин далил бўлади.


БУЮК ФАЗЛ


Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қазо умрасидан қайтаётганларида Ислом дини одамлар дунёқарашига киритган оламшумул инқилоблардан бири намоён бўлди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукаррамадан чиқмоқчи бўлиб турганларида шаҳидларнинг саййиди Ҳамза розияллоҳу анҳунинг қизлари у зотга эргашиб келди. Уни ҳазрати Али қўлидан тутиб, Фотимаи Заҳронинг олдиларига олиб бориб, амакингнинг қизини ол, дедилар. Ҳазрати Фотима қизчани кўтариб олдилар. Ўша ерда қизчани ўз кафолатига олиш ҳақида Али, Жаъфар ва Зайд талаша кетишди.

Али розияллоҳу анҳу:

«Мен уни олдим. У амакимнинг қизи», деди.

Жаъфар розияллоҳу анҳу бўлса:

«У менинг амакимнинг қизи. Холаси хотиним», деди.

Зайд розияллоҳу анҳу ўз навбатида:

«У менинг биродаримнинг қизи», деди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Хола онанинг ўрнидадир», деб, уни холасига бериш ҳақида ҳукм чиқардилар. Шу билан бирга, қизчани кафолатига олиш учун талашган саҳобаларига илиқ сўзлар айтдилар. Ҳазрати Алига:

«Сен мендансан, мен сенданман», дедилар.

Жаъфар ибн Абу Толибга:

«Менинг халқимга ва хулқимга ўхшадинг», дедилар.

Зайд розияллоҳу анҳуга эса:

«Сен биродаримиз ва мавломизсан», дедилар.

Баъзилар бир етим қизни кафолатга олиш учун талашсалар, нима бўлибди, дейишлари мумкин. Лекин бу талашув бундан минг тўрт юз йилдан зиёдроқ илгари бўлаётганига эътибор бериш керак. Бу талашув кечагина қиз болани ор билган, оиласида қиз туғилса, хафа бўлиб, юзи қорайиб кетадиган, уни тириклай кўмиб юборадиган жамиятнинг аъзолари орасида бўлаётганига эътибор бериш керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Жаъфар ибн Абу Толибга:

«Менинг халқимга ва хулқимга ўхшадинг», дейишлари Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу учун буюк фазл эди. Аввал айтиб ўтилганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халқларига беш киши ўхшар эди. Шунингдек, у зотнинг хулқларига ўхшаш хулқли кишилар ҳам бор эди. Аммо ҳам халқларига, ҳам хулқларига ўхшашликни у зотнинг ўз оғизларидан эшитиш Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга насиб этган эди, холос.


МЎЪТА ЖАНГИ


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бусродаги Рум томонидан тайинланган ҳоким Шарҳабийл ибн Амр Ғассонийга Ҳорис ибн Умайр Аздийни элчи қилиб юбордилар. У бўлса, элчини ушлаб, боғлаб қўйди. Кейин бўйнидан чопиб ўлдирди.

Одатда, элчига ўлим йўқ эди. Аммо насоролар ҳамма амал этадиган қоидага амал қилмай, мусулмонларнинг элчисини ўлдирдилар. Бу ишни уруш чиқариш учун қилишган эди. Элчини ўлдириб қўйиб, яна аскар тўплашни давом эттирдилар. 

Румликлар ўзлари юз минг аскар йиғдилар. Уларнинг Шомдаги иттифоқдошлари ва насроний араб қабилалари ҳам юз минг аскар тўпладилар. Шу икки юз минг аскар билан мусулмонларни йўқ қилиб ташлаш қасдида эдилар.

Саккизинчи ҳижрий сананинг жумадулула ойи эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам румликларга қарши аскар юборишга қарор қилдилар. Уч минг кишилик лашкарга Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни амир этиб тайинладилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озод қилган қуллари эди. Лашкар ичида, катта саҳобалар бор эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни амир этиб тайинлар экан:

«Агар Зайдга бир гап бўладиган бўлса, одамларга Жаъфар ибн Абу Толиб бош бўлади, агар Жаъфарга бир гап бўладиган бўлса, Абдуллоҳ ибн Равоҳа», дедилар.

Лашкар ўз вазифасини адо этиш учун йўлга тушаётганда одамлар чиқиб, уларни кузатиб қолдилар. Бу лашкар олдида узоқ ва машаққатли сафар ҳамда оғир жанглар турар эди. Олдинда уларни ўша пайтдаги энг кучли салтанатнинг мададига суянган аёвсиз душман кутарди.

Ислом лашкари машаққатли сафарни бошидан ўтказиб, «Маъон» деган жойга етиб борди. Ўша ерда уларга Рум ўзларига қарши юз минг аскар тўплагани, уларга Лахм, Жузом, Балқийн, Баҳро, Балий ва бошқа араб қабилаларидан яна шунча адад қўшилганининг хабари етди.

Мусулмонлар бу хабарни эшитганларидан кейин маслаҳат қилиб «Маъон»да икки кун туриб қолдилар. Улар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мактуб ёзиб, душманнинг адади ҳақида хабар берсак, у зот бизга янги кучлардан мадад берсалар ёки бошқа бир амр берсалар, ўшани қилсак» деган фикрга бордилар.

Икки кундан кейин Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу кишиларни шижоатлантириб:

«Эй қавм! Аллоҳга қасамки, сиз қўрқаётган нарса, ўзингиз талаб қилиб чиққан нарса, шаҳидликдир. Биз одамларга қарши сон билан ёки кучу кўплик билан урушмаймиз, фақатгина Аллоҳ бизни мукаррам қилган ушбу дин билан урушамиз. Қани, жўнанглар! Икки яхшиликдан бири–ёки зафар, ёки шаҳидликдан бошқа нарса бўлмайди!» деди.

Одамлар дадил туриб, йўлга тушдилар. Улар юриб бориб, Балқонинг Машориф деган қишлоғига етганларида душман аскарига йўлиқдилар. Душман яқинлаша бошлаганида, мусулмонлар ўзларини «Мўъта» деган қишлоқ томонга олдилар. Ўша ерда икки тараф тўқнашди ва шиддатли жанг бошланди.

Мусулмонларнинг амири Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан берилган байроқни баланд кўтарган ҳолда душманга қарши баҳодирона жанг қилдилар ва шаҳид бўлдилар.

Кейин байроқни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилганларидек, Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу олдилар. У киши ҳам ҳаммага ўрнак бўлиб, жанг қилдилар. Отлари йиқилган эди, отни сўйиб юбориб, пиёда юриб жанг қилдилар. Урушда у кишининг ўнг қўли кесилиб кетди. Шунда у киши байроқни чап қўли билан кўтардилар. Чап қўли ҳам кесилган эди, байроқни икки кесилган қўлнинг қолган қисми ила кўтардилар. Охири шаҳид бўлдилар. 

Мусулмонлар мазкур шаҳиди аълонинг кўкрагидан душман қиличи ва найзаларидан етган тўқсонта жароҳатни топдилар. У душманнинг кўплигидан ҳам, кучлилигидан ҳам тап тортмай жанг қилиб, ўзининг олий мақсадига эришди. У дунёнинг нозу неъматларига ҳам, зебу зийнатларига ҳам заррача қизиқмади.

Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу шаҳид бўлганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилганларидек, байроқни Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу олиб, олға ташланди. У киши отидан тушиб, байроқни кўтарган ҳолда жанг қилади. Душман томон шердек ташланди. Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу ҳам шаҳидлар сафига қўшилди.


ЖАНГ ХАБАРИ


Узоқ-узоқларда жанг олиб бораётган Ислом лашкарининг хабари ўша вақтнинг ўзида Мадинаи Мунавварада тарқаб турар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварадаги саҳобаларига Мўътадаги жанг майдонида бораётган тўқнашув ҳақида бирма-бир хабар бериб турар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларида турганларга:

«Байроқни Зайд олди. У мусибатга учради, байроқни Жаъфар олди. Бас, у ҳам мусибатга учради. Энди байроқни Ибн Равоҳа олди. Бас, у ҳам мусибатга учради» дер ва кўзларидан дув-дув ёш тўкилар эди.

Ниҳоят байроқни Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу олди ва фатҳу нусрат келди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаъфар ибн Абу Толиб ҳақида:

«Аллоҳ унинг икки қўли бадалига икки қанот берди. Улар билан у жаннатда учиб юради», дедилар. 

Шунинг учун ҳам Жаъфар розияллоҳу анҳуни «Икки қанот соҳиби» деб аталади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаъфарнинг хотинига:

«Менга Жаъфарнинг болаларини олиб кел», дедилар. 

Улар ҳозир бўлганларида қучиб, ҳидладилар ва кўзларидан дув-дув ёш тўкиб туриб, Жаъфар розияллоҳу анҳунинг шаҳид бўлганлари хабарини айтдилар.

У зот ўз аҳлларига:

«Оли Жаъфар учун таом тайёрланглар, уларни машғул қиладиган нарса келди», дедилар.

У зотнинг юзларини маҳзунлик қоплаб олган эди.

Мўъта жангидан қайтиб келаётган лашкар Мадинаи Мунавварага яқинлашганда одамлар уларни кутиб олиш учун шаҳар ташқарисига чиқдилар. Кутиб олувчиларнинг бошида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бор эди. Биринчи бўлиб ёш болалар олдинга интилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улов миниб олган эдилар. У зот одамларга қараб:

«Ёш болаларни кўтариб олинглар! Менга Жаъфарнинг ўғлини беринглар!» дедилар.

Одамлар Жаъфар розияллоҳу анҳунинг ўғли Абдуллоҳни олиб келдилар. У зот уни олдиларга ўтқаздилар.

Мусулмонлар Ислом лашкарининг шонли зафарларига ўрганиб қолишган эдилар. Шунинг учун ҳам Мўътадаги уруш уларга Ислом лашкарининг мағлубияти бўлиб кўринди. Улар қайтиб келаётган жангчилар устидан тупроқ сочиб:

«Қочқоқлар! Аллоҳнинг йўлида қочдинглар!» деб бақира бошладилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Йўқ! Улар, иншааллоҳ, қайта ҳужум қилувчилар», дедилар.

Дарҳақиқат, Мўъта жангида иштирок этган саҳобалар қочқоқ эмас эдилар. Улар ўзлари уч минг киши бўлишларига қарамай, ўша замоннинг энг кучли икки юз мингли аскарига тенг келган эдилар. Ўша аёвсиз жангда саҳобалардан фақатгина ўн икки киши шаҳид бўлган эди, холос. Кофирлардан қанча ўлганини Аллоҳнинг Ўзи билади. 

Бунинг устига шунча тўс-тўполоннинг ичида мусулмонлар анчагина ўлжаларни ҳам қўлга киритган эдилар.

Мўъта жанги мусулмонларнинг Арабистон ярим оролидан ташқарида араблардан бошқалар билан биринчи бор тўқнашуви эди.

Бу жангда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари иштирок этмаган бўлсалар ҳам, унда нисбатан кўп одам бўлгани ва катта аҳамиятга эгалиги учун тарихчиларимиз уни «жанг» деб номлаганлар. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иштирок этмаган урушни «сарийя» дейилиши ҳаммага маълум.

Ана ўшандоқ улуғ ҳодисанинг қаҳрамонларидан бири Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу эдилар.

Энди Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ҳақларида келган баъзи ривоятлар билан танишиб чиқамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Одамлар: «Абу Ҳурайра (ҳадис ривоятини) кўпайтириб юборди», дейдилар. Ахир мен қорнимни тўқ билиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни лозим тутар эдим. Хамиртуруш солинган нонни емас эдим. Кимҳоб кийим киймас эдим. Фалончижон ёки фалончихон менга хизмат қилмас эди. Очликдан қорнимни ерга қадар эдим. Мени уйига олиб бориб, таом берса ажаб эмас деб, одамлардан ўзим билган оятни ҳам ўргатиб қўйишини сўрар эдим. Мискинлар учун одамларнинг энг яхшиси Жаъфар ибн Абу Толиб эди. У бизни олиб бориб, уйида нима бўлса, бизни у билан таомлантирар эди. Ҳатто, у бизга ичида ҳеч нарсаси йўқ ёғ идишини олиб чиқиб берар эди. Биз уни ёриб ичини ялар эдик».

Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

Термизий қуйидагини зиёда қилган:

«Жаъфар мискинларни яхши кўрар эди. У уларга гапирар, улар унга гапирар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Абулмасокин куняси билан номлар эдилар».

Шарҳ: Ушбу ривоятда улуғ саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўзларининг энг кўп ҳадис ривоят қилиш мартабасига қандай қийинчиликларни енгиш орқали эришганларини баён қилмоқдалар.

Шу билан бирга, у киши Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг фазлларидан бир улуғ фазлни ҳам кашф қилиб бермоқдалар. У ҳам бўлса, мискинларнинг кўнглини олиш фазилати. Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бой яшамаганлари ушбу ривоятдан ҳам билиниб турибди. Шунга қарамай, у киши мискинларга тинмай яхшилик қилар эканлар. Уларнинг кўнглига бир оз бўлса ҳам равшанлик солишни ўзларига бахт деб билар эканлар. Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу уйларида ҳеч нарса қолмаганда ёғ халталарини бўлса ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга ўхшаш мискинларга олиб чиқиб, уни ёриб, ичига ёпишиб қолган ёғни бўлса ҳам ялатар эканлар.

Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг бу фазилатларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Абулмасокин»–«мискинлар отаси лақабини бериш билан тақдирлаган эканлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Оёқ кийими кийиш, туя миниш ва эгарда ўтиришда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ҳеч ким Жаъфар ибн Абу Толибнинг олдига туша олмас эди».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Албатта, мазкур ишларда ҳаммадан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари турганлар. У зотдан кейин эса, ушбу ривоятда таъкидланишича, Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бўлган эканлар. Бундан у кишининг кийиниш ва ўзини тутиш маданиятига уста зот бўлгани маълум бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жаъфарни жаннатда фаришталар билан учиб юрганини кўрдим», дедилар
».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу бахтга ҳамма ҳам муяссар бўлавермайди. Жаннатга тушишнинг ўзи ҳар бир банданинг олий орзуси. У ерда фаришталар билан бўлиш, у ерда улар билан учиб юриш нур устига нурдир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу қачон Жаъфарнинг ўғли билан сўрашса, «Ассалому алайка, эй икки қанотлининг ўғли!» деб сўрашар эди».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳам олдинги ривоятнинг таъкиди.

Аллоҳ таоло Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан рози бўлсин.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Саъд ибн Абу Ваққос келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мана бу менинг тоғам. Бас, ким менга ўз давоми...

1198 11:30 / 11.11.2023
Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳдан Ислом динини истеҳзо қилувчилардан бирининг мактубини ўқиган ёки ўқимаганлари ҳақида сўрашганда, шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳ давоми...

2494 11:00 / 03.07.2022
...Бу сафарги қаҳрамонимиз бошқалардан фарқ қилади. Ўзи араблардан. Насаби Мудрика номли узоқ бобосида Пайғамбар алайҳиссалом билан бирлашади. Аммо қурайшлик давоми...

10955 20:20 / 21.04.2017
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ҳазрати Алига халифа сифатида байъат қилинганидан кейин фитначилардан ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг қасосларини зудлик давоми...

1421 09:07 / 02.11.2023
Аудиолар

120150 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41812 14:35 / 11.08.2021